Муаммонинг ечими нимада: сўздами ва ё зўрда?

Толибон Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

АҚШ баробарида Нато ҳам Афғонистондаги ҳарбийлари сонини яна оширмоқчи.

Айни масалани Брюсселдаги иттифоққа аъзо давлатлар раҳбарларининг пайшанба кунги йиғини чоғида кўтармоқчи.

Худди шу манзарада афғон можаросига сиёсий йўлда ечим топиш масаласига ҳам эътибор қаратмоқчи.

"Толибон билан алоқалари"ни назарда тутиб, Россияни ҳам сулҳ жараёнига қўшилишга ундаб кўрмоқчи.

Нато АҚШ бошчилигидаги иттифоққа қўшилиб, улар билан бирга ИШИД жангарига гуруҳига қарши курашни ҳам кучайтирмоқчи.

Буёғи-чи? - Тафсилотлари видеомулоқотимизда.

2014 йилги оммавий сафарбарлик ортидан қўшни Афғонистонда қолаётган Нато бошчилиги остидаги хорижий иттифоқ қўшинларининг сони 10 мингдан ортади.

Аммо улар таркибида бўлган Америка аскарларигина Афғонистонда ҳарбий амалиёт олиб боришга ҳақли саналишади.

Уларнинг ваколатлари шу йил якунида расман поёнига етади.

Президент Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмурияти эса, ҳалича бу ҳарбийларнинг тақдири борасида ўз сўзини айтмаган.

Агар, НАТО ва Америка ўзининг янги режаси юзасидан бир тўхтамга келса, бу - Афғонистондаги хорижий иттифоқ қўшинлари сонининг камида 5 мингтага ортишини англатади.

Афғонистон миллий бирдамлик ҳукумати эса, воқеаларнинг бу каби ривожига аллақачон рози.

Ўтган икки йил ичида бутун Афғонистон бўйлаб хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашган.

Амалда бўлган жангари гуруҳлар сафига ИШИД ҳам қўшилган.

Айни шу "жангари гуруҳ хавфига қарши" Россия Афғонистон масаласида фаоллашиш ҳаракатига тушиб қолган.

"АҚШнинг зиддига кузатилаётган бу каби фаоллашув" минтақада янги прокси уруши хавфини пайдо қилган.

Дунёнинг бу икки қудрати ўртасида янги геосиёсий ўйинлар қайта кучайиши эҳтимолини юзга келтирган.

Шу вақт оралиғида Афғонистон бераётган аскарий ва инсоний талофатлар яна рекорд сонга етган.

Агар, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳисоботига таянилса, биргина ўтган йилнинг ўзида 3 мингдан ортиқ қурбон берилган.

"Бунақаси эса, Афғонистонда 2009 йилдан буён кузатилмаган. Инсоний талофатлар шиддат билан ортишда давом этмоқда".

Аммо Афғонистонда Толибон тузуми қулатилган ўтган 16 йил давомида олиб борилган ҳеч бир саъй-ҳаракат афғон можаросига якун ясай олмаган.

Шундай экан, НАТО ва Америка ўзининг Афғонистонга оид янги режалари билан нималарни кўзламоқда?

Бу ҳафталик "Сўз Сизга" дастуримиз худди ана шу савол атрофида уюштирилган - назардан қочирманг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02