Афғонистон: ‘Битта ҳам ИШИД жангарисини қолдирмаймиз’

ИШИД Фото муаллифлик ҳуқуқи video

Афғонистондаги Нато ва АҚШ Қуролли Кучларининг Бош қўмондони генерал Жон Николсоннинг баён қилишича, сўнгги жанггариси йўқ этилмагунча, ИШИД гуруҳига қарши ҳарбий амалиётлари давом этади.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Генерал Николсоннинг мазкур баёноти Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи Хуросон қанотининг учинчи лидери Абу Сайид ҳам ўлдирилишидан уч кун ўтиб янграган.

Абу Сайид тармоқнинг ўтган бир йил ичида Афғонистонда ўлим топган учинчи раҳбари бўлган.

ИШИД гуруҳи ҳозирча бу каби баёнот ва хабарларга бирор бир муносабат билдирмаган.

Ўз ўрнида, янги етакчисининг ким бўлиши, яъни Абу Сайиднинг ўрнини ким эгаллаши борасида ҳам бирор бир баёнот билан чиқмаган.

Толибон ва ИШИД Афғонистон шимолида илк бор тўқнашди

Хавотирлар: Афғонистон шимолида ИШИД хавфи?...

Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ўзининг Жанубий Осиёдаги тармоғи - Хуросон қанотига 2015 йилнинг январь ойида Афғонистонга бевосита қўшни Покистонда асос солган.

Худди ўша йилнинг август ойида Ўзбекистон Исломий ҳаракати лидери ҳам махсус баёнот билан чиқиб, ўзларининг тўлиғича Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига байъат келтиришганини баён этган.

Йил охирига бориб, Усмон Ғозий ўзларининг асосан қўшни Покистондан Афғонистонга тўлиқ қайтганликларини ҳам маълум қилган.

Орада Толибон ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари орасида қақшатқич жанглар кечгани, лидерининг ўлдирилганига оид хабарлар ҳам олинган.

Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ўзи етакчиси Усмон Ғозийнинг сўнгги тақдири борасида бирор бир расмий баёнот билан чиқмаган.

Аммо ҳаракатнинг сўнгги баёноти сафларида бўлиниш юз бергани, ИШИДдан юз ўгириб, яна Толибонга мойил ўзаги ажралиб чиққанига оид бўлган.

Аммо, шунда ҳам, ўзини янги Ўзбекистон Исломий ҳаракати, деб атаган гуруҳ, хавфсизлик нуқтаи назаридан эканини билдириб, расман янги лидерининг кимлигини маълум қилмаганди.

Генерал Николсоннинг Кобулда қилган сўнгги чиқишида баён қилишича, Афғонистондаги ИШИД жангариларининг аксарияти хорижликлар бўлишади.

Бошқа томондан, АҚШ генералининг баёноти ИШИД гуруҳи Яқин Шарқда жиддий мағлубиятга учраган, исломий халифати барҳам топгани расман маълум қилинган бир вазиятда ўртага чиқмоқда.

Би-би-си Ўзбек Хизмати сўнгги хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида Биби-си Афғон Хизмати муҳаррири Довуд Аъзамийга мурожаат қилди:

Довуд Аъзамий: Ҳа, агар, Нато қўмондонлари ва Афғонистон хавфсизлик мулозимларининг маълумотларига таянилса, мамлакатдаги ИШИД жангариларининг аксарияти хорижликлар бўлишади. Уларнинг тахминларига кўра, бу чет эллик жангариларнинг 70-80 фоизчаси покистонлик. Қолганлари эса, Ўзбекистон дохил аксарият Марказий Осиё фуқароларига нисбат берилади. Лекин, таъкидлаш жоиз, ҳатто, ИШИД жангариларининг орасида ҳиндистонликлари ҳам борлиги айтилади. Аён бўлишича, улар Ҳиндистоннинг ўзида ИШИДга байъат келтиришган. Сўнгра Афғонистонга келишган. Бундан ташқари, Афғонистондаги ИШИД сафларида эронлик жангарилар ҳам борлигига оид маълумотлар бор. Бу эса, ИШИД гуруҳи Афғонистонни Марказий Осиё ва Жанубий Осиёдаги жангарилари учун бир истеҳкомга айлантириш ҳаракатида бўлганига далолат қилади. Аммо бу гуруҳ учун осон кечмаётгани аниқ. Чунки ИШИД Афғонистонда давомий ҳужумлар остида. Бу жанглар натижасида гуруҳнинг қатор юқори мартабали етакчилари дохил кўплаб жангарилари ўлдирилган. ИШИД, бундан ташқари, ўтган бир йил ичида Афғонистонда ўз назорати остида бўлган ҳудудларнинг анчагинасини ҳам йўқотган. Шунинг учун ҳам, ИШИД Афғонистондаги асосий таянч нуқтаси бўлган шарқий Нангархордан унга қўшни бўлган бошқа вилоятларга ўтиш ҳаракатига тушиб қолган. Чунки биз ҳозир Кўнар ва Нуристон вилоятларида ҳам ИШИД жангарилари ҳозирлигига оид ишончли маълумотларга эгамиз. Ҳозирги вазият Нато, Афғонистон хавсфизлик кучлари ва ИШИД жангарилари ўртасида, таъбир жоиз, гўёки, бир сичқон-мушук ўйинига айланган. Яъни, ИШИД қаерда босим остида қолса, ўша ерни тарк этиб, бошқа жойга кўчиш йўлига ўтиб олган.

Би-би-си: Шундай экан, ИШИД гуруҳининг Афғонистондаги бугунги қудрати ҳақида нима дея оласиз? Ҳозир ИШИДни Афғонистон ва унга қўшни минтақа давлатлари учун бир таҳдид сифатида кўриш қанчалик ўринли?

Довуд Аъзамий: Ҳозир Афғонистондаги ИШИД гуруҳининг бундан бир-икки йил аввалига қудрати йўқ. Ҳаракат анча заифлашган. Дейлик, бундан икки йил бурун ИШИД жангариларининг сони уч мингтача экани тахмин этилган. Агар, бугунги ҳисоб-китобларга таянилса, ҳозир гуруҳ жангариларининг сони қарийб бир мингтага тушиб қолган. Бу эса, ИШИД бой берган жангарилари ўрнини янгилари билан тўлдира олмаганига далолат қилади. Яъни, бунга тезда муваффақ бўла олмаётгани ҳозир гуруҳнинг асосий бошоғриқларидан бирига айланган.

Би-би-си: Агар, АҚШ Қуролли Кучларининг Афғонистондаги Бош қўмондони генерал Жон Николсоннинг яқинда қилган баёнотига таянилса, бир йилнинг ичида ИШИД гуруҳи Хуросон қанотининг учинчи раҳбарини ўлдиришга муваффақ бўлишган. Бу - гуруҳнинг Афғонистон ва минтақадаги фаолиятига қанчалик жиддий зарба бўлиши мумкин?

Довуд Аъзамий: Бу, сўзсиз, Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳининг Хуросон қаноти фаолиятига берилган жиддий зарба бўлади. Чунки бу тармоқнинг биринчи лидери Ҳофиз Сайид Хон ўтган йил август ойида ҳаво ҳужумида ўлдирилган. Унинг ўрнини эгаллаган иккинчи етакчиси Шайх Абдул Ҳасиб эса, шу йил апрель ойида ҳалок этилган. Орадан бор-йўғи икки ой ўтиб, июль ойида эса, учинчи раҳбари Абу Сайид ҳам ҳарбий амалиёт чоғида йўқ этилди. Сўзсиз, бор-йўғи бир йилнинг ичида уч етакчисини бой бериши ИШИДга берилган жиддий зарба бўлади. Лекин ҳозир гуруҳ сўнгги раҳбарининг ўрнини ким эгаллаши муҳим. Яъни, у Абу Сайиддан кўра жозибали, ғайратли ва маҳоратлироқ бўладими ва ёки йўқми...Лекин, ҳозирча, ИШИД нинг минтақадаги Хуросон қаноти янги раҳбарининг ким бўлиши бизга маълум эмас. Буни, албатта, вақт кўрсатади. Аммо гуруҳ ўтган бир-икки йилгиси билан таққосланганда, ҳам жангарилари сони ва ҳам эгаллаб турган ҳудуди нуқтаи назаридан, анча заифлашиб бўлгани - ҳақиқат.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар