Назарбоев: "Лотин алифбосига ўтиш - рус тилидан воз кечиш эмас"

назарбоев Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев мамлакатнинг лотин алифбосига ўтиши борасида гап-сўзларга жавоб берган. "Хабар" телеканалига гапирган Назарбоев лотинчага ўтиш рус тилидан ва унда ишлатиладиган кириллчадан воз кечишни англатмаслигини айтган.

"Лотин алифбосига ўтганимиз билан биз рус тилидан қочиб кетамиз деганимиз йўқ. Лотинчага ўтиш рус тилидан, кирилчадан воз кечтириш дегани эмас. Лотинча илк навбатда қозоқ тилига тааллуқли бўлади. Қозоғистондаги русийзабонлар учун рус тилида чоп қилинадиган барча нашрлар кирилл имлосида қолади", - деган у.

Назарбоев лотин алифбосига ўтиш муҳим масала эканлиги ва бу борада катта ишлар қилинаётганини айтган.

"Яқинда мен бу борада шуғулланаётган олимлар, тилшуносларни бир ерга тўплаб, маслаҳатлашиб бир режага келамиз", - деб айтган Назарбоев.

2012 йилнинг сўнггида Қозоғистон давлат тилини лотин алифбосига ўтказиш борасида қарор берди. 2017 йилнинг охиригача қозоқ лотин имлосининг ягона стандардтини ишлаб чиқиш борасида Президент Назарбоев топшириқ берган.

Марказий Осиёда Қирғизистон ва Тожикистон кирилл алифбосидан фойдаланади. Ўзбекистонда лотинчага ўтиш жараёни 24 йилдан бери тўлиқ амалга ошмаган. Туркманистон ва Озарбойжон давлатлари тўлиқ лотин алифбосига ўтишган.

Бугунги кунда Лотиндаги Қозоқ алифбосидан Туркия ва бошқа Ғарб давлатларида яшайдиган Қозоқ диаспораси вакиллари фойдаланадилар.

Бироқ бу алифбо ҳеч қандай мақомга эга эмас.

Шунингдек, ватанини тарк этган Қозоқ муҳожирлари Қозоқ Араб алифбосини ҳам қўллайдилар.

Қозоғистонда 1929 йилдан 1940 йилгача фойдаланилган Лотин алифбоси Яналиф ёки янги Турк алифбоси деб кўрилган.

Яналиф СССРда ташкил қилинган янги алифбо бўйича махсус қўмита томонидан тузиб чиқилган.

Қозоғистонда Лотин алифбосига ўтиш масаласи 2007 йилдан буён муҳокама этилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02