ИШИД ми, Толибон ва ёки?..

Кобул Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Афғонистон пойтахти Кобулнинг қоқ бағрида уюштирилган, ўнлаб инсонларни ўлдириб, яна юзлабини яралаган қонли худкушлик ҳужумига масъулиятни ҳали-ҳануз бирор бир гуруҳ расман ўз зиммасига олиб чиқмаган.

Мамлакатнинг бу яқин тарихидаги энг ҳалокатлиларидан бири сифатида эътироф этилаётган ҳужум бугун тонгги соатларда амалга оширилган.

Махсус жонли дастуримизни мана бу ерда томоша қилинг.

Ишонилишича, худкуш ҳужумчи ёки ҳужумчилар йирик миқдордаги портловчи модда жойлаштирилган юк машинаси ёки сув танкерини пойтахт Кобулнинг энг кучли қўриқланувчи, дипломатик ваколатхоналар жойлашган ва президент саройига яқин сатҳигача ҳайдаб кириш ва портлатишга муваффақ бўлган.

Камида 80 нафар инсонни ўлдириш баробарида 350 дан ортиғини яралаган.

Ҳужум Афғонистон Толибон ҳаракатининг бу йилги баҳорги амалиётига оид баёнотида бор-йўғи саноқли ҳафталар ўтиб рўй берган.

Аммо ҳаракат мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойида уюштирилган бу ҳалокатли ҳужумга ўзларининг бирор бир алоқалари йўқлигини айтиб чиққан.

Бошқа томондан, Толибоннинг ўзи худди шу қисқа вақт оралиғида ўнлаб инсонларнинг умрларига зомин бўлиб улгурган.

Шу ой бошида Кобул саҳна бўлган ва НАТО карвони нишонга олинган ҳужумга масъулиятни эса, ИШИД жангари гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққанди.

Жангари гуруҳларнинг устма-уст ҳужумлари янги АҚШ маъмурияти Афғонистонга оид ўзининг янги сиёсатини ҳали тўлиғича эълон қилмаган, Россия ҳам Афғонистон масаласида фаоллашиш ҳаракатида бўлган бир пайтга тўғри келган.

Таҳлилчиларга кўра, Кобулдаги сўнгги ҳужум бутун Афғонистон бўйлаб хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий ёмонлашиб бораётганининг яна бир салмоқли далили бўлади.

Шундай экан Афғонистонга нималар бўлаяпти?

Би-би-си Ўзбек Хизмати бугунги жонли дастурини хосан айни шу мавзуга бағишлади - назардан қочирманг.

Бу мавзуда батафсилроқ