Қирғизистонда Фергана агентлиги сайти тўсилди

бобоқулов Фото муаллифлик ҳуқуқи Fergana

Марказий Осиё янгиликларини ёритувчи интернет нашрга, Бишкекдаги мухбир Улуғбек Бобоқуловнинг миллатлараро мавзусида ёзган мақоласи ортидан тўсиқ қўйилган, муаллифнинг ўзига эса жиноий иш очилган.

Фергана агентлиги сайтини республика ҳудудида ёпиш тўғрисида Бишкекнинг Октябрь туман суди 9 июнда ГД-2242/17.Б2 сонли қарорини қабул қилган. Бу ҳақда "Мега-лайн" интернет-провайдери тақиқланган сайтлар рўйхатини эълон қилиши ортидан маълум бўлган.

"Бироқ биз сайтимизга қандайдир жиноий иш қўзғатилганлиги ҳақида ҳеч қандай расмий билдирув олганимиз йўқ. Нашримизга тўсиқ қўйилганлиги ҳақида тасодифан, Қирғизистонлик ўқувчиларимизнинг сайтимизга киролмаётганликлари ортидан провайдер билан боғланиш орқали билдик" - дейди Фергана агентлиги интернет нашрининг раҳбари Даниил Кислов.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистонда сайтга тўсиқ қўйилиши билан биргаликда, Бишкекдаги ҳамкор мухбири Улуғбек Бобоқуловга ҳам жиноий иш очилганлиги маълум бўлган. Бунга журналистнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги миллатлараро мавзу юзасидан қолдирилган изоҳлар ҳақида Фергана агентлиги сайтига тайёрлаган мақоласи сабаб бўлган.

"Давлат ушбу мақола орқали ҳақиқий миллатчиларни аниқлаш ўрнига, ўз назоратидаги ахборот воситалари орқали мухбиримиз Улуғбек Бобоқуловни миллатлараро адоватни қўзғашда айламоқда. 27 майда давлат телевидениясида 8 дақиқлик махсус, Бобуқуловни миллатчиликда айблаган ва Фергана агентлиги сайтини республикада тақиқлашга бағишланган кўрсатув намойиш этилган. Унда гапирган мутахасислар асосий урғуни журналистнинг миллатига қаратганлар" - дейди Даниил Кислов.

9 июнда бишкеклик журналист, Фергана агентлиги сайтининг жамоатчи ҳамкор-мухбири Улуғбек Бобоқуловга Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов бошқармаси, жиноий кодекснинг 299-моддасининг 1-банди (Миллий, миллатлараро, ирқий, диний ва ҳудудлараро низони қўзғаш) билан жиноий иш очган.

Хавфсизлик қўмитасининг маълумотига кўра, Улуғбек Бобоқулов, Фергана агентлиги интернет нашри ва бошқа ахборот воситаларида миллатлараро низони қўзғашга қаратилган мақолаларни чоп этган. Шунингдек, идора журналист Бобоқуловни 2010 йилда бўлиб ўтган қонли воқеаларнинг 7 йиллиги арафасида атайлаб ушбу провокацион мақолани чоп этиш ортидан, ўзининг ёвуз ниятларини амалга ошириш ва "учинчи давлатдан" "сиёсий бошпана" олишни кўзлаганликда айблайди.

"Менинг ёшим 50да. Тўнғич фарзандим талаба, қолган уччаласи мактабнинг юқори ва ўрта синфларида ўқишади. Мен деярли 10 йилдирки ўзимнинг катта уйимни қураяпман. Қандай ўйлайсизлар, мен ўзимининг барча шу мехнатларимни қочқинлик орзусига алмаштирармидим? Тасаввур қилинглар, қочқинликда қандай қийинчиликлар бўлишини. Тил ва пулсиз... Хавфсизлик хизматлари ўз фаросатсизлигини оқлаш мақсадида тўқиган навбатдаги аҳмоқликлари бу. Мен ўзим, фарзандларим ва бошқаларни она юрти Қирғизистонда яхши яшашликлари учун барча нарсаларни қиламан" - дея изоҳлайди журналист Улуғбек Бобоқулов Хавфсизлик идораси баёнотини.

Махсус хизмат, "Қирғизистон Миллий Фанлар Академиясининг фалсафа-сиёсий экспертизаси ва "Юсуф Боласоғун" номидаги Давлат Миллий Университетининг мутахасисларининг берган баённомаларига асосан, мақолада муаллиф, миллатлараро адоватни қўзғаш, ҳамда миллий ғурурни поймол этишликка даъват этган. Шунинг билан биргаликда идора бу каби даъват ва ҳақорат фуқароларнинг ноқонуний ва жамиятга қарши ҳарактларга боришлигига асос бўлиши мумкин" - дея тушунтиради.

"Экспертизада иштирок этган мутахасис ва Хавфсизлик хизмати ходимларини иқтибос билан муаллифлик гапни фарқига бормасиликларини тушунса бўлади. Бироқ, бу ерда жорий йилнинг кузига белгиланган президентлик сайловлари олдидан мустақил овозларни бўғишликка қаратилган компания эканлиги кўриниб турибди" - дейди Фергана агентлиги интернет нашрининг раҳбари Даниил Кислов.

Қирғизистонда Фергана агентлиги нашри билан бир биргаликда қатор мустақил оммавий ахборот воситалари ва журналистларга нисбатан норозичиликлар давлатнинг юқори минбарларидан айтилиб келинади.

Жорий йилнинг март ойида президент Алмазбек Атамбаев қатор давлат элчиларидан ишонч қоғозларини қабул қилиб олар экан, алоҳида оммавий ахборот воситаларини, жумладан Фергана агентлиги интернет нашрининг раҳбари Даниил Кислов, ҳамда сайтнинг Бишкекдаги мухбири Улуғбек Бобоқуловни ҳам танқид қилган.

Бобоқулов президентга жавобан Фергана агентлиги сайтида давлатда мустақил оммавий ахборот воситаларига нисбатан босимлар кучайиб бораётганига ишора қилиб мақола чоп этган.

Атамбаев кеча 2010 йилдаги миллатлараро низонинг 7 йиллиги арафасида Қирғизистонликларга қилган баёнотида, ўзига номақбул бўлган мустақил журналист ва фуқаровий жамият вакилларини яна бир бора танқид остига олган.

"Июнь воқеасининг навбатдаги санаси яқинлашар экан, маълум ҳуқуқбонлар, мутахассис ва журналистлар атайлаб миллатлараро аҳволни тўлқинлантиришга ҳаракат қилмоқдалар" - дейилади президент баёнотида.

Фергана агентлиги мустақил интернет нашри 2011 йилда парламент қонуни асосида тўсиб қўйилган эди. Сайт раҳбариятининг Қирғизистон алоқа агентлигига нисбатан ўз ахборот воситасини ноқонуний тўсиб қўйганликда айблаб судга бериши ва давом этган икки йиллик суд жараёнлари ортидан, 2013 йили сайтга қўйилган тўсиқ олиб ташланган.

Мазкур икки воқелик орасида Фергана агентлиги мустақил интернет нашрининг раҳбари Даниил Кислов, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев қабулида бўлган ва давлат раҳбари унга:

"Шахсан мен, агар сен сиёсатчи бўлсанг, Оммавий ахборот воситалари тарафидан бўладиган танқид, қоралов, ҳаттоки "тупуришларга" ҳам тайёр бўлишинг керак деб ҳисоблайман. Бироқ, сайт ёки газетани ёпиш-бу курашиш йўли эмас, бу нотўғри йўл" - деган.

Қандай йўл билан курашиш керак дея берилган саволга, Атамбаев: "Очиқ музокара, ҳужжат ва далиллар асосида. Мен бугун Фергана агентлиги сайтига киролмаётганимдан ғазабдаман" - дея жавоб берган президент.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ