Толибон юзлаб одамни озод қилган, аммо 'жасадларни қайтармаган'

Толиблар Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Улар Афғонистоннинг Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум лидерининг ўғли ўтгани айтилган шимолий Сарипул вилояти Сайёд туманидаги қишлоқда беш кундан буён толиблар тутқунида бўлишган.

Бунча одамни гаровга олишдан аввал Толибон ИШИД билан бирга Мирзавалангда болалар ва аёллар дохил ўнлаб кишини "шафқатсизларча қириб ташлаган".

Шимолий Афғонистон: 'Жангарилар ўнлаб одамни қириб ташлашди'

Тоҳир Йўлдошнинг ўғли ўтгани айтилган туманда қонли ҳужум

Сарипул вилояти ҳокими матбуот воизининг айтишича, ҳалиям катта сондаги одам қишлоқда қамалиб қолишган.

Кобулдаги мухбиримиз Фазл Аҳмад Ёлғузнинг айтишича, қишлоқ юзлаб сондаги толиблар томонидан ўраб олинган, унга элтувчи барча йўллар тўсиб қўйилган.

235 нафар одам эса, вилоят ҳокими ва қавм оқсоқолларининг орага тушишлари, толиблар билан тил топишишлари ортидан қўйиб юборилган.

Бироқ Сарипул ҳокими Муҳаммад Зоҳир Ваҳдатнинг маҳаллий "Tolo News" телевизион каналига айтишича, толиблар, барибир, жасадларни қайтаришга рози бўлишмаган.

Тафсилотлар

Толиблар Мирзаваланг қишлоғини ўтган ҳафта, пайшанба куни бошлаган икки кунлик қақшатқич жанглари ортидан қуршаб олишган.

Мухбиримиз Фазл Аҳмад Ёлғузнинг айтишича, қишлоқ қамалида ИШИД жангариларининг иштироки бўлмаган.

Улар жанглар ортидан, толиблар билан урушиб қолиб, минтақани тарк этишган.

Толиблар ҳануз қишлоқда қоларкан, ИШИД жангариларининг ҳозир айнан қаерда эканликлари маълум эмас.

Сўнгги ойларда уларнинг Афғонистоннинг Сарипул ва Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Жаузжон вилоятида ўта фаоллашиб боришаётгани кузатилади.

Марҳум Тоҳир Йўлдош ўғлининг ҳам Сарипулнинг Сайёдидан кейин айнан Жаузжоннинг Дарзобига ўтгани айтилган, унинг Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи байроғи остида афғон ҳукуматига қарши жанглар бошлаш ниятида экани ҳам айтилганди.

Мухбиримизга кўра, юзлаб толибларнинг ҳозирликларига қарамай, Мирзаваланг қишлоғи ҳозир тинч.

Минтақани жангариларидан тозалаш учун эса, бугун Афғонистон Ички ишлар вазири муовини Сарипулга жўнаб кетган.

Афғонистон Қуролли кучларининг Афғонистон шимолидаги бўлинмасидан вилоятга Мозори Шариф ва Жаузжон орқали юзлаб мадад кучлари юборилган.

Тутқунлар

Толибон сешанба куни қўйиб юборган икки юздан ортиқ тутқун вилоят марказига келтирилган.

Сарипул ҳокимининг айтишича, "тутқундагилар шу қадар шокда бўлишганки, ҳатто, қишлоқда қанча одам қолгани ҳақида ҳам бир сўз айта олишмаган".

Сайёд сўнгги йилларда Сарипулнинг нисбатан беқарор тумани сифатида кўриб келинса-да, ораларида хорижликлари ҳам борлиги айтилган бунча катта сондаги жангариларнинг қандай қилиб кутилмаганда бу қадар ҳужум уюштириш, бутунбошли қишлоқни қамал қилишга муваффақ бўлишгани сабаби маълум эмас.

Маҳаллий масъулларга кўра, қурбонлар ва гаровдагиларнинг аксарияти шиа мусулмонлари бўлишган.

Яқин Шарқ ва Афғонистондаги бу яқин йиллардаги жанг тажрибаси таҳлил этилганда эса, шиа мусулмонларини, одатда, ИШИД гуруҳи нишонга олиб келган.

Аммо, жанглардан қарийб бир ҳафта ўтаётган эса-да, ИШИД Сайёддаги қонли ҳужум юзасидан бирор бир баёнот билан чиқмаган.

Бундан бир ойча бурун Нато ва Америка кучларининг Афғонистондаги Бош қўмондони ИШИДнинг учинчи лидерини ҳам ўлдиришга муваффақ бўлишганини баён қилган, аммо генерал Николсоннинг бу баёнотига ҳам гуруҳ бирор бир муносабат билдирмаган.

Аммо шу пайтгача гуруҳ Абу Сайиднинг ўрнига ўзининг Хуросон қаноти янги раҳбари этиб кимни тайинлагани маълум эмас.

Толибон эса, фақат 30 га яқин афғон ярим ҳарбийсини ўлдирганликларини айтиб, катта сондаги одамларнинг қириб ташланиши ҳодисасига ўзларининг ҳеч бир алоқалари йўқлигини айтган.

Бунга қўшимча, Сайёдга ИШИД билан бирга ҳужум қилганликларини ҳам рад қилган.

Ҳамкорлик

Бу икки жангари гуруҳнинг Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимоли ва шимоли-шарқида ҳамкорликда уюштирган дастлабки қонли ҳужуми 2015 йилга тўғри келади.

Икковлон иттифоқчиликда Тожикистонга қўшни Қундуз вилоятига ҳар томондан ҳужум қилишган, муайян муддатга вилоят марказини босиб олишган.

Бу - толибларнинг Исломий Амирлигини қулатилган 2001 йилдан буён Афғонистонда қўлга киритган энг йирик юутуғи сифатида баҳо топганди.

Аммо Сарипулдаги сўнгги "қирғин" унга қўшни Жаузжон вилояти ИШИД ва Толибон ўртасидаги устма-уст шиддатли жангларга саҳна бўлишидан қисқа вақт ўтмай кузатилмоқда.

Сўнгги ойларда эса, бутун Афғонистон бўйлаб жангарилар ҳужумларининг фаоллашгани кузатилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, биргина жорий йилнинг 6 ойи ичида жангарилар Афғонистонда икки мингга яқин тинч фуқаронинг умрига зомин бўлиб улгуришган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02