Россия-ўзбек муносабатлари 'яхши томонга ўзгарган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи zatulin.ru
Image caption Затулиннинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати Россиядаги ўзбекларни ҳимоя қиляпти.

Россия Думасининг МДҲ бўйича қўмитаси раиси Константин Затулин Ўзбекистонда раҳбарият ўзгариши ортидан муносабатлар "яхши томонга ўзгараётгани"ни айтган.

Затуллининг айтишича, Ўзбекистоннинг янги ҳукумати Россиядаги ўзбек мигрантларининг муаммолари билан яқиндан шуғулланишни бошлаган.

Дума мулозимининг Москвада ўтган матбуот анжуманида айтишича, ўзбек ҳукумати Россия ҳудудидаги фуқароларининг манфаатларини ҳимоя қилиб, уларни ишга жойлаштириш юзасидан мурожаатлар қилмоқда.

Затулин ўзбек томони ўз манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қилаётгани ва мутлақо тўғри қадам эканини таъкидлаган.

"Биз ҳам ўз навбатида, хориждаги фуқароларимиз ҳақида шундай қайғуришимиз ва фуқаролик ё-да яшаш ҳуқуқини олишлари масаласида уларни худди шундай ҳимоя қилишимиз керак", дея Затулиннинг сўзларидан иқтибос келтирган Sputnik агентлиги.

Дума мулозими Ўзбекистонда икки фуқаролик жорий этилиши ғоясини қўллаб-қувватламаган.

Унга кўра, бу каби қадам Ўзбекистондан Россияда "мигрантларнинг оқиб келиши"ни англатади.

Айни пайтда у Ўзбекистондаги, ўзининг сўзларига кўра, "1 миллион руслар" орасидан Россияга ихтиёрий кўчиб келишни истаганларга кўмак кўрсатишга тайёр эканликларини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02