Энди лицензиялар тортиб олинмас?

тўн

Узоқ йиллик мажбурий танаффусдан сўнг Ўзбекистон саҳналарига қайтган машҳур ўзбек хонандаси Юлдуз Усмонова энди Тожикистонда ҳам концерт бера бошлади. Тожикистон саҳналарига ўзбек хонандаларининг қайтиши, бундай чиқишларнинг мунтазам бўлишига умид уйғотган.

Усмонова аввал Хўжанд яқинида концерт берди. Концерт ўтган макон - Миллий боғ Хўжанддан анчагина нарида жойлашганига қарамай, Юлдуз Усмоновани кўриш ва қўшиқларини тинглаш учун юзлаб мухлислар йиғилишган. Чипта баҳоси ҳам уларни чўчитмаган.

Ўртача чипта 300 сомонийга ё 35 долларга яқин нархда сотилган. Бу Тожикистонда ўтадиган бошқа ҳофизлар концертига қараганда камида ўн баравар қимматдир.

200 долларни пул билмаганлар ва 300 сомонийни ҳамёни кўтармаганлар

«Мен Юлдуз Усмонованинг Тошкентдаги концертига бориш учун 200 доллардан кўп пул сарфладим. Ўзимизда бўлиб ўтган концерт жуда арзонга тушди», дейди санъаткорнинг ашаддий мухлиси эканини айтган хўжандлик Мадина исмли аёл.

Лекин маҳаллий кузатувчи Хадича Маҳмудованинг айтишича 300 сомонийлик концерт кўриш кўплаб тожикистонликларга насиб этмайди. Чунки маоши бу маблағга қараганда икки бараваргина зиёд бўлган кишиларнинг гарчи ўзлари севган хонанда бўлса-да, унинг концертига чипта сотиб олиш учун ҳамёнлари кўтармайди.

Лекин Юлдуз Усмонова концертида қатнашган мухлисларидан бирининг айтишича ташкилотчилар томошабинлар имконияти билан ҳам ҳисоблашишган.

«Биз Юлдузни кўриш учун 120 километр узоқликдан, Ашт туманидан келдик. Концертни тик туриб томоша қилганлар ҳам кам эмасди. Эшитишимизча, уларга юз сомонийлик чипта сотилган экан», дейди бу мухлис.

Юлдуз Усмонова Душанбеда икки кун концерт берган.

Тўн ва дўппи - эҳтиром рамзи

Юлдуз Усмоновадан кейин Тожикистонда ўзбекистонлик бошқа бир хонанда - Ўлмас Оллоберганов концерт берди. Бу концерт Жаббор Расулов тумани марказидаги Маданият саройида бўлиб ўтди.

"Мен тожикистонлик санъаткорлар ижодини мунтазам кузатиб бораман. Айниқса, Жўрабек Набиев, Ўринбек Ҳамдамовларнинг мухлисиман", деган Ўлмас Оллоберганов маҳаллий журналистлар билан суҳбатда.

Тожикистонда хизмат кўрсатган артист Ўринбек Ҳамдамов Ўлмас Оллобергановга тўн ва дўппи кийгазар экан, Тожикистонда унинг «Кутаман» ва бухороча мавригий йўлида айтадиган қўшиқлари мухлислари кўплигини айтган.

Бу концертлар Тожикистонда Ўзбекистон маданияти кунларидан сўнг кўп ўтмасдан бўлиб ўтди. Маданият кунлари қатнашчилари - Ғуломжон Ёқубов, Маҳмуд Намозов, Собиржон Мўминов, Анвар Собиров, Севинч Мўминова, Илёс Арабов. «Ўзбекистон» ансамбли қатнашчилари ижросидаги куй-қўшиқ, рақслар Тожикистон пойтахти - Душанбе, Қўрғонтепа ва Турсунзода шаҳарларида ўтказилган концертларга йиғилган юзлаб мухлислар томонидан қизғин кутиб олинган.

Дарахт устидаги томошабинлар

Тожикистонликлар бу каби концертларнинг энди кети узилмаслигига ишонишади. "Биз-ку, ўзбекистонлик кўплаб санъаткорлар санъатидан баҳра олганмиз. Эсимда, Хўжанддаги ўша пайтларда Пушкин номли, ҳозирги Камол Хўжандий номли боғдаги ёзги театрга машҳур Маъмуржон Узоқов келгандилар. Йигирма яшар йигит эдим. Чипта етишмай, дарахтлар устига чиқиб томоша қилганмиз. Орадан 55 йил ўтган бўлса-да, Маъмуржон Узоқовнинг ўта ёқимли, жарангли овозлари, микрофонсиз айтган қушиқлари қулоғимдан нари кетмайди".

Бу гапларни айтган хўжандлик етмиш беш ёшли Шариф ота ўзбекистонлик санъаткорларнинг фақат концерт бериш учун эмас, тўйларга ҳам мунтазам келиб туришганини айтади.

"Хўжандда, унинг атрофидаги қишлоқларда бўлиб ўтган тўйларда Комилжон Отаниёзовни, Фахриддин Умаровни. Таваккал Қодировни, Олмахон Ҳайитовани, Шерали Жўраевни кўрганмиз", дейди Шариф ота.

Лекин айниқса кейинги ўн йилда Тожикистондаги тўйларга ўзбекистонлик санъаткорларни олиб келиш қийин бўлиб қолган. Кузатувчиларнинг айтишларича, бу биринчидан тўй эгалари учун жуда қимматга тушади, иккинчидан, жуда кўплаб ўзбек санъаткорлари Тожикистонга бора олмасликларини, агар борсалар, лисензияларидан маҳрум бўлиб қолишлари мумкинлигини айтишар экан.

Айни бир пайтда тожикистонлик санъаткорлар ҳам Ўзбекистонда мухлислари кўплиги, лекин анчадан буён қўшни мамлакатларда концерт бериш имкони йўклигидан ёзғиришади. Ўзбекистонлик санъат мухлислари эса, Жўрабек Муродов, Барно Исокова ва унинг қизлари София ва Берта Бадалбоева ижросидаги концертларни маза қилиб томоша қилишганини эслашади.

Қодир аканинг концертларига жон-жон деб тушардим

«Биз тожикистонлик хонандалар Қодир Мирашуров, Абдурауф Олимовлар қўшиқларини севиб тинглаймиз. Қодир аканинг концертлари бўлса, жон-жон, деб тушардик. Ҳозир бу икки санъаткорнинг қўшиқларини ўзимиздан Дилшод Раҳмон, Наргиз, Баҳром Назаров, Саъдулла Бадалов каби ҳофизлар айтишяпти», дейди бекободлик Мансур.

Тожикистонлик ўн минглаб санъат мухлислари икки қўшни халқ санъаткорларининг ҳамкорликлари кучайиши, ўзлари севган хонандалар концертларини ўтказиш худди аввалги йиллардагидек мунтазам тус олишига умид қилишади.

Бу умидни эса, жорий йилда Душанбеда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган хилма-хил товарлар кўргазмасининг очилиши, Душанбе-Тошкент, Тошкент-Душанбе йўналишида учоқлар парвозининг йигирма беш йилдан сўнг тикланаши ва эндиликда Ўзбекистонда Тожикистон маданияти кунлари ўтказишга тараддуд кўрилаётгани кучайтирмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ