Кобулдаги портлашда ўнлаб инсонлар ҳалок бўлган

Портлашда жароҳатланган кишига ёрдам Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Афғонистон пойтахти Кобул марказида рўй берган жуда кучли портлаш оқибатида 80 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган, 300 дан зиёд киши жароҳатланган.

Портлаш президент саройи ва хорижий элчихоналарга яқин жойда содир этилган.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Бу пайтда кўпчилик иш, ўқиш ва ўз юмушига отланган бўлган.

"Бу Германия элчихонаси яқинидаги портловчи модда тўлдирилган автомобиль бўлган, лекин яқин-атрофда бошқа муҳим муассасалар ҳам бор. Нима нишонга олинганини айтиш қийин", деб айтган Кобул полицияси вакили.

Расмийларга кўра, худкуш ҳужумчи ўзининг бошқарувидаги юк автомобилини портлатган.

Германия элчихонасининг Афғон қўриқчиси ҳалок бўлган, бир неча элчилик ходими жароҳатланган.

Жароҳатланганларнинг аксари тинч аҳоли вакиллари бўлганлар.

Портлашда Би-би-си ходимларини ишга олиб кетаётган Би-би-сининг Кобулдаги идораси ҳайдовчиси Муҳаммад Назир ҳалок бўлган.

Машинада бўлган тўрт Би-би-си ходими жароҳатланган.

Портлаш шунчалик кучли бўлганки, бир неча юз метр узоқликдаги биноларга ҳам шикаст етказган.

Интернет социал тармоқларида эълон қилинган суратларда шаҳар осмонида улкан тутун кўтарилганини кўриш мумкин.

Шаҳар маркази полиция томонидан ўраб олинган.

Охирги ойларда Кобулда тинч фуқаролар ўлимига олиб келган бир неча ҳужумлар содир этилди.

Сал олдинроқ худкуш ҳужумчи АҚШ элчихонаси олдида НАТО ҳарбий карвонини нишонга олгани оқибатида тўққиз тинч фуқаро ҳалок бўлган эди.

Бирор бир гуруҳ портлаш масъулиятини зиммасига олмаган, бироқ бундан олдин Толибон ўзининг баҳорги ҳужумларини бошлаши ҳақида эълон қилган.

Толибон Кобул ҳужуми борасида баёнот тарқатиб, портлашга алоқаси йўқлигини эълон қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ