Тожикистон: Ўзбек маҳсулотлари Хитойникидан арзон ва сифатли

ярмарка

Душанбеда ўтказилган Ўзбекистон товарлари кўргазмасидан сўнг орадан икки ой ўтмай, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар Тожикистонда иккинчи марта намойиш этилди. Икки кун давом этиб, бугун ишини тугатган ярмаркада Ўзбекистондан ўттиздан ортиқ ширкат ва корхоналар қатнашишди. Хўжандга Тошкент, Андижон, Урганч, Қўқон каби шаҳарлардан тадбиркорлар ўз товарларини олиб келишди.

Айни бир пайтда Хўжандда Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ваколати иш бошлади.

Хитой, Ҳиндистон, Япония, Россия, Польша, Белоруссия, Малайзия, Қозоғистон каби мамлакатлар тадбиркорлари иштирок этган Хўжанд ярмаркасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга қизиқиш катта бўлди. Буни Тошкент вилояти савдо ва саноат палатаси раҳбари Файзулла Маманов ҳам таъкидлади. У ярмарканинг биринчи куниёқ ўзбек тадбиркорлари тожикистонлик ҳамкасблари билан бир неча шартнома тузишга муваффақ бўлишганини айтди.

Ишчи кучи арзон - нарх арзон

Тошкентдаги «Kapital-Met-Plast» ташкилоти Хўжанддаги ярмаркада дастлабки куннинг ўзида 30 минг долларлик шартнома имзолади. Хўжандликлар «Kapital-Met-Plast» олиб келган ўйинчоқ автомобилларни харид қилишар экан, уларнинг Хўжанд бозорларида тиқилиб ётган Хитой маҳсулотларига қараганда анчагина арзон ва устига сифатли эканлигини айтишди.

Мазкур ташкилот экспорт-импорт департаменти бошлиғи Исломбек Садриддиновнинг айтишича улар ишлаб чиқараётган ўйинчоқлар ва электр ёритгичлар сифати Туркияникидан қолишмайди. Европа технологиялари бўйича ишлаймиз. Иш жиҳозлари эса Хитойдан келтирилган бўлиб, энг янги ва замонавийдир. Хўжандлик бир тадбиркор билан интернет орқали алоқада эдик. У кўргазмага келиб, маҳсулотларимизни ўз кўзи билан кўрди. Ҳозир у билан кўп минг долларлик шартнома тузиш арафасида турибмиз, - деди Исломбек Садриддинов.

Тошкентдаги «AZIA MOZAIK» ишхонаси қисқа муддатда Тожикистонга 80 минг долларлик маҳсулот экспорт қилган.

- Биз бассейн ва ва ванналар учун майоликалар - безатиш сополчалари ишлаб чиқарамиз. Тожикистондан Тошкентга келиб, маҳсулотларимизни кўришгач, Хитойдан арзон экан деб, биз билан шартнома тузишди. Қўшниларимиз билан муносабатнинг яхшиланганидан хурсандмиз. Мана, бу ерга келиш учун визаларни ҳам тезда тайёрлаб беришди, - дейди «AZIA MOZAIK» вакили Ғулом Маҳкамов.

«Душанбедаги кўргазмада тожикистонликлар билан 100 минг долларлик шартнома тузгандик», - дейди «Мир-экстромакс» таъсисчиларидан бири Саидакбар Нурмуҳамедов. «Мир-экстромасс» ўн йиллик фаолияти давомида фақат Ўзбекистонда эмас, балки қўшни Қозоғистон, Қирғизистонда ҳа маҳсулотларини сотишга муваффақ бўляпти. Саидакбар энди Тожикистонда ҳам савдо шериклари кўпайишига ишонади.

- Бундан олдинги Душанбеда ўтган кўргазмада қатнашганмиз. Таассуротларимиз жуда кучли. Ўзбек халқининг тожик халқи билан дўстлиги, ака-укачилиги қандайлигини яна бир марта кўрдик. Душанбеда, мана энди Хўжандда тожикларнинг меҳмондўстлиги бизни ҳайратда қолдирди. Икки йилнинг ичида юз минг доллар атрофида ўз маҳсулотларимизни экспорт қилдик. Кўргазмада қатнашганимиздан кейин бу кўрсаткич янаям юқорилайди, деган умиддамиз. Корхонамизда қурилиш учун ишлатиладиган, иссиқ-совуқ сув учун керак бўлган пластик трубалар, фитинглар, ишлаб чиқарамиз. Европа технологиялари асосида. Маҳсулотларимиз, масалан, Туркияда тайёрланадиган шу каби товарлар билан бемалол рақобатлаша олади. Лекин нархи анча арзон. Чунки Ўзбекистонда ишчи кучи арзон ва хом ашё ҳам ўзимизники. Тожикистон энг яқин қўшнимиз бўлгани учун бу ерга маҳсулот ташиб келиш ҳам қимматга тушмайди ва Тожикистон бозорида янги-янги харидорлар топишимизга ишонаман.

Шавкат Миромоновичнинг душманлари ким?

Саидакбар Нурмуҳамедовнинг айтишича, кейинги саккиз-тўққиз ой орасида Ўзбекистонда тадбиркорлар учун фаолият юритиш сезиларли даражада осонлашган. Бунга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ғамхўрлигини ҳис қилишмоқда.

- Ўзбекистоннинг олдинги сиёсати ҳам тадбиркорликни ривожлантириш, қўшимча ишчи ўринлари яратишга қаратилган эди. Лекин охирги пайтда бу масала янаям ҳукумат даражасига, стратегик даражага кўтарилди. Шунинг эвазига бизга ҳам кўп енгилликлар, имтиёзлар берилди. Жумладан, экспортга ҳам. Бунинг бир мисоли - мана бу ерга - Тожикистонга келиб турибмиз. Текшир-текширлар анча камайган. Йўқ, бўлган деса ҳам бўлади. Чунки Шавкат Миромоновичнинг ўзлари айтганларидек, ҳар бир тадбиркорни текширган, унга душман бўлган бирон-бир давлат раҳбари мен учун душман деган гаплари бор. Ҳозир шу бўйича иш кетяпти.

Андижондаги «Аср шодлиги» ва «Ал-Барака-инвест» ширкатлари вакили Дилёрбек Мирзаев Ўзбекистонда ёш тадбиркорларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳақида гапирар экан, корхоналари янгилиги, маҳсулот сифатига жиддий эътибор берилаётганини айтди.

- Бизда тадбиркорликка жуда катта эътибор бериляпти. Нима дейди қоқиниб қолиш деган гап йўқ, фақат олдинга-олдинга. Мамлакат раҳбарининг орқангда мен турибман, олдинга ҳаракат қил, ишлаб чиқар, ҳамма нарсага катта эътибор бер деган гаплари бор. Биз эса, маҳсулот сифатининг жаҳондаги турдош маҳсулотлар билан беллаша оладиган бўлиши учун интиляпмиз. Хўжанддаги кўргазмада маҳсулотларимизга қизиқишни кўриб, бу интилишларимиз самара беряпти, деган ўйга келдик. Кеча Тожикистон бозорларида бўлиб, мижозлар топишга ҳаракат қилдик. Тез орада шериклик шартномалари тузилади, деган умиддаман, - дейди Дилёрбек.

Беш баравар - кўпми ё камми?

Хўжанддаги халқаро савдо ярмаркаси тўрт йилдан буён ташкил этилади. Ярмарка туфайли Тожикистонда тайёрланаётган саноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти кўпайди. Айни бир пайтда Тожикистон бозорларига кириб келаётган сифатли маҳсулотлар ҳам кўпаймоқда. Душанбе ярмаркасидан сўнг мамлакат бозорларида қўшни Ўзбекистондан олиб келиб, сотилаётган товарлар салмоғи сезиларли даражада ортди. Душанбе ярмаркасида Ўзбекистонда тайёрланган 1500 номдаги товар намойиш этилганди. Кейинги икки йилнинг орасида Тожикистон ва Ўзбекистон орасида товарайирбошлаш деярли 5 бараварга кўпайди ва деярли 70 миллион АҚШ долларига етди.

- Лекин олдинги йиллар кўрсаткичлари билан солиштирганда бу ҳали ҳам кам, - дейди маҳаллий таҳлилчи Аҳмад Бобожонов.

Унинг фикрича, божхонадан ўтишдаги текширишлар енгиллаштирилса, икки қўшни мамлакат орасидаги виза тартиби бутунлай бекор қилинса ё ҳеч бўлмаганда, осонлаштирилса, товарайирбошлаш янада кучайган бўларди.

Айни бир пайтда расмийларга кўра мамлакатларо маданий, иқтисодий муносабатларни тиклаш учун муҳим қадамлар қўйилмоқда. Жумладан, Тожикистонда бўлиб ўтган Ўзбекистон маданияти кунлари ва Ўзбекистон товарлари кўргазмасидан сўнг энди тожикистонликлар Тошкентга отланишади. Сентябр ойида Ўзбекистонда Тожикистон Маданияти кунлари ва Тожикистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазма-ярмаркаси очилиши кутилмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ