Толибон лидерининг ўғли нега ўзини портлатди?

Толибон Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Худкушлик ҳужумига Афғонистон Толибон ҳаракати лидерининг ўртанча ўғли Абдул Раҳмон Холид қўл урган.

Ҳодиса ўтган пайшанба куни жанубий Ҳелманд вилоятининг Гришк туманида юз берган.

Қўшалоқ худкушлик ҳужумида Афғонистон Қуролли Кучларининг постлари нишонга олинган.

Ҳужум камида 8 афғон аскарининг умрига зомин бўлган, икки нафарини яралаган.

Толибон, ҳаракатнинг Кветта Шўроси аъзоси Би-би-сига ушбу хабарни тасдиқлаган.

Ҳаракат воизининг билдиришича, Мавлавий Ҳибатуллоҳ Охунзоданинг ўғли рўйхатда уч ойча ўз галини пойлаган.

Аммо уларнинг бу даъволарини ҳозирча мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони бўлмаган.

Агар, рост бўлса, бу - Афғонистон Толибон ҳаракатининг қарийб чорак асрлик тарихида кузатилмаган воқеълик бўлади.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Толибон 'Мансурий' амалиётини бошлади

Толибон "мамлакатида" ҳаёт қандай?

Мавлавий Ҳибатуллоҳ Охунзоданинг оила аъзоларига оид муфассал маълумотлар Би-би-сига имконли эмас.

Аммо у 2016 йилдан бошлаб Афғонистон Толибон ҳаракатига бошчилик қилиб келади ва гуруҳнинг учинчи лидери бўлади.

Мавлавий Охунзода Толибон ҳаракати асосчиси ва руҳоний раҳбари Мулла Умарга муовинлик қилган.

Афғонистон Толибон ҳаракатининг кўзга кўринган вакилларидан бири бўлган, жангари қўмондондан кўра, исломий уламо сифатида танилган.

Афғонистонда Толибон тузуми амалда бўлган йиллар (1996-2001)да Исломий Амирликнинг Бош қозиси ҳам бўлган.

Таъкидлаш жоиз, шу пайтгача худкушлик ҳужуми афғон тупроғида жанг қилаётган жангари гуруҳлар орасидан асосан "Ҳаққоний" тармоғи ва сўнгги йилларга келиб ИШИДга хос тактика сифатида кўриб келинган.

Шундай экан, воқеаларнинг бу каби ривожи нималарга далолат қилади?

Би-би-си Ўзбек Хизмати худди шундай савол билан Лондондан халқаро Мудофаа масалалари бўйича таҳлилчи Пол Рожерсга мурожаат қилди:

Пол Рожерс: Агар, бу Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсатидаги ўзгаришлар, толибларнинг бундан буёғига фаоллик билан худкушлик ҳужумларини дастаклашлари нишонаси бўлса, у ҳолда жиддий силжиш бўлади. Чунки ораларида ўзларини шаҳид қилишга тайёрлари сони озчиликни ташкил этмаса-да, Толибон ҳаракати шу пайтгача бу каби амалларга у қадар зўр бермаган. Аммо Толибон бу билан ўз стратегиясини ўзгартираётгани, бундан буёғига худкушлик ҳужумларидан фойдаланишни маъқул топаётганига ишора қилаётган бўлса, бу - жуда аҳамиятга молик воқеълик бўлади. Чунки сўнгги янгилик Толибон ҳаракати фаолиятидаги хавотирли, қарши туриш қийин бўлган бошқа бир ривожланишга далолат қилади. Чунки шу пайтгача бу тактикадан Афғонистонда ИШИД дохил бир қанча бошқа жангари гуруҳлар фойдаланиб келишган. Аммо, бошқа томондан, Гришкдаги худкушлик ҳужумининг айнан Толибон лидери ўғли томонидан уюштирилганига оид хабарлар эса, ҳаракатнинг ўз сиёсатини ўзгартиришга бир ундовга далолат қилиши мумкин.

Би-би-си: Агар, воқеалар шу тариқа ривож топадиган бўлса, бу Афғонистондаги вазият, мамлакатнинг хавфсизлиги учун нимани англатади?

Пол Рожерс: Агар, бу Толибон тактикаси ўзгаришининг нишонаси бўлса, у ҳолда бу ҳаракатнинг бундан буёғига худкушлик ҳужумларига зўр беришига далолат қилади. Сизга яхши маълумки, бу каби ҳужумларнинг олдини олиш қийин бўлади. Агар, ҳаракат ўзининг асосий эътиборини айни шу тактикага қаратадиган бўлса, Афғонистон миллий бирдамлик ҳукуматини янада қийин аҳволга солиб қўяди. Чунки афғон ҳукумати шундоқ ҳам мамлакатнинг қатор ҳудудлари хавфсизлигини таъминлай олмай ҳалак. Бошқа томондан, жорий пайтда Американинг Афғонистондаги аскарлари сонини ошириш масаласи ҳам савол остида қолган. Чунки Афғонистонга қўшимча аскар юбориш режаси ҳозир Америка Қўшма Штатларида кўплаб баҳсу мунозараларни уйғотган.

Би-би-си: Агар, ростдан ҳам, ўз ўғлини худкушлик ҳужумига юбориш билан Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбарияти ўз тактика, стратегияларини ўзгартиришни кўзлаётган бўлса, у ҳолда бу иш уларга нима учун керак? Шундоқ ҳам толиблар ўтган бир неча йилнинг ўзида бутун Афғонистон бўйлаб қайта фаоллашишга муваффақ бўлган, афғон ҳукумати ва хорижий иттифоқ қўшинларини мушкул аҳволга солиб қўйган бўлишса?..

Пол Рожерс: Ҳаракат раҳбариятининг нима учун бу ишга қўл ураётгани саволига жорий паллада жавоб бериш мушкул, назаримда. Улар янада кўпроқ ютуққа эришмоқчи бўлишса, шу каби амалларни қўллаб-қувватлашлари, уларга руҳлантиришлари шарт, деган хаёлда бўлишлари мумкин. Менимча, жорий пайтда Толибон лидерининг ўғли билан боғлиқ сўнгги янгилик ортида турган омилларнинг бундан бошқа изоҳи йўқ.

Би-би-си: Бу каби амаллар Ислом динида қатъиян маън қилинган. Агар, ўз даъволарига таянилса, Толибон ҳаракати Афғонистонда Ислом дини қонун-қоидаларига асосланган, шаръий бир давлатни барпо этишни мақсад қилган. Агар, минтақавий таҳлилчиларга баҳоларига таянилса, худди шу боис ҳам, ҳаракатбир амалга қўл ураркан, ўз обрўси ҳақида ҳам қайғуришни унутмаган. Шундай экан, масаланинг бу томони-чи?

Пол Рожерс: Ҳа, анъанавий Исломда худкушлик амаллари мутлақ маън этилган, умуман маъқулланмайди. Аммо ИШИДга ўхшаш жангари гуруҳлар ваҳобийлик оқимининг ўта радикал унсурлари талқинларидан келиб чиқиб, маълум бир вазиятларда худкушлик ҳужумларини амалга ошириш мумкинлигини даъво қилиб келишади. Шу боис ҳам, агар, Толибон ҳаракати бунга ўхшаш тактикадан кенг қўлланадиган бўлса, бу - жиддий бир ўзгариш бўлади. Уларнинг нима учун бу ишга қўл уришаётгани сабаблари ҳақида ҳам жорий паллада аниқ бир нарса дейиш қийин. Буларнинг барчаси Афғонистон Толибон ҳаракати лидери иштирокидаги худкушлик ҳужуми шунчаки бир ҳужумми ёки жиддий бир ўзгаришларнинг дебочаси экани-йўқлигига боғлиқ бўлади. Яъни, буларнинг барчасини вақт кўрсатади.

Би-би-си: Энг сўнггида таъкидлаш жоиз, Толибон ҳаракати Афғонистонда жанг қилаётган энг йирик жангари гуруҳ бўлади. Толибон жорий пайтда Афғонистон ҳудудининг 10 фоизига эгалик қилса, яна 20 фоизидан ортиқроғида уларнинг ҳозирликлари борлиги айтилади. Афғонистондаги Толибон жангариларининг сони камида 40 минг атрофида чамаланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02