Усмонов-Навальний баҳси: энг яхши мем учун iPhone

Фото муаллифлик ҳуқуқи VYACHESLAV PROKOFYEV/TASS

Миллиардер Алишер Усмонов ўзининг мухолифатчи Алексей Навальнийга видеомурожаатига бағишланган энг яхши мемлар учун танлов эълон қилган.

Усмонов ўзининг "ВКонтакте" даги саҳифасида энг яхши мем муаллифларини ҳар ҳафта iPhone 7Plus ақлли телефонлари билан тақдирлаб боришини айтган.

Шунингдек, у ўзига ёққан мемларни шахсий саҳифасида чоп этиш ва ғолибларни ўз дастхати ёзилган футболкалар билан тақдирлашга ҳам ваъда берган.

Алишер Усмоновнинг айтишича, у ўз видеомурожаатини айнан айфонга ёзган.

"Мен ҳазил ва ҳажвни жуда қадрлайман ва ўз видеом орқали стикер, карикатура, пародия, видео ролик ва мемларнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлганимдан мамнунман", - деб айтган асли ўзбекистонлик миллиардер.

У ўзига ёққан дастлабки ижод намуналарини ҳам тилга олган, бу Усмоновнинг видеомурожаати, "Итюрак" фильмидан парча ва Telegram стикерлари асосида ишланган лавҳа бўлган.

"Тупурдим сенга!"

Алишер Усмонов Навальнийга биринчи видеомурожаатини 18 май куни эълон қилганди.

Унда миллиардер Навальний жамғармасининг ўзига қарши айбловларига жавоб қайтарган.

Бунга қадар Усмонов Навальнийни маҳкамага берганди.

Навальний Усмоновнинг видеомурожаатига жавоб бериб, унга нисбатан илгари сурилган айбловларни такрорлаган ва Усмоновни баҳсга чақирган.

Алексей Навальний шу йил мартида Усмонов Бош вазир Медведевга сарой совға қилганини иддао қилган.

У Алишер Усмоновни "жиноятчи" деб атаган ва Россияда бир тийин ҳам солиқ тўламаслигини айтган.

Маҳкама арафасида Навальнийга видеомурожаат билан чиққан Усмонов бу айбларни рад этган.

"Тупурдим сенга, Алексей Навальний!" дея якунлаган ўзининг биринчи видеомурожаатини дунёдаги энг бой ўзбек.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02