Мудофаа вазири: ‘Ўзбекистон Тожикистоннинг ташвишларини тушунади’

Чегара

Абдусалом Азизовнинг пойтахт Душанбеда баён қилишича, "Ўзбекистон МДҲ жанубий чегаралари мудофаа қобилиятини таъминлаш учун қўлидан келган барча ишни қилади".

Хабарларга кўра, Ўзбекистоннинг янги Мудофаа вазири бу ҳақда россиялик ҳамкасби Сергей Шойгу билан учрашуви чоғида баён қилган.

Тафсилотлари видеолавҳамизда, назардан қочирманг.

Икковлон ўртасидаги мулоқот МДҲга аъзо давлатлар Мудофаа вазирларининг 12 октябрь куни Тожикистон пойтахтида бўлиб ўтган йиғини теграсида бўлиб ўтган.

Абдусалом Азизов шу йил 4 сентябрь куни Қобул Бердиевнинг ўрнига Ўзбекистон Мудофаа вазири этиб тайинланганди.

Унгача Абдусалом Азизов Ўзбекистон Ички ишлар вазири бўлган.

Ўзбекистон мудофаа вазирига кўра, мамлакати раҳбарияти "Тожикистоннинг МДҲ жанубий чегараларидаги вазият борасидаги ташвишларини яхши тушунади".

Унинг ишонтиришича, "Қаердаки Ўзбекистоннинг иштироки лозим бўлса, ҳукумати бир четда қўл қовуштириб қараб турмайди".

Президент Мирзиёев: 'Афғон можаросининг ечими - шартсиз мулоқот бўлади'

Тожикистон: 'Афғонистон билан чегарада қўшимча ҳимоя чизиғи яратилмоқда'

Ўзбекистон, Тожикистон, Афғонистон...

"Бизнинг ҳам Афғонистон билан чегарамиз бор. Дейлик, Тожикистон ёки Қирғизистонда нимадир юз берса - бунинг, сўзсиз, Ўзбекистонга таъсири бўлади", - деб айтган Абдусалом Азизов.

"Чунки бу ерда сўз ягона, яхлит, бир организм, битта қон айланиш тизими ҳақида кетмоқда. Баъзи ўринларда давлатларимиз ўртасида, ҳатто, чегаранинг ўзи йўқ. Худди шу боис ҳам, бу йўналишда уюшқоқлик ва ҳамкорлик жуда муҳим".

Ўзбекистон Мудофаа вазири наздида, "агар, минтақа давлатлари маълумотларни ўз вақтида айирбошлашса, муаммоларни кечиктирмай, ҳамкорликда ҳал этишса - ҳаммаси жойида бўлади".

Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида эса, сўнгги бир неча йилнинг ичида хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг жиддий издан чиққани кузатилади.

У ерларда толиблар билан бир қаторда Яқин Шарқдаги ИШИД жангариларининг ҳам фаоллашишга муваффақ бўлишгани айтилади.

Вужудга келган бу каби вазият эса, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари қолиб, Россия ва Хитойнинг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Орада ноқонуний қуролли гуруҳларнинг Афғонистондан Тожикистонга кесиб ўтиш ҳаракатида бўлганликларига оид ўндан ортиқ ҳолатлар қайд этилганига оид хабарлар ҳам олинган.

Ўзбекистон Мудофаа вазири Абдусалом Азизовнинг Тожикистонга уч кунлик сафари бугун - 13 октябрь куни ўз ниҳоясига етади.

Тожикистон томонига кўра, бу - Ўзбекистон Мудофаа вазирининг ўтган 20 йил деганда Душанбега илк ташрифи бўлган.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Мудофаа вазири уч кун ичида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан ҳам учрашишга улгурган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар