Қора хўроз ва бўри тиши: нега тожикистонликлар фолбинга боради?

Фолбин Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

"Қора хўрознинг қонини чиқаришинг керак", - деди фолбин кетиб қолган эрини қайтаришни ва ўзи учун яхши иш топишни хоҳлаётган ёш аёлга.

35 яшар Душанбе яшовчиси Тахмина Саидова ўз муаммоларини мустақил ҳал қилишга узоқ вақт ҳаракат қилиб кўрди, бирорта ҳам чораси топилмагач, унга зудлик билан фолбинга учрашишни маслаҳат беришди.

Жонингдан очайми, молингдан?...

Жодугарлик гумони билан аёл бошини танасидан жудо қилдилар

Нима учун Россияда фолбинларнинг бозори чаққон?

Ҳаётда шундай даврлар бўладки, сен буткул йўлингни йўқотиб қўясан, нима қилиш керак, қандай иш тутишни билмай қоласан. Менга фолбиннинг олдига боришни маслаҳат беришди. Бу маслаҳатларни берганларнинг кўпчилиги маълумотли, ўзлари ҳам шундай йўл тутган кишилар эдилар. Бу нарса уларга ёрдам берган. Мен ҳам, ишим ўнгланармикан, деб фолбинга мурожаат қилдим", - дея ҳикоя қилади Тахмина Саидова.

Қора хўроз, илоннинг териси ва бўри тиши - булар тожикистонлик фолбинлар топиб келтиришни сўрайдиган айрим нарсалардан биридир.

Кимгадир бу жуда кулгили туюлиши мумкин, аммо қийин кунларни бошидан кечирган, нега бундай бўлаётгани сабабини ўзи ҳам тушунмаётган ва мураккаб ҳаётий вазиятдан чиқиб кетишни истаётган инсонга фолбиннинг бу талаби кулгили туюлмайди.

Расман тақиқ жорий этилганига қарамасдан, Тожикистонда фолбинлар, афсунгарлар, табиблар, баъзан буларнинг ҳаммаси билан қўшиб шуғулланадиган даволовчилар анча машҳурлар.

Бундан икки йил олдин депутатлар Тожикистоннинг маъмурий жавобгарлик кодексига ўзгартиришлар киритишди, ана ўша ўзгартиришларга биноан жодугарлик ёки фолбинлик билан шуғулланган шахсга нисбатан энг кам маошнинг 30 дан 40 бараваригача(шу кеча-кундузда 128-136 доллар) жарима кўзда тутилди. Агар бир йил давомида такрорланса, энг кам ойликнинг 70 бараваригача жаримага тортилади.

Агар шундан кейин ҳам ноқонуний фаолият давом эттирилса - 7 йилгача қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.

Лекин, тақиқ чораларига қарамасдан, кўплаб тожикистонликлар таваккал қилишга розилар: улар нариги дунё билан "сўзлашадиганлар"нинг қабулига боришдан тўхтаётганлари йўқ. Одамлар "кўз тегиши"дан қутулиш, иш топиш, оила қуриш, ўз омадини ва шифо топишни истайдилар. Мато ичига тикилган туморларни жуда кўпчилик тақиб юради.

Тақиқ киритилганидан кейин фолбин ва афсунгарларнинг олдига бориш қийинлашиб қолди, аммо ишончли одамлар орқали фолбинларнинг қабулига киришнинг уддасидан чиқиш мумкин.

Психотерапевтлар ўрнини босаётган фолбинлар

Бир танишим мени Душанбе шаҳридаги кўп қаватли уйнинг ҳовлисига олиб келди ва нега келганимиз мақсадини ҳеч кимга айтмасликни сўради.

Бу ерда мен Бадрининг қабулига кириш учун ўз навбатимни кутишим керак. Бадри шаҳарга камдан-кам келади, шунинг учун ҳам одамлар унинг қабулига навбатга бир неча ой олдин ёзиладилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи ANSAR

Кароматгўй билан учрашмоқчи бўлганларнинг кўпчилиги аёллар. Бироқ талаба ва меҳнат муҳожири бўлган ёш йигитларни ҳам кўриш мумкин. Ҳамма нарса сир қолишига ваъда берганимдан кейин мени учраштиришга рози бўлишди, шунинг учун ҳам суҳбатдошларимнинг исми-шарифини ўзгартириб беришга қарор қилдик.

43 ёшли Бадри ўз мижозларини махсус тайёрланган хонада қабул қилади.

"Олдимга одам келиб ўз муаммолари ҳақида гапира бошлайди, мен эса у ҳақда ахборот тўплашни бошлайман. Ахборот қандай келишини гапириб тушунтириб беролмайман, ўз-ўзидан келаверади, мен фақат уни тилимда сўзлай бошлайман. Маслаҳат бераман, тумор ёзаман. Агар ташрифчи менга ёқмаса, чиқиб кетишини талаб қиламан. Баъзида бошига бало тушишига одамларнинг ўзи айбдор бўладилар, бундай одамларга ўзига ташқаридан қараб кўришга ёрдам бериш керак", - дейди Бадри.

Сўз кучи

Ўтмишда Бадри шарқшунослик факультетини битирган, форс ва араб тилларини билади.

Унинг айтишича, ғайбни билиш қобилияти ёшлигида пайдо бўлган. Совет замонида фолбинлик маън этилган эди, бундай тақиқ бугун ҳам бор. Лекин шундай бўлса ҳам одамлар Бадридан ўзларига ёрдам беришни илтимос қиладилар, у эса, унинг ўзининг сўзларига кўра, ёрдам сўраганларга рад жавобини беролмайди.

"Мисол учун, одам йўқолиб қолди, милиция қидириб тополмади. Қариндошлари эса мендан кўмак беришимни илтимос қиладилар. Мен унинг қаердалигини аниқ айтиб беролмаслигим мумкин, аммо унинг тирикми ёки йўқлигини аниқ биламан. Кўпинча менинг олдимга расмий медицина даволашга ожизлик қилган беморларни олиб келишади ва мен уларга ёрдам бераман. Одамда умид бўлиши керак".

"Кўпинча менга аёллар мурожаат қилиб, қайтариқ қилишни сўрайдилар. Мен ундайларга дарров йўқ дейман ва тушунтираман: бу жодугарлик ҳисобланади, жодугарлик эса катта гуноҳ. Мен Худога ишонадиган одамман. Менинг вазифам - эр билан хотиннинг ўртасидаги муҳаббатни қайта тиклаш, оилани асраб қолиш, аксинча уни бузиш эмас. Ҳозир олдимга мигрантлар ёки уларнинг яқинлари келишади ва узоқ юртдан соғ-саломат қайтишлари учун бало-қазодан асрайдиган тумор ёзиб беришимни илтимос қилишади".

Бадрининг қабулига келадиганлар орасида амалдорлар, энг юқори лавозимдаги ва ҳатто таниқли давлат мулозимлари ҳам бор.

Бадри бундан ҳайратланмайди. "Лавозиминг қанча юқори бўлса, пулинг шунча кўп бўлади. Бу, рақиблик ва ҳасад ҳам кучаяди, деганидир".

Унинг сўзларига кўра, бу одамлар ўзлари ва ишларига зарар етказиши мумкин бўлган ҳамма нарсадан муҳофаза қиладиган тумор ёзиб бериш илтимоси билан келадилар.

Ҳар куни ўнлаб инсонлар башоратгўй-табиб қабулига кириш учун навбатда турадилар. Улар ўзлари ҳақида ва нега бу ерга келганлари ҳақида ҳикоя қилишни ёқтирмайдилар.

"Мен фолбинларга тез-тез бориб тураман. Мисол учун, эрим кетиб қолса, эримни қайтаришни илтимос қиламан. Ёки ўғлимнинг ишида муаммолар пайдо бўлса, фолбин унга тумор ёзиб беради, ўша тумор билан ҳаммаси ҳал бўлади", - дейди Феруза исмли мижоз.

"Университетни тугатганман, тузук иш тополмаяпман. Менга фолбинга боришни маслаҳат беришди. Мен бу нарсаларга ишонадиган одам эмасман, лекин балки омадим келиб қолар, айтиб бўладими", - дея тан олади Далер.

Фолбинлик ва табиблик яхши даромад келтиради.

Меҳринисо исмли фолбин бир кунда ўнта, баъзан ундан ҳам кўп мижозни қабул қилишини айтади.

Меҳринисо ҳар бир кишидан неча пул олишини айтмайди. Аниқ бир нарх белгиланмаган. Ҳар бир мижоз ўз қурбига қараб пул беради. Аёлнинг айтишича, ҳар бир қабул учун 30 долларгача олади. Хизмат ҳақи қандай хизмат эканига қараб белгиланади.

"Ҳаммаси қандай илтимос билан мурожаат қилганингизга боғлиқ. Мен олиб келишни сўраган қора ёки оқ хўрознинг қони инсоннинг "йўлини очиб юбориши мумкин". Илон пўсти билан боғлиқ илму-амаллар бор, баъзан бўрининг тиши ёрдам беради. Мен баъзан айрим нарсаларни янги кавланган қабрга кўмишни сўрайман. Бу нарсаларнинг тури кўп, ҳаммаси мижознинг вазияти ва унинг илтимосига боғлиқ", дейди фолбин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Руҳшуносларнинг фикрича, кўпинча фолбин ва табиблар психотерапевтларнинг ўрнини босмоқдалар, шунинг учун ҳам улар таниқлидирлар.

Тожикистонда инсоннинг тақдирини айтиб берадиган, омад ва фаровонлик учун тумор ёзиб берадиган мусулмон имомлар ҳам машҳур.

Бундай уламоларнинг остонаси доим одамлар билан гавжум. Имомларнинг олдига ўз муаммоларини ҳал қилишда кўмак сўраб ҳам келишади.

"Тананинг жисмоний хасталиги сабабларини маънавиятдан изламоқ лозим. Тумор руҳнинг касаллигини даволайди, бунинг ортидан тана бетобликлари ҳам бартараф бўлади. Мен муқаддас китобларга назар соламан ва муаммолар қандай пайдо бўлиши ва уларни қандай ҳал қилиш йўлларига боғлиқ саволларга жавоб излайман", - деб тушунтиради мулло Саидбек.

"Муқаддас китобларда инсон қайси юлдуз остида туғилгани ҳақида кўп нарсалар ёзилган. Муаммонинг сабабини аниқлаб бўлгандан кейин тумор ёзишга киришиш мумкин. Оллоҳнинг сўзи ёрдам беради", дейди мулло Саидбек.

Мулло руҳий хасталарга Қуръон оятларидан тумор ёзиб беради. "Сўз кучи" билан хотинидан кетиб қолган эрларни оиласига қайтаради. Турмушга чиқишни орзу қилаётган қизларнинг "йўлини очиб беради", уришиб қолганларни яраштиради. Тожикистонда муллонинг айтгани - кўпчилик учун қонун.

Тақиқ муаммо эмас

Айни пайтда Ислом динида сеҳргарлик билан шуғулланиш кескин тақиқланган.

Фолбинлик ва келажакни башорат қилиш ҳам маъқулланмайди. Ўзининг келажакдаги тақдирини билишга ҳаракат қилиш ҳам, бу истакда ёрдам бериш ҳам гуноҳ саналади.

Шунга қарамасдан, охирги йилларда маҳаллий имомлар, табиблар, фолбин ва азайимхонларнинг мижозлари сони кўпайгандан-кўпайиб боряпти. Кўплар учун бу - қиммат тиббий хизматларнинг муқобили ҳамдир.

Расмий Душанбе фолбинлик ва сеҳргарликни Тожикистоннинг жиддий муаммоси деб ҳисоблайди.

Тожикистон Соғликни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, қарийб 1000 киши "ноанъанавий усуллар" билан мижозларни даволаш билан шуғулланмоқда.

Халқ табибларининг фаолиятини махсус комиссия назорат қилиб боради. Бу комиссия табибларнинг "профессионал яроқлилиги"ни текшириб, бундай фаолият билан шуғулланиш изнини берадиган давлат сертификатини ҳам тарқатади.

Номзодлар имтиҳон топширадилар, синов орасида анатомияни билиш ҳам бор.

Мисол учун, табиий гиёҳлар билан даволовчи табиблар маҳаллий гиёҳларнинг турларини, ўт-ўланларни қачон йиғиб олиш, қандай хасталикка қўллаш, қачон қўллаш мумкин эмаслигини ҳам билишлари лозим.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ