Минглаб Марказий осиёлик энди Туркияга киролмайди

Полковник Ҳалимов Фото муаллифлик ҳуқуқи video

Туркия "террорчи ташкилотларга алоқаси борлиги " гумони билан дунёнинг 146 давлатидан 54 мингга яқин кишини ўзининг "қора рўйхати"га киритган. Уларнинг Туркияга киришларини расман тақиқлаган.

Тожикистон ва Қозоғистон эса, Туркия томонининг рўйхатида юқори ўнликка кирган иккита Марказий Осиё давлати бўлишган.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Тожикистон: 'ИШИД чилар сони 700 дан ортган'

'Одно'даги даъвати' учун 10.5 йил

Россия эса, бу "қора рўйхат"да қолган барча собиқ Шўро давлатларини ортда қолдириб, юқори учликдан жой олган.

Агар, расмий хабарларга таянилса, 4128 нафар Россия фуқаросининг Туркияга кириши маън этилган.

Улар Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳи фаолиятига алоқадорликда гумон этилишган.

2011 йилдан буён худди шундай гумонда мингга яқин россиялик Туркиядан ортга депортация қилинган.

Янги "қора рўйхат" асосида 3 мингга яқин тожикистонлик, 2 минг атрофида қозоғистонликнинг ҳам Туркияга киришларига изн берилмаслиги маълум бўлган.

Рўйхатда 7 ярим мингдан ортиқ фуқаросининг Туркияга кириши маън этилиши билан Саудия Арабистони етакчилик қилган.

Оврўпо давлатлари орасидан эса, бу борада Франция "илғорлик" қилган.

2622 нафар француз Туркия Ички ишлар вазирлигининг "қора рўйхати"га тушган.

Вазирликнинг расмий веб саҳифасида ёзилишича, фуқаролари террорчи ташкилотларга алоқаси борлиги гумон этилишдан ташқари, Суриядаги қуролли низолар ҳудудига сафар қилган давлатлар бу рўйхатга киритилган.

Сурияда фуқаролар уруши бошланган ўтган олти йилдан ортиқроқ вақт ичида 300 дан ортиқ тожикистонлик ортга қайтарилган.

Туркиялик масъулларга кўра, улар Сурия билан чегарада қўлга олинишган, у ердаги экстремистик ташкилотларга қўшилмоқчи бўлишган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ўтган йил охирида ИШИД аъзоси, дея кўрилган ўнлаб фуқаролари рўйхатини эълон қилган.

Рўйхатдагилар орасида аёллар борлигини ҳам кўриш мумкин эди.

Якунида Ҳарбий вазири даражасига кўтарилган Тожикистон Ички ишлар вазирлиги махсус милиция отряди - ОМОН собиқ қўмондони Гулмурод Ҳалимов эса, ИШИД сафларидаги Марказий осиёлик энг юқори мартабали давлат ҳарбийси бўлганди.

"Қора рўйхат"га муносабат

Душанбедан етакчи журналистлардан бирининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, Тожикистон ҳукумати Туркиянинг "қора рўйхати"га оид янгиликни анчайин совуққонлик билан қарши олган.

"Чунки Тожикистон ҳукумати дунё давлатларини мамлакат ҳудудида фаолияти тақиқланиб, террорчи, дея эълон қилинган кўплаб ташкилотларга нисбатан худди ўзларидек йўл тутишга чақириб келади. Шу жумладан, Ислом Уйғониш партиясига нисбатан ҳам", - дейди журналист.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, Туркиянинг "қора рўйхати" оддий аҳоли орасида таажжуб, тушунмовчилик ва хавотирларни пайдо қилмай қўймаган.

Аён бўлишича, уларнинг наздларида, террорчилик ташкилотларига бирор бир алоқаси бўлмаган катта сондаги инсонлар ҳам бу рўйхатга тушиб қолишлари мумкин.

Бундан ташқари, Туркиянинг рўйхатидаги фуқароларга оид маълумот ва тафсилотлар Тожикистонда ҳалича эълон қилинмаган.

Худди шу боис ҳам, оддий тожикистонликлар Туркияга боришса, қўлга олиниб, ортга депортация этилишларидан қўрқувда.

Авиачипта сотиб олишдан олдин, Туркиянинг Тожикистондаги элчихонасига қўнғироқ қилиб, ўзларининг бу рўйхатда бор-йўқликларини аниқлаш ҳаракатига тушиб қолишган, дейди журналист.

Туркиянинг "қора рўйхати"да Марказий Осиё давлатлари орасидан нега айнан Тожикистоннинг етакчилик қилаётгани сабабини эса, бу суҳбатдошимиз катта сондаги мамлакат фуқароларининг аллақачон ИШИД сафларида жанг қилишаётгани, ўтган икки йил давомида айнан полковник Ҳалимов яқинлари ва ҳамтовоқларининг Туркия орқали ИШИД жанг қилаётган давлатларга ўтишга уринишгани, собиқ Ислом Уйғониш партияси дохил кўплаб диний ташкилотларнинг террорчи гуруҳлар сафига киритилгани билан изоҳлайди.

"Дейлик, собиқ Ислом Уйғониш партиясининг Тожикистонда бир неча минг аъзоси бўлган. Туркия Тожикистоннинг босими билан уларни ҳам ўзининг ана шу рўйхатига қўшган бўлиши эҳтимол", - дейди у.

Сўнгги икки йил ичида эса, ИШИД сафларидаги фуқаролари сони тожикистонлик масъуллар томонидан бир неча юзтача экани айтиб келинган.

2015 йилда эса, уларнинг сони расман 700 дан ортгани ҳам маълум қилинган.

Масаланинг бошқа томони...

Халқаро Инқироз гуруҳи ўтган йиллардаги ҳисоботларида Сурия ва Ироқда жанг қилаётган Марказий осиёликларнинг сонларини икки мингдан тўрт мингтагача эканини тахмин қилган.

Улардан аксариятининг этник ўзбеклар эканини айтганди.

Марказий Осиё давлатлари орасидан Қирғизистон ва Тожикистонда ИШИД жангари гуруҳининг фаолияти расман тақиқланган. Экстремистик ва террорчи ташкилот, деб эълон қилинган.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг 2013 йилги фармонига мувофиқ эса, ИШИД ва бошқа террорчи гуруҳларга алоқалари борлиги аниқланган инсонлар автоматик равишда мамлакат фуқаролигидан чиқариб ҳам юборилади.

Аммо, бошқа томондан, ICSR ва АҚШ Марказий Жосуслик Хизматининг 2015 йил бошида эълон қилган расмий маълумотлари ИШИД сафларидаги Марказий осиёликлар аксариятининг ўзбекистонликлар эканига далолат қилган.

Бу рўйхат тепасидан жой олган 13 давлат орасида собиқ Шўро Республикаларидан фақат Россия ва Ўзбекистонни кўриш мумкин бўлган.

Бир ярим мингта экани айтилган жангариси билан Россия юқори учликка кирган.

Руйхатда қуйи ўринда келган Ўзбекистоннинг ИШИД сафларидаги фуқаролари сони эса, 500 нафар экани айтилганди.

Туркия масъуллари ИШИД гуруҳига нисбат берган ва Янги йил кечаси Истанбулдаги тунги клубда уюштирилган ҳужумга алоқадорлик гумони билан ҳам Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган, унга қарши расмий айбловлар ҳам эълон қилинган.

Аммо, бошқа томондан, Туркия Ички ишлар вазирлигининг "қора рўйхати"га оид хабарлар Яқин Шарқда ИШИД гуруҳи деярли тор-мор этилгани, лидери ўлдирилгани ва исломий халифати якун топганига оид баёноту даъволар манзарасида кузатилган.

Ироқ ва Сурияда ИШИД сафларида жанг қилган ва қилаётган Марказий Осиё фуқароларининг сўнгги тақдирларига оид муфассал маълумотлар эса, имконли эмас.

Аммо сўнгги ойларда аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош Афғонистон ҳукумати айрим юқори мартабали аъзолари ва ҳарбийлари хавотирли баёнотлар билан чиқишган.

Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи минтақа давлатларини кўзлаб, Афғонистон шимолига 10 мингга яқин аксарияти Марказий осиёлик жангариларини сиздириш ниятида эканини иддао қилишганди.

Bi-bi-si O'zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog'lanishni istasangiz, telefonimiz: +44 78-58-86-00-02