'Қозоқлар Россияга фақат ўқиш ва саёҳатга келишади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK
Image caption Динара Искакова Санкт-Петербургга таҳсил олиш учун келганини айтади

Россиядаги 2017 йилнинг илк уч ойида қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари ватанларига жўнатган пул ҳажми 433 миллион долларни ташкил этган.

Қирғизистон Миллий Банкига таяниб берилган хабарга кўра, бу ўтган йилнинг худди шу даври билан солиштирганда 67 фоиз кўпдир.

Маълумки, Ўзбекистон Россиядаги меҳнат муҳожирлари сони бўйича МДҲда биринчи ўринни эгаллайди.

Мазкур рақам расман 1,5 миллион дейилса-да, аслида Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар 3 миллиондан ортиқ экани тахмин қилинади.

Марказий Осиё давлатларидан яна Тожикистон, Қирғизистон ҳам меҳнат муҳожирлари "етиштириб бериш" бўйича юқори ўринларда.

Қўшни Қозоғистон ҳақида гапирилганда эса бошқача манзара чизилади.

Маълумотларга кўра, Россиядаги қозоқлар сони 45 минг нафар атрофида ва уларнинг аксари малакали мутахассислардир.

BBCUZBEK суҳбатлашган қозоғистонлик Динара Искакова Санкт - Петербургга олий таълим олиш учун келганини айтади

"Петербургда қозоқлар сони у қадар кўп эмас. Мен буни сезаман. Ўзбеклар ва қирғизлар кўзга кўпроқ ташланади. Ўзбекча сўзлашувлар тез-тез қулоғингизга чалинади. Қозоқлар билан эса, ижтимоий тармоқда гуруҳимиз бор. Ўтиришлар ташкил қилинади. Кутубхоналар, конференция заллари, клублар, қаҳвахоналарга борамиз. Улар асосан ёшлар, хусусан, талабалар. Мактабни битирибоқ, ўқишга келганлар. Ёши катта қозоғистонликларни деярли учратмадим. Менга тенгдошлар бор, аммо улар ҳам ҳамон ўқишади. Магистратура, аспирантураларда таҳсил олишади. Яна шу ижтимоий тармоқлар орқали таниш бўлган қозоқлар борки, улар шу ерда туғилиб, катта бўлишган. Шу ернинг фуқаролари. Бундай қозоқлар сони ҳам жуда кам. Хуллас, бу ердаги қозоқларнинг аксари талабалар, кечаги мактаб ўқувчилари", дейди у.

Муҳожирликнинг қаттиқ нони

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02