Қирғизистон: Оддий ўқитувчиликдан президентликкача...

Янги президент Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Якшанба кунги президент сайловида асли Ўш вилоятилик, амалдаги президент Алмазбек Атамбаевнинг "Социал Демократлар партияси"дан бўлган Сўўрўнбай Жээнбеков ғалаба қозонди.

Шу соатларда имконли бўлган маълумотларга кўра, президент Атамбаев "дастаклаган"и иддао қилинган бу номзод сайловчилар овозининг ярмидан кўпини қўлга киритиб бўлган.

Қирғизистонда амалда бўлган сайлов қонунчилигига мувофиқ, бунча сондаги овоз ўша номзодни ғолиб, деб эълон қилиш учун кифоя қилади, иккинчи босқич сайловларни чақиришга ҳожат қолдирмайди.

Тафсилотлари видеолавҳамизда, назардан қочирманг.

Сайловда унинг асосий рақиби сифатида кўрилган ва жамоатчиликка Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев дастаклагани айтилган мухолиф номзод Ўмурбек Бабанов эса, 30 фоиздан сал кўпроқ овоз тўплаган.

Кузатувчи ва таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича, бу - Қирғизистон учун тарихий сайлов бўлган.

Мамлакатда 1991 йилдан буён қудрат алмашинуви сайлов орқали, тинч йўл билан амалга ошишига замин пайдо бўлган.

Президенлик сайлови: Ўшликлар кимга овоз беради?

Қирғизистоннинг бундан аввалги икки президенти оммавий намойишлар орқали ҳокимиятдан четлатилган.

Мамлакатда 2010 йилдан буён амал қилиб келаётган конституцияга мувофиқ, президентларнинг ваколати 6 йиллик муҳлат билан чекланган.

2011 йилги сайловда президент этиб сайланган Алмазбек Атамбаев ҳам муддати тугагач, бирор бир йўл билан ўз курсисида қолиш нияти йўқлигини ҳали бундан анча аввал баён қилган.

Аммо якшанба кунги сайловга Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасидаги даҳанаки жанг ўз соясини солмай қолмаган.

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев қозоғистонлик ҳамкасбини мамлакати ички ишлари ва сайловига аралашишда айблаб чиққан.

Қозоғистон расмийлари Ўмурбек Бабановни янги президент сифатида кўриш истагида эканликларини даъво қилган, унинг бу иддаоларини ҳам нефть корчалони бўлган Ўмурбек Бабанов ва ҳам расмий Остона кескин рад этиб чиққан.

Қирғизистон раҳбарининг бу баёнотига жавобан, Қозоғистон ўзаро чегарадаги ўтиб-қайтиш тартибини кучайтирган, бунинг натижасида назорат-ўтиш пунктларида одамлар ва транспорт воситаларининг узундан-узоқ навбати вужудга келган.

Сўўрўнбай Жээнбеков

Агар, имконли бўлган маълумотларга таянилса, Сўўрўнбай Жээнбеков катта сиёсат сари йўлини оддий ўқитувчиликдан бошлаган.

2007 йилда вазир даражасига кўтарилган, Қирғизистон Қишлоқ Хўжалик вазири этиб тайинланган.

2010 йилги инқилоб ортидан, 5 йил жанубий Ўш вилоятига ҳокимлик қилган.

Бунинг ортидан, Алмазбек Атамбаев уни Бишкекка чақириб олган.

Унга аввалига кадрлар масаласини ишониб топширган, кейин ўтган йил март ойида президент маъмурияти раҳбарининг биринчи муовини этиб тайинлаган.

Орадан бор-йўғи бир ой ўтиб, Сўўрўнбай Жээнбеков Қирғизистон Бош вазири даражасига кўтарилган.

Президент сайловига ўз номзодини илгари суриш учун шу йил август ойида Бош вазирликдан истеъфо берган.

Унинг бутун сиёсий карьераси Алмазбек Атамбаев номи билан чамбарчарс боғлиқ экани айтилади.

Хабарларга кўра, Ўшда Жээнбековлар клани катта қудратга эга, деб кўрилади.

Маълум бўлишича, укаси Асилбек Жээнбеков 2011-2016 йиллар оралиғида Қирғизистон парламенти спикери бўлган.

Акаси Жусупбек Шарипов Қирғизистоннинг Қувайтдаги элчиси бўлади.

Марҳум акаси Канторо Шариповнинг Жалол-Обод шаҳридаги Молия институти ректори бўлгани айтилади.

Сўўрўнбай Жээнбеков бир қиз ва бир ўғилнинг отаси бўлади, рафиқаси ҳеч ерда ишламайди, уй бекаси бўлади.

Алмазбек Атамбаевнинг президентлик ваколати расман шу йилнинг 1 декабрь куни ўз поёнига етади.

Худди шу куни янги президентнинг инаугурация маросими бўлиб ўтиши шарт, деб кўрилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02