Генерал Абдулрашид Дўстум нима қилмоқчи?

Дўстум Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Туркиядан олинган хабарларга кўра, Афғонистон биринчи вице-президенти Анқарада экан, янги сиёсий иттифоқ тузган.

Афғонистондаги йирик мухолиф "Исломий Жамият" партияси ижроий раиси Муҳаммад Ато Нур ҳам унга бош қўшган.

Балх вилоятининг қудратли ҳокимидан ташқари, яна Афғонистон ижроий раиси доктор Абдулла Абдулла муовини-да бу иттифоққа кирган.

Учовлон бу хусусда қўшма баёнот ҳам эълон қилишган. Тез орада пойтахт Кобулда йиғин уюштириб, амалдаги тузум қулашининг олдини олмоқчи эканликларини айтишган.

Ҳеч кимдан ҳеч бир имтиёз кутмасликлари, ўз қонуний ҳақларини талаб қилишларини айтишган.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Бундан аввал ҳам Афғонистон ижроий раиси, ҳам биринчи вице-президенти ва ҳам "Исломий Жамият" раҳбарияти президент Ғанийга қатор талаблар билан чиқишган.

Ундан мамлакатдаги ҳарбий ва ноҳарбий тизимларни ислоҳ этишни сўрашган.

Қудратни мамлакат Бош қонунига мувофиқ тақсимлашни талаб қилишган.

Қавмпарастлик ҳолларига чек қўйилишини сўрашган.

"Исломий Жамият" мухолиф партиясининг раиси Афғонистон Ташқи ишлар вазири Салоҳиддин Раббоний бўлади.

Афғонистон ижроий раиси доктор Абдулла Абдулла эса, айни шу партиянинг нуфузли аъзоларидан бири саналади.

Президент саройи ҳам ўз жавобини узоқ куттириб ўтирмаган.

Афғонистоннинг ютуқ ва камчиликларига ҳукуматнинг аъзолари сифатида бу учовлон ҳам масъул эканини айтган.

Мамлакат миллий манфаатларига зид бўлмаган ижобий қадамларга қарши эмасликларини таъкидлаган.

Афғонистон биринчи вице-президенти бир неча ҳафтадан буён Туркияда тиббий текширувда экани айтилади.

19 май куни шу йил бошидан буён тан қўриқчилари сиёсий мухолифи Аҳмад Ишчининг жинсий ва жисмоний зўравонликка оид иддаолари билан боғлиқ жиноий иш марказида қолаётган генералнинг Анқарага жўнаб кетганига оид хабарлар олинган.

Афғонистон биринчи вице-президентининг айни шу жиноий иш манзарасида кузатилган кутилмаган сафари унинг Туркияга ўз ихтиёри билан муҳожиратга юз тутган бўлиши мумкинлигига оид талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Аммо партияси воизи ортидан, Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам, генерал Абдулрашид Дўстум Анқарага одатий тиббий текширувдан ўтиш ва дам олиш учун келганини айтиб чиққан.

Вазирлик Афғонистон биринчи вице-президентининг ўзи истаган пайтда бемалол ортга қайтиши мумкинлигини баён қилганди.

Хабарларга кўра, янги сиёсий иттифоқ генерал Дўстум тўнғич ўғлининг унашув маросими теграсида амалга оширилган иш бўлган.

Шахсий шифокори ва маслаҳатчиси яқинда Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида барча текширув натижалари ижобий чиққани, ана шу маросим ортидан биринчи вице-президентнинг Афғонистонга қайтишини билдирганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар