Санкт-Петербургдан 400 дан ортиқ муҳожир ҳайдалган

Россия Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри расмийлари маълум қилишларича, шаҳарда ноқонуний яшаб келган 419 муҳожир ўз мамлакатига депортация қилинган. Уларнинг аксари ўзбекистонлик ва тожикистонликлар бўлганлар.

Расмийларга кўра, бу 2017 йил бошидан буён Россиянинг шимолий пойтахтидан бадарға қилинган мигрантларнинг сонидир.

Депортация қилинганларнинг 84 фоизини Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролар, қолганлари Қирғизистон, Украина, Молдова, Ҳиндистон ва Нигерия фуқаролари эдилар, дея хабар беради ҳакамлар ҳайъати матбуот хизмати.

Ўз мамлакатига чиқариб юборилган 419 киши нафақат Санкт-Петербург шаҳри, балки Ленинград вилоятида ҳам ноқонуний ишлаб яшаганларни ўз ичига олади.

Масъулларга кўра, 2012 йилдан буён Петербургдан қарийб 9000 киши депортация қилинган.

Ўз ватанига ҳайдаб юборилган инсонларнинг энди 5 йил давомида Россия Федерацияси ҳудудига киришлари тақиқланади.

Санкт-Петербург шаҳри метросида 3 апрел куни рўй берган портлашдан кейин ноқонуний меҳнат муҳожирларини "овлаш" кучайди.

Текширувлар шаҳардаги катта сондаги Марказий осиёлик мигрантлар меҳнат қиладиган қурилиш майдонларида ҳам ўтказилган.

3 апрель кунги портлаш ортидан Санкт-Петербургдаги нолегал мигрантлар "қўрққанларидан иш тугул, ҳатто, кўчага чиқолмай" қолишганини айтишган.

Агар, маҳаллий фаолларнинг ҳисоб-китобларига таянилса, ҳам ўзбекистонлик ва ҳам жами марказий осиёлик мигрантларнинг сони бўйича Санкт-Петербург пойтахт Москвадан кейин иккинчи ўринда туради.

Санкт-Петербургда ярим миллионга яқин ўзбекистонликнинг меҳнат қилиши айтилади.

Россия расмийларига кўра, Санкт-Петербург метросидаги портлашни Акбаржон Жалилов содир этган.

Акбаржон Жалилов Қирғизистон жанубида туғилган ўзбек бўлган.

Акбаржон Жалиловнинг Россия фуқаролигини 2011 йилда олгани, бунга унинг отасининг Санкт-Петербургда узоқ йиллар яшагани асос бўлгани хабар қилинган.

Аксар таҳлилчиларда Акбаржон Жалилов ҳақиқатдан ҳам Санкт-Петербургдаги террорчилик хуружининг ташкилотчисими, деган саволлар ҳам юзага чиққан, бу саволларга тергов якунида жавоб топиш мумкин, аммо айрим кузатувчилар бу саволларга ойдинлик киритилишига шубҳа ҳам қиладилар.

Санкт-Петербург метросидаги портлаш 3 апрел куни тушки соат 14:30 ларда рўй берган.

Метронинг "Сенная площадь" ва "Технологический институт-2" бекатлари ўртасида бораётган вагон портлаган.

Россия терговчиларига кўра, худкуш ҳужумчи ўзининг ёнидаги портловчи моддани портлатган ва бу худкуш ҳужумчи Акбаржон Жалилов бўлган.

Оқибатда ўн беш инсон ҳалок бўлган.

Бундан ташқари метронинг "Қўзғолон майдони" бекатида қўлбола бомба ҳам топилган.

Терговчиларнинг тахминича, портлашни ташкил қилишда гумон қилинаётган Акбаржон Жалилов аввал бомбани "Қўзғолон майдони" бекатида қолдирган, сўнг вагон ичида ўзини портлатган.

Россия терговчилари ушбу тергов доирасида саккиз киши ҳибсга олингани, улар бир террорчилик гуруҳининг аъзолари деб гумон қилинаётгани ҳақида хабар тарқатганлар.

Қамоққа олинганларнинг олти нафари Санкт-Петербургда, иккитаси Москва шаҳрида бўлганлари, уларнинг ҳаммаси Марказий Осиё республикалари фуқаролари экани айтилган.

17 апрелдаги маҳкама Акбаржон Жалиловни Россия фуқаролигидан маҳрум этиш ҳақида қарор чиқарган.

11 май куни портлашга алоқадорлик гумони билан қўлга олинган уч нафар ўзбек расман "террор"да айбланган.

Санкт-Петербург метросидаги портлашга масъулиятни 'Имом Шомил батальони' ўз зиммасига олиб чиққани хабар қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.