'Президент ва ҳукумат истеъфо берсин'

Намойишчилар Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Кобулдаги қонли ҳужумдан икки кун ўтиб, юзлаб афғонлар худди ана шундай талаб билан шаҳар кўчаларига чиқишган.

Намойишчилар президент Муҳаммад Ашраф Ғаний ҳукуматининг истеъфо беришини талаб қилишган.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Ҳалокатли худкушлик ҳужуми камида 80 кишининг умрига зомин бўлган, 350 дан ортиғини яралаган.

Мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойида уюштирилган ҳужумга масъулиятни ҳозирча бирор бир гуруҳ ўз зиммасига олмаган.

Афғонистон Истихборат хизматлари унда "Ҳаққоний" жангари гуруҳи ва Покистонни айблаб чиқишган.

Покистон расмий Кобулнинг бу даъволарини рад этган, тармоқ эса, ҳозирча жим.

Портлаш сатҳига яқин ердаги намойишчиларни тарқатиш учун полиция ҳақиқий ўқ қўллаган.

Кўздан ёш сиздирувчи пуркагичларни ҳам ишга солган.

Масъулларга кўра, натижада камида 5 киши қурбон бўлган, яна бир неча нафари яраланган.

Кобулдаги бу ҳужум Толибон тузуми қулатилган 2001 йилдан буён энг қонлиларидан бири бўлган.

Портлаш шундоқ ҳам бутун Афғонистон бўйлаб хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий издан чиқиб бораётган бир пайтга тўғри келган.

Президент Ғаний бошчилиги остидаги миллий бирдамлик ҳукумати қудратга келган қарийб уч йил ичида мамлакатда толиблар қайта фаоллашишга муваффақ бўлишган.

Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи Афғонистонга ҳар томондан сизиб киришга муваффақ бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизматининг видеоларини www.bbcuzbek.com да ҳам кўришингиз мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02