Тожикистонда охирги ўзбекча шаҳар номи ҳам ўзгарадами?

Image caption Тожиклар ва ўзбеклар азалдан бирга яшаб келишган.

Қўрғонтепа шаҳри Тожикистон харитасидан йўқолиб кетиши мумкин.

Тожикистондаги Asia-Plus худди ана шундай хабар билан чиқди.

Мақолада айтилишича, Хатлон вилояти раҳбарияти шаҳар номини алмаштириш ташуббус билан чиққан.

Президент Раҳмоннинг ўзи тарихдан хабари борми?

Таклифни эса Тожикистон ҳукумати кўриб чиқади ва маъқулланса, мамлакатнинг Мажлиси Миллий ва Мажлиси Олийсига тасдиқлаш учун жўнатилади.

Қўрғонтепа Хатлон вилояти маркази саналади. Шаҳар Душанбедан 100 чақиримча жанубда жойлашган.

Шаҳар ўта қадимий бўлиб, ҳатто Кушонлар даврида ташкил топгани ҳақида фаразлар бор.

Айни пайтда, Қўрғонтпеа - ўзбеклар зич яшайдиган ва ҳамон ўзбекча аталаётган Тожикистондаги охирги йирик шаҳардир.

Аммо интернетда фикр билдирган кўплаб тожикистонликлар бу таклифга қарши фикр билдиришган.

"Асрлар давомида ўзгармаган номларни энди генийлар келиб, барча муаммоларни ҳал қилишибди, фақат жой номларини ўзгатириш қолибди" - норози оҳангда ёзади Алиша лақабли ўқувчи.

"Ун, ёғ ёки шакар нархини тушириш билан шуғулланишса бўларди" - фикр билдиради Зулайҳо исмли тожикистонлик - "Қизиқ, бу муаммолар билан ҳам кимдир шуғулланаяптими?"

Тожикчадан бошқа атама мумкин эмасми?

Тожикистон мустақилликнинг илк йиллари бошқа қўшнилари каби советча атамалардан воз кеча бошлади.

Масалан, Ленинобод бекор қилинди ва шаҳарнинг тарихий Хўжанд номи қайта тикланди.

Аммо сўнгги йиллари туркий, яъни ўзбекча атамалар ҳам олиб ташланмоқда.

Масалан, ўзбекча аталган Булоқ, Қамишқўрғон каби ўнлаб қишлоқлар номи алмаштирилди.

Ўзбекча шаҳарлар - Ўратепа Истарафшан, Қайроққум эса Гулистон бўлди.

Бир неча йил олдинроқ Қоратегин дараси Раштга алмаштирилганди.

Охирги йиллари эса ҳатто тожик миллатига мансубларга хорижий исмлар тақиқланиб, боласи номига ўзбекча -қул ёки -хон қўшиимчасини қўшиш ҳам маън этилди.

Тожикистонда ўзбеклар, Ўзбекистонда эса тожиклар тарихан ёнма-ён ва дўст-биродар бўлиб, бирга яшаб келишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ