Россияга бораётган ўзбеклар сони ортган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Марказий осиёлик мигрантлар орасида энг кўпини ўзбеклар ташкил этади.

Шу йил бошидан буён Россияга сафар қилган ўзбек меҳнат муҳожирларининг сони 600 мингга етган.

Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев ўзбекистонлик ҳамкасби Абдусалом Азизов билан Тошкентдаги учрашуви чоғида маълум қилган.

Sputnik агентлигининг Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига иқтибосан хабар қилишича, ҳозирда Россияда 1 миллион 700 минг Ўзбекистон фуқаролари бор.

"Биз бу соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлашимиз керак, чунки ҳаётнинг ўзи шуни тақозо этмоқда",-деб айтган Россия ИИВ раҳбари.

Колокольцев икки давлат ҳукуматлари ўртасида ноқонуний муҳожирликка қарши кураш ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш дўйича тузилган комиссиялар фаолиятини жонлантириш зарурлигини айтган.

Россия Ички ишлар вазири Президент Шавкат Мирзиёев билан ҳам учрашган.

Расмий хабарда айтилишича, учрашув чоғида меҳнат муҳожирлигининг долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Жумладан Ўзбекистон фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини ташкиллаштирилган асосда амалга оширишга доир келишув бу борадаги қатор муаммоларни ҳал этиши таъкидланган.

Ҳар йили юз минглаб ўзбекистонликлар мавсумий ишлар учун Россияга сафар қилишади.

Ўзбеклар Марказий Осий давлатлари орасида Россиядаги мигрантлар сони ва пул жўнатмалари бўйича биринчи ўринда.

Таҳлилчиларга кўра, охирги 10 йилда ўзбек меҳнат муҳожирлари уйларига юборган пул-маблағлар ўзбек сўмини бутунлай барбод бўлишдан асраб қолган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02