Мособлдаги судда отишма: айбланувчилар отиб ўлдирилган

Москва вилоят суди биноси Фото муаллифлик ҳуқуқи YURIY MASHKOV/TASS

1 август куни Москва вилоят суди биносида жиноят иши айбланувчилари қўриқчилардан қуролни тортиб олишган, сўнг уч айбланувчи отиб ўлдирилган.

"ГТА бандаси" номи билан машҳур бўлган гуруҳ ташкилотчиси ва аъзолари келиб чиқишига кўра, Марказий осиёликлар бўлган.

Гуруҳ асосчиси Қирғизистон фуқароси Ибайдулло Субханов экани, жиноятларда Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон фуқаролари қатнашгани хабар қилинган.

1 августдаги отишмада 3 нафар айбланувчи ҳалок бўлган, 2 нафари оғир жароҳатланган.

Расмийлар хабар қилишларича, суд ишида танаффус эълон қилиниб, судланаётганлар соқчилар ҳамроҳлигида лифтга олиб чиқилганда ҳужум юз берган.

"Судланувчилардан бири соқчига ташланган ва уни бўға бошлаган. Натижада судланувчилар озод бўлишган ва соқчининг қуролини эгаллашган. Соқчилардан бири "Росгвардия" ходимларини чақиришга улгурган", - деди Россия Тергов қўмитасининг расмий вакили Светлана Петренко.

Суд матбуот котиби Наталья Осипованинг сўзларига кўра, ҳужумчилар соқчини гаровга олишган.

"Лифтда судланувчилар соқчилар - икки нафар полиция ходимига хужум қилишган, уларнинг қуролларини эгаллашган, ўзларини гаровга олиб суд мажлиси залига олиб ўтишган", - деб билдирди Осипова.

Отишма судланувчилар 3-қаватда, "Росгвардия" ходимларини кутиб турган жойда бошланган.

"Жиноятчилар қутилиб чиқишга уринган ҳолда отишмани бошлашди. Натижада "Росгвардия" ходими жароҳатланди, жавоб ўқларида уч нафар хужумчи: Мамадчонов, Мирзошарипов ва Субхановлар йўқ қилинди, иккки нафари - Ҳасанов ва Ғуломов жароҳатланди ва хавфсизлантирилди" - қўшимча қилди суд матбуот котиби.

Москва вилоят судидаги ҳодисада жами беш киши жароҳатланди(ҳужумчиларни ҳисобга олганда). "Росгвардия" ходими елкасидан яраланган, яна икки соқчи тан жароҳатлари олишган.

Суд биносида отишма содир бўлганлиги ҳақида биринчи бўлиб адвокат Софья Рубасская журналистларга маълум қилган. Унинг айтишича, камида 20 марта ўқ узилганини эшитган ва суд пристави яраланганини кўрган.

"Учинчи қават зинасидан тўртинчига кўтарилаётганимда яраланган пристав аёлни кўрдим, унинг юзлари қон эди. Шундан сўнг суд биносида бўлган барча одамларни кўчага чиқаришди" , - дея ҳикоя қилди Би-би-си Рус хизматига адвокат.

Кейинроқ Москва области Соғлиқни сақлаш бошқармаси хужум оқибатида икки соқчи - бир аёл ва бир эркак шифохонага жойлаштирилганини, уларда ўқ яралари йўқлигини хабар қилди.

Москва области суди матбуот котиби Наталья Осипова Би-би-сига барча ходимлар эвакуация қилинганини хабар қилди.

Гувоҳнинг Би-би-сига айтишича, суд биносига реанимация бўлими ва Тергов қўмитасининг автомобиллари келган. Воқеа жойида кўп сонли полиция ходимлари бўлган.

Марказий осиёлик жиноятчилар тўдаси

"ГТА бандаси" - тергов маълумотига кўра, Москва шаҳри ва области, Калуга областлари ("Дон"М4 трассаси) автомобил йўлларида 2014 йилнинг май ойидан ноябрь ойига қадар қотилликлар содир этган одамлар гуруҳи.

Гуруҳ аъзолари 15 нафардан зиёд Марказий осиёликлар бўлиб, уни 2012 йил март ойида қирғизистонлик Ибайдулло Субханов (у Рустам Усмонов номида сохта паспортга эга бўлган) ташкил этган. Гуруҳда укаси Холиқ Субханов (43 ёш), Зафаржон Ғуломов (27 ёш), Ҳазратхон Додохонов (34 ёш), Шержон Қодиров (31 ёш), Абдумуқим Мамадчонов (36 ёш), Анвар Улуғмуродов (40 ёш), Умар Ҳасанов ва Фазлиддин Ҳасанов (улар 31 ёш), ҳамда бошқа Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон республикаларининг фуқаролари бўлган. Уларнинг қатъий режа асосида фаолият юритгани хабар қилинган.

Гуруҳ номи Grand Theft Auto компьютер ўйинлари қаҳрамонлари номидан олинган.

Терговчиларнинг маълумотларига кўра, гуруҳ аъзолари 16 та ҳужум уюштирган, уларда 17 нафар киши ҳалок бўлган, яна 2 нафари яраланган.

"ГТА бандаси"нинг тўққиз нафар аъзоси иши бўйича терговлар 2015 йилнинг октябрида якунланган.

Гуруҳ аъзолари устидан суд 2016 йил августида бошланган.

Илк суд ишида 9 нафар барча судланувчилар ўз айбларини қисман тан олишган.

Айбланувчилар ҳакамлик судини рад этишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02