Ўшда кампир ўлимига сабаб бўлган ароқлар йўқ қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Turmush
Image caption Ўш шаҳар қозиси "ҳаромдан йироқ бўлиш"га чақирган.

Ўшда дин вакилларининг Жапалақ (Япалоқ) қишлоқ ҳудуди аҳолиси билан ўтказган йиғинидан сўнг, мавзеънинг барча дўконларида спирт ичимликларини сотиш ман қилиниб, мавжудлари эса йўқ қилинди.

Видеони You Tube каналимизда томоша қилинг.

Бунга мазкур қишлов яшовчиси 83 ёшли оқсоқолни маст холатида 79 ёшдаги ўз кампирини пичоқлаб ўлдиргани сабаб бўлган.

Йиғинга Ўш шаҳар қозиси Убайдулло ҳожи Сарибоев, Жапалақ қишлоқ ҳудуди раҳбари Санжар Эшманов бошчилигида қишлоқ оқсоқоллари, қишлоқ суди раҳбарлари, ҳамда милиция ҳодимлари қатнашган.

"Биз бунганча ароқ ҳаром эканини айтиб келганмиз. Ҳалол, тинч хаёт учун ҳаром нарсадан йироқ бўлишимиз зарур" - деди Ўш шаҳар қозиси.

Йиғин давомида қишлоқ ҳукуматининг 13 қишлоғида спирт ичимликларини сотадиганларга 5 мингдан 10 минг сўмгача жарима пули солиниши ҳақида қарор қабул қилинди ва бу холатни назорат қилиш учун махсус комиссия ташкил этилди.

Жапалақ қишлоқ ҳукуматида спиртлик ичимликларни сотишни бартараф этиш ташаббусини кўтарган гуруҳ вакили Талант Қодировнинг сўзларига кўра, ёшлар 300 минг сўм йиғиб, дўконлардаги ароқларни сотиб олишган.

"Қишлоқдаги дўконлардан 3 кун бери спирт ичимликлари йиғиштириб олинмоқда. Бунга 83 ёшдаги оқсоқолимизни ўз кампирини пичоқлаб қўйгани сабаб бўлди. Бундан кейин қишлоқ ёшлари биронта дўконда ароқ соттирмаймиз. Бу ташаббусни оқсоқолларимиз ҳам қўлладилар. Спирт ичимликларини сотиш билан тирикчилик ўтказаётган ҳамкишлоқларимизга бошқа тарафдан қўллов кўрсатиб турамиз. Ҳозир 300 минг сўмдан ортиқ пулга дўконлардаги ичимликларни ўз баҳосида сотиб олдик. Уларни чиқинди ташланувчи жойга олиб бориб синдирдик" - деди Талант Қодиров.

Ароқ важидан кампир ўлди

сешанба куни Ўш шаҳар милицияси Жапалақ қишлоқ ҳудудида яшаган 83 ёшли оқсоқол ўзининг 79 ёшли кампирини пичоқлаб ўлдиргани гумони билан қўлга олингани ҳақида маълумот тарқатди.

Маълум бўлишича, милициянинг навбатчи бўлимига 14 июлда соат 18:40лар чамасида Жапалақ қишлоғининг Аттоқуров кўчасида пенсия ёшидаги аёл қонга беланиб ётгани ҳақида хабар тушади. Воқеа жойига борган Ўш шаҳар милицияси раҳбарияти, тезкор тергов гуруҳи аёл, 1938 - йилда туғилган М.А. экани ва у бўйнига санчилган пичоқдан вафот этганини аниқлаган.

Тезкор тергов ишлари олиб борилиши натийжасида, бу жиноятни содир этганликда гумонланиб, кампирнинг чоли 83 ёшли Т.М. исмли шахс қўлга олинган.

У ўз кўрсатмасида: "Ўша куни бироз ширакайф эдим. Кампирим иккаламиз таомланиб ўтириб, айтишиб кетдик. Мен уни "мол-ҳолни вақтида қараб, чўп-сувини бериб қўймайсанми" деб койидим. У менга гап қайтарганда жаҳл устида, стол устидаги пичоқни уни қулоқ тагига сайиб юборганман. У бақириб, ҳовлига қочиб чиқиб кетган" - дея воқеани сўзлаб берган чол.

Терговни бошланғич натийжаларига кўра, марҳума М.А.бўйнига санчилган пичоқни ушлаган холда кўчага ёрдам сўраб югуриб чиққан. Кўп қон йўқотганлиги сабаб уйнинг олдида йиқилиб, ўша ерда жон берган. Экспертиза хулосасига кўра, гумонланувчи Т.М. ўша пайтда спирт ичимлигини истеъмол қилганлиги аниқланган.

Ҳозирда мазкур холат юзасидан "одам ўлдириш" моддаси билан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда. Жиноятга алоқадор шахс Ўш шаҳар тергов қамоғига киргизилган.

Ўз рафиқасини ўлдирганликда гумонланаётган 83 ёшли чол, кампири билан 1956-йили оила қуриб, 61 йиллик хаётлари давомида 2 ўғил ва 4 қизни тарбиялаб вояга етказганлар ва бир нечта набираларга эга.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02