Атамбаев: "АҚШ Ўзбекистон ва Қирғизистонни урушга ундаган"

Атамбаев Фото муаллифлик ҳуқуқи President.kg

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев Америка Давлат департаментининг демократия борасидаги сиёсатини танқид қилган. Унинг айтишича, АҚШдан фақат "демократия тўғрисида қўшиқлар" эшитилади, амалда эса икки қардош давлатни уриштириш сиёсати юритилади.

Атамбаев Чўлпон-Ота шаҳрида президентлик фаолияти якунларига бағишланган сўнгги матбуот анжуманини ўтказган. Анжуманда у АҚШ Давлат департаменти Марказий Осиёда олиб борган сиёсатдан норози бўлганини айтган.

Президентнинг таъкидлашича, Бишкек яқинидаги Манас аэропортида Америка ҳаво базасини ёпишдан олдин бошқа давлатлар уни огоҳлантирган. Эрон АҚШ учоқларига ракета билан ҳужум қилиши ва оқибатда қирғизистонликлар зарар кўриши мумкинлиги айтилган.

"Эсингиздами, 2014 йили марҳум Ислом Абдуғаниевич Марказий Осиёда сув туфайли уруш келиб чиқиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди. Ўша йил охирида Ўзбекистон ҳар бири қарийб 1 миллион доллар бўлган 328 та зирҳли машина олди. Мана демократиянинг баҳоси. АҚШ Давлат департаментининг демократия ҳақидаги сўзлари мана қанча туради. Амалда гиж-гижлашди", - деган у.

Атамбаевнинг таъкидлашича, АҚШдан фақат "демократия ҳақида қўшиқлар" эшитилади.

"Амалда эса "икки қардош халқни тўқнаштириш учун умуман бошқача, мутлақо даҳшатли ўйин ўйналади", - деган Президент Атамбаев.

Вашингтон ва Тошкент ўртасидаги келишувга мувофиқ, Ўзбекистон Қўшма Штатлардан ​M-ATV русумли 308 та бронетранспортер ва 20 таъмир-эвакуация машиналарини 2014 йилнинг декабр ойидан бошлаб ола бошлангани маълум қилинган эди.

Ушбу машиналарни етказиб бериш 2015 йилнинг иккинчи ярмигача давом этган. Америка уларни Ўзбекистонга текинга бергани айтилади.

Мутахассислар ​M-ATV русумли зирҳли машиналарни сақлаш қимматга тушишини ва Америка уларни Ўзбекистонга мана шу ҳаражатлар қутилиш учун ҳам туҳфа қилаётган бўлиши мумкинлигини айтишганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ