Россия Хавфсизлик Кенгаши раиси нега ноқонуний миграциядан хавотирда?

Россия Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Николай Патрушевнинг баён қилишича, ҳалиям Россияда ноқонуний мигрантлар сонини жиддий камайтиришга муваффақ бўлишмаган.

Россия Хавфсизлик Кенгаши раисига кўра, "бу каби ҳолат ижтимоий хавфсизликка таҳдид солишда давом этмоқда".

"Ҳануз мамлакатда террорчилик, чегаралароша жиноятчиликни озиқлантириши мумкин бўлган муҳитни пайдо қилмоқда, иқтисодий алоқаларнинг жиноийлашувига хизмат қилмоқда".

Россияда нега яна ноқонуний миграция ва мигрантлардан хавотирга тушиб қолишди?

Николай Патрушев бу ҳақда душанба куни Ёқутистонда бўлиб ўтган миллий хавфсизлик масалаларига бағишланган кўчма йиғин чоғида баён қилган.

Унинг таъкидлашича, хориж фуқаролари учун Россияда ишлаш шарт-шароитларининг енгиллаштирилиши, мигрантларнинг Россия жамиятига мослашиб кетишлари учун яратилаётган имкониятлар ҳам бу масалада ўзларига ёрдам бера олмаган.

Барибир, "Россияда ҳалиям ноқонуний миграция кўламини жиддий қисқартиришга муваффақ бўлинмаган".

Николай Патрушев, "мигрантлар томонидан сохта ҳужжатлардан фойдаланиш, қалбаки йўллар билан Россияда расман қайддан ўтиш ҳолларининг бугунги суръати бефарқ қараб бўлмаслик даражасида" эканини қўшимча қилган.

Санкт-Петербург: 'Мигрантлар ёмон қўрқувда...'

Россияга қарши янги санкциялар эҳтимоли Марказий Осиё учун нимани англатади?

Россия ва ўзбекистонликлар

Россия, йилларки, ҳам дунё давлатлари ва ҳам собиқ Шўро Республикалари назарда тутилганда, энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлиги учун юз тутаётган мамлакат бўлади.

Биргина расмий рақамларга таянилганда ҳам, у ерда жорий пайтда икки миллионга яқин ўзбекистонликнинг яшаб, меҳнат қилаётгани айтилади.

Агар, Россия оммавий-ахборот воситалари хабарига таянилса, 2017 йилда бу каби ўзбекистонликларнинг сони янада ортиши кутилмоқда.

Россиядаги эксперт, фаол ва кузатувчилар эса, мамлакатдаги ўзбекистонлик мигрантлар сонининг расмий рақамларга келтирилаётганидан кўра анча кўп эканини айтишади.

Бундан ташқари, айниқса, айнан сўнгги йилларга келиб, Россияда миграция тартиб-қоидаларининг жиддий кескинлаштирилиши ва патент сарф-харажатларининг ўта қимматлашуви сабаб, улар орасида ноқонуний мақомда яшаб, меҳнат қилишга мажбур бўлаётганлари сони озмунча эмаслигини таъкидлашади.

Ўзбекистон мустақиллиги ортидан кечган қарийб чорак асрлик вақт давомида "миллионлаб" сондаги фуқароларининг Россияда меҳнат муҳожирлигида банд эканликлари воқеълигига қарамай, фақат ўтган йили янги президенти Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидангина айни муаммо ҳукумат даражасида эътибор топган.

Шавкат Мирзиёевнинг шу йил апрель ойида Москвага қилган давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон фуқароларини Россияда ташкиллаштирилган тартибда ишга ёллаш ҳақида шартнома имзоланган.

Россияда ишлаётган ўзбекистонликларни "дангасалар", деб атаган марҳум президент Ислом Каримовдан фарқли тарзда, Ўзбекистоннинг янги раҳбари уларни "фарзандларимиз", дея тилга олган.

Шавкат Мирзиёев меҳнат муҳожирлари муаммоси ўзини ўтган 15 йил давомида қийнаб келганлигини айтган.

Келажакда бу каби ўзбекистонликлар ўз ватанларида ҳам иш топа оладиган бўлишларини таъкидлаганди.

Чиқиш ва мақсад

Ғарбнинг янги санкциялари истиқболи ва келаси йил бошида кутилаётган Россия президент сайловлари манзарасида Хавфсизлик Кенгаши раиси Николай Патрушевнинг ноқонуний миграция таҳдидидан айни мазмундаги огоҳлантириши аксарият минтақавий таҳлилчиларнинг эътиборларидан четда қолмаган.

Уларга кўра, бу - россияликларга қаратилган информацион, мафкуравий, психологик бир сиёсат бўлади.

Бундан мақсад эса, "расмий Кремль, шахсан Россия Президенти Владимир Путин ва унинг атрофидаги шахсларнинг мавқеъларини мустаҳкамлашга қаратилган".

"Россиядаги сайловлар йили ва санкциялар фонидаги ижтимоий инқирознинг кучайиб бориши, Россиядаги иқтисодий рецессиянинг чуқур илдиз отиши билан боғлиқ бўлган ижтимоий кайфият ва унга қарама-қарши восита сифатида хавфсизликнинг таклиф қилиниши...", - дейди, жумладан, Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

"Яъни, жамиятга, "оч бўлишларинг мумкин, иқтисодий қийналишларинг мумкин, лекин террор хавфи турганида, ҳокимиятга рози бўлишларинг ва уни қўллаб-қувватлашларинг керак", деган бир мужда юборилаяпти".

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, Россия Хавфсизлик Кенгаши раисининг чиқишидан яна бир мақсадни англаш мумкин.

Унинг айтишича, "Расмий Кремль меҳнат муҳожирлари сони ва уларга босим ўтказиш орқали, айни пайтда, ўзига геосиёсий ресурс ҳам шакллантирмоқда".

Менинг назаримда, бу билан Марказий Осиёга бир сиёсий-психологик босим ўтказиш мақсади истисно қилинмайди, дейди таҳлилчи суҳбатдошимиз биз билан суҳбати якунида.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга давлат ташрифи арафасида Санкт-Петербург йирик портлаш ҳодисасига саҳна бўлган.

Унинг худкушлик ҳужуми экани, асли қирғизистонлик ўзбек миллатига мансуб 22 ёшли Акбаржон Жалилов томонидан уюштирилгани иддао қилинган.

Портлашга алоқадорлик гумони билан пойтахт Москва ва Санкт-Петербургда ораларида ўзбекистонликлари ҳам дохил барчаси Марказий Осиё фуқаролари бўлган ўндан ортиқ киши ҳибсга олинган.

Орада кечган вақт давомида улардан аксариятига расман "Террорчилик" билан боғлиқ айбловлар ҳам илгари сурилган.

Аммо бу портлашга масъулиятни Шимолий Кавказдаги "Имом Шомил батальони" ўз зиммасига олиб чиққанди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар