"Новгородда озари ва марказий осиёлик сотувчилар дўппослашган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Нижний Новгород

Нижний Новгород маҳаллий нашрлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидаги ўз манбаларига таяниб, Нижний Новгород шаҳрининг Канавин туманидаги мева бозорида кавказлик ва Марказий осиёлик савдогарлар орасида тўқнашув рўй бергани ҳақида хабарларни билдирмоқда.

Маҳаллий нашрларда ёзилишича, 15 август куни Кузбасс мева бозорида 200га яқин муҳожирлар иштирок этган тўқнашув полиция ва ОМОН ходимлари томонидан бостирилган.

Пичоқлар ишлатилган муштлашувда ўнлаб муҳожирлар тан жароҳатлари олишган, 1 киши шифохонага ётқизилган, 20 киши полиция ходимлари томонидан маҳкамага олиб кетилгани айтилади.

Айтилишича, 17 август куни эрталаб озарбайжонлик савдогарлар бозордан марказий осиёлик тадбиркорларни чиқариб ташлашни талаб қилиб норозилик акциясини ўтказишгач, бозор ёпилган. Кўчани полиция эгаллаб, ҳаракатлар тўхтатилган. Бозор ичкарисида текширув ишлари ўтказилмоқда.

Би-Би-Си ўзбек хизмати Ички ишлар вазирлиги Нижний Новгород бошқармаси билан боғланди, аммо расмий мазкур жанжал юзасидан изоҳ бермади. Бозор ва кўчанинг ёпилгани борасидаги саволни "миграция қонунчилигининг бузилишини олдини олиш чора-тадбирлари ўтказилаётгани" билан изоҳлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳибсга олинганларнинг фуқаролиги маълум қилинмади.

Ҳодисани яқиндан ўрганган "Открытый Нижний» шаҳар портали журналисти Валентин Котов жанжал тарвузнинг нархи борасидаги тортишувдан келиб чиққанини билдирди.

"Нижний Новгород вилояти ИИБ матбуот хизматининг расман билдиришича, жанжал борасидаги илк маълумот 15 август куни соат 15ларда келиб тушган. Полиция ходимлари етиб борганида ҳеч қандай тўқнашувни кўришмаган, дейишди. Аммо бозор қоровуллари ўнлаб кишилар иштирок этган жанжални гувоҳи бўлишганини айтишди. Шу куни кечки пайт бозордан узоқ бўлмаган шифохонага елкасидан жароҳатланган муҳожир мурожаат қилган", деб ёзади Котов.

Россия матбуоти иқтибос келтирган гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳозирча тўқнашув иштирокчилари озарбайжонлик ва тожикистонлик савдогарлар эканлиги маълум.

Би-Би-Си ўзбек хизмати Новгородда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари билан боғланди.

"Бу ерда ўзбекистонликлар кам, бори ҳам оддий ишчилар. Бозорларда тарвуз сотувчилар озарбайжонлар. Тожикистонликлар ҳам бор. Бир бирига ўхшашгани учун ажратиш қийин, аммо гапидан ажратса бўлади, - дейди жиззахлик Махмуд. - Ҳаммамизни муносабатларимиз яхши, мева олгани борсак, ўзбек бўлсак ҳам, земляк деб мурожаат қилишади. Ҳамма ёшлар бозорда, савдо йўқ пайти ҳазиллашиб тортишиб туришганини кўрганман, лекин шу пайтгача катта жанжал бўлмаганди. Ёки биз эшитмаганмиз".

Newsnn.ru маҳаллий нашри 16 август куни бозорда полицияга олиб кетилган 20 нафар муҳожирнинг полиция маҳкамасида сақланаётганини маълум қилган.

Федерал хавфсизлик хизматининг истеъфодаги генерал-майори Александр Михайлов Newsnn.ru маҳаллий нашрига мигрантлар тўқнашуви ҳақида изоҳ бериб, "ўта қаттиққўллик билан ҳаракат қилиш лозим"лигини айтган. "Иккала томонга ҳам ўта қаттиқ чоралар кўрилиши керак.. Озарбайжондан келганлар ўз талабларини айтмасликлари ва бозорда ким савдо қилиши кераклиги борасида кўрсатма бермасликлари учун ҳам, ваҳоланки, бу энг камида бемаъниликдир" - деди Newsnn.ru га полиция генерал-лейтенанти Михайлов.

Кузбасс мева бозоридаги ҳодиса иштирокчиларининг шахслари ва миллати маълум қилинмагани сабабли, улар орасида ўзбекистонлик фуқароларнинг бор ё йўқлиги ноаниқлигича қолмоқда.

Санкт-Петербургдан 400 дан ортиқ муҳожир ҳайдалган

Москвада қирғизистонлик муҳожир пичоқлаб ўлдирилди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02