Тожикистонда ақиқа ўтказиш тақиқланди

Тожикистонда бир неча йилдан бери тўйлар ва одатларни тартибга солиш ҳаракат қилинади
Image caption Тожикистонда бир неча йилдан бери тўйлар ва одатларни тартибга солиш ҳаракат қилинади

Тожикистон парламенти қонунга ўзгартиришлар киритиш орқали мусулмонлар учун суннат амал бўлган ақиқа маросимини тақиқлади. Бундан ташқари тожикистонликларга миллий кийимларда юриш мажбурий қилиб қўйилди. Кузатувчилар бу билан ҳижоб ва калта кийимларга тақиқ қўйилиши мумкинлигини айтишмоқда.

Тожикистон парламентининг қуйи палатаси "Анъаналар ва урф-одатлар тартибга солиш" тўғрисида қонунга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолаган.

Унда Ислом дини буйруқлари бўйича чақалоқ туғилгандан сўнг 7 - куни ўтказиладиган ақиқа маросимга ҳам тақиқ қўйилганини кўриш мумкин. Ақиқада ўғил болалар учун икки, қиз бола туғилганда бир қўй сўйиш суннат амал ҳисобланади.

"Тожикистон Ислом маркази уламолар кенгаши раиси Саидмукаррам Абдуқодирзода дупутатлар олдида чиқиш қилиб қабул қилинган ўзгартиришларнинг бирортаси ҳам Ислом қонун-қоидаларига зид келмаслигини айтди", - деб ёзди парламентнинг расмий веб саҳифаси.

23 август куни бир овоздан қабул қилинган қонунга ўзгартиришларда "жисмоний ва юридик шахслар миллий маданият хусусиятига амал қилишга - давлат тилини билишга ва миллий кийим кийишга мажбур", - дейилади.

Расмийлар қонуннинг ушбу моддасини бузган шахсларга нисбатан жазо тайинланишини маълум қилган. Тез орада миллий кийимларни кийиш бўйича тавсиялар ёзилган махсус буйруқ чиқиши айтилган.

Маҳаллий кузатувчилар ушбу қонун билан расмийлар мусулмонларнинг ҳижобига қарши бошланган кампанияни қонунан тақиқлаб якунига етказганлигини айтмоқда.

Бироқ амалдорлар ўзгартиришлар ҳижобга қарши эмас, балки тожик миллий анъаналари ҳамда динига зид бўлган ярим яланғоч кийимларга қарши эканлигини таъкидлашади.

Ҳижоб Президент Имомали Раҳмон томонидан миллий анъаналарга бегона қадрият сифатида эътироф этилган.

"Яратганни ақл билан танийди ва унга ҳижоб кийиб, салла ўраб ёки соқол қўйиб эмас, балки қалб билан бўйсиниш керак", - деган Президент Имомали Раҳмон.

Бундан ташқари хонадондан майит чиққанидан сўнг 7, 40 ва "йили" каби маросимларда йирик чорва моли сўйиш тақиқланган.

Энди ўғил болани хатна қилдириш тўйлари оила даврасида хонандаларни чақирмаган ҳолда ўтказилади. Хатна қилдириш ота-онанинг розилиги билан ўғил бола туғилгандан 20 куннинг ичида тиббий муассасада текинга амалга оширилади.

Шу билан бирга яна бир неча одатлар ва халққа дастурхон ёзишлар бекор қилинган.

Президент расмий сайтида ушбу чоралар ота-оналарнинг маблағини тежаш ва аҳолининг турмуш тарзи даражасининг тушиб кетишини олдини олиш мақсадида қилингани айтилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ