Қозоғистонлик фермерлар пахтани машинада теришни афзал билмоқда
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қозоғистонлик фермерлар пахтани машинада теришни афзал билмоқда

Ўзбекистон ўзи ишлаб чиқарган пахта териш машиналарининг асосий қисмини Туркманистонга сотаркан, қўшни Қозоғистон фермерлари қўл теримдан машина теримни афзал билмоқда. Уларнинг айтишича, сўнгги турдаги машиналар пахтани тез, сифатли ва арзон теради.

Мақтаарал туманида фермерлик қилувчи Алайдар Арапов 90 гектар ерига истаса пахта, истаса қовун ё бошқа маҳсулот экади.

65 гектар жойга пахта эккан Алайдар Араповнинг Би-би-си Ўзбек хизматига айтишича, 1 тонна машинада терилган пахта унга 20 минг танга (60 доллар)га тушади. Шунча миқдордаги қўлда терилган пахта учун 30 минг танга (90 доллар) тўлашига тўғри келади.

Алайдар оға ўтган йили даладаги пахтасини 100 фоиз комбайн билан териб олган. Бу йил ғўзага кўсак қурти тушгани боис пахталар яхши очилмаган. Шу сабаб 65 гектар жойдан 25 гектарини қўлда териб олишга мажбур бўляпти.

"Машинада териш ҳар томонлама қулай. Бир комбайн бир кунда 10-15 гектар ерни ўриб ташлайди. 40 гектарни 4 кунда териб олдик. Қолган 25 гектарини 2 ҳафтадан бери ҳали ҳам теряпмиз. Кунига бир гектардан териб оляпмиз", дейди у.

Фермернинг айтишича, пахтани териб олиш учун хусусий корхоналар ва якка тадбиркорлар фермерларга пахта териш машинасини ижарага таклиф қилади.

Ҳар икки томонда ҳам ижара нархи бир хил. Бироқ корхонадан комбайн ижарага олинса, пахтани ҳам ўша корхона сотиб олади.

Якка тадбиркорлардан машина олиб пахтасини тердирган фермер уни истаган жойига ўзи сотиши мумкин.

Сўнгги йилларда Америкадан келтирилган комбайнлар пахтани олдингиларига қараганда сифатли термоқда. Шу вақтгача қўл терими юқори навларга топширилган бўлса, энди машинада терилган пахталар ҳам олий навларга топширилмоқда.

"Ҳар йили Ўзбекистондан одамлар келиб терарди. Бу йил ҳам бор, аммо жуда оз. Бир сабаби бу йил Ўзбекистонда ҳам яхшигина ҳақ тўлашаётган экан. Иккинчидан Қозоғистондаги фермерлар йилдан йилга пахтани машинада териб олишни афзал билмоқда", - дейди Алайдар Арапов.

Қозоғистонлик фермерлар бир тонна пахтани 537 долларга сотади. Бир гектар жойдан ўртача 2 тонна пахта териб олишади.

Қозоғистоннинг жанубий вилоятида бир йилда 280-300 минг тонна пахта териб олинади ва фермерлар ўзи истаган одамига сотиши мумкин.

Ўзбекистондан фарқли равишда қозоғистонлик фермерлар пахтани ўзи истаги билан теради. Давлат уларни бу ишга рағбатлантириш учун учун бюджет ҳисобидан имтиёзлар ва маблағлар беради.

Ўзбекистон ҳам бир неча йиллардан бери пахтанинг асосий қисмини машина ёрдамида териб олиш борасида ваъдалар бериб келади.

Бироқ амалда бу ваъдалар бажарилмай қолаётганини кўриш мумкин.

Ҳар йили пахта далаларида мустақил равишда мониторинг ўтказадиган журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоллари далаларда пахта тераётган машиналарга кўзи тушмаганини айтишади.

Бу йил Ўзбекистонда 550 та пахта териш машинаси ишлаб чиқарилган.

Бироқ уларнинг 500 таси қўшни Туркманистонга сотилган.

Ҳукумат нима учун бундай йўл тутгани борасида изоҳ бермаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар