Усмонов Навальнийга янги видеомурожаат билан чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи ALISHER USMANOV/YOUTUBE
Image caption Усмонов Навальнийни "айтган сўзларига жавоб беролмаслик"да айблаган.

Миллиардер Алишер Усмонов мухолифатчи Алексей Навальнийга янги видеомурожаат билан чиққан.

Ўзининг YouTube каналида эълон қилган видеомурожаатида Усмонов Навальнийни машҳур рус ёзувчиси Михаил Булгаковнинг "Итюрак" асаридаги Шариковга ўхшатган.

Ўз навбатида Навальний Алишер Усмоновни юзма-юз баҳсга рози бўлмагани учун маломат қилган.

Уч дақиқалик видеороликда Алишер Усмонов Навальнийдан баҳсга чорловни эмас, балки кечирим сўрашини кутганини айтган.

"Бунинг ўрнига, - деган асли ўзбекистонлик миллиардер, - мен ундан навбатдаги ҳақорат, ёлғон ва арзон популизмни эшитдим".

Усмоновнинг сўзларига кўра, "буюк рус ёзувчиси Михаил Булгаков ўзининг "Итюрак" асарида аллақачон бу каби персонажнинг қиёфасини чизиб кетган.

Асар қаҳрамони Полиграф Шариков "фақат тортиб олиш ва бўлиш ҳақида ўйлайди, холос".

Усмонов v Навальний: Ўзбеклар ким томонда?

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Алишер Усмонов Навальнийга видеомурожаат билан чиққан.

"Сен, Алексей Полиграфыч, унинг муносиб давомчиси бўляпсан",- деган Алишер Усмонов.

Миллиардерга кўра, Навальний айтган сўзлари учун жавоб беришдан қочмоқда.

"Биринчи қадамни қўй-да, ҳеч қурса, хато қилганингни тан ол, енгил тортасан", - деган у.

"Яна бир марта тупурдим сенга!"

Навальнийнинг юзма-юз баҳсга чорловини шарҳларкан, Усмонов бу каби баҳс "ҳақиқат ва ёлғон ўртасида" кечишини айтган.

"Энди мунозара судда бўлади. Яна бир марта тупурдим сенга", - деган миллиардер.

Ўз навбатида Навальний ҳам жавоб ролигини эълон қилиб, Усмоновнинг баҳсдан воз кечиш қароридан таассуф изҳор қилган.

"Алишер Бурхонович, баҳсни рад этганингиздан жуда ҳам афсусдаман. Аммо рад жавобининг сабабини тўғри изоҳлаганингиз таҳсинга лойиқ-бу каби баҳс ҳақиқат ва ёлғон ўртасида кечган бўлур эди. Айнан шундай. Одамлар сизнинг ёлғонингизни жуда тез билиб олишади. Шунинг учун ҳам сиз қўрқдингиз", - деган россиялик мухолифатчи.

Алишер Усмонов Навальнийга биринчи видеомурожаатини 18 май куни эълон қилганди.

Унда миллиардер Навальний жамғармасининг ўзига қарши айбловларига жавоб қайтарган.

Бунга қадар Усмонов Навальнийни маҳкамага берганди.

Навальний Усмоновнинг видеомурожаатига жавоб бериб, унга нисбатан илгари сурилган айбловларни такрорлаган ва Усмоновни баҳсга чақирган.

Алексей Навальний шу йил мартида Усмонов Бош вазир Медведевга сарой совға қилганини иддао қилган.

У Алишер Усмоновни "жиноятчи" деб атаган ва Россияда бир тийин ҳам солиқ тўламаслигини айтган.

Маҳкама арафасида Навальнийга видеомурожаат билан чиққан Усмонов бу айбларни рад этган.

"Тупурдим сенга, Алексей Навальний!" дея якунлаган ўзининг биринчи видеомурожаатини дунёдаги энг бой ўзбек.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02