Қирғиз парламенти сайлов кунини ўзгартирди

Қирғизистондаги сайлов участкаси

Қирғизистон парламенти президентлик сайлови кунини 19-ноябрдан 15-октябрга ўтказиш ҳақидаги қонунни маъқуллаган.

Ушбу қонунда айтилишича, бундан кейин мамлакатда президентлик сайлови амалдаги президент ваколати тугайдиган йилнинг октябр ойининг учинчи якшанбасига белгиланиши шарт.

Феврал ойида 2017 йилнинг 19-ноябрини Қирғизистон президентлик сайлови куни деб эълон қилинган эди.

Шу йил Алмазбек Атамбоевнинг олти йиллик президентлик муддати ниҳоясига етади.

Қирғизистон қонунчилигига биноан жаноб Атамбоевнинг ўз номзодини илгари суришга ҳаққи йўқ.

17-май куни жаноб Атамбоев етакчилигидаги Социал-Демократик партия Қирғизистоннинг жорий Бош вазири Сооронбай Жеенбековнинг номзодини президентликка илгари сурди.

58 ёшли Сооронбай Жеенбековга қарши президентлик пойгасида яна уч таниқли сиёсатчи номзоди қўйилган.

Улардан икки нафари Қирғизистоннинг собиқ бош вазирларидир.

«Республика - Ата-Журт» (РАЖ) партиясидан Омурбек Бабанов, "Бирге" сиёсий ҳаракатидан Темир Сариев, «Онугуу - Прогресс» фракциясидан Бақит Торобаевлар бу йилги Қирғизистон президентлиги учун курашдаги асосий ўйинчилар бўлиши кутилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ