Масжидга қарши ҳужум: Ўнлаб одам ўлдирилган

Кобул Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Гардез, Ғазна ва Қандаҳор ортидан бу гал пойтахт Кобул ҳужум нишонига айланган.

Худкуш ҳужумчи камида 30 кишини масжиднинг ичкарисида ўлдирган.

Ҳужум нишонига айланган Имом Замон масжиди шиа мусулмонлариники бўлган.

Воқеа шоҳидларидан бирининг Би-би-сига айтишича, Кобул ғарбидаги бу масжид, гўёки,"жанг жабҳасига айланган".

Худкуш ҳужумчи аввалига жума намозига тўпланган мусулмонларни ўққа тутган, сўнгра портловчи моддасини портлатган.

Ҳужумда қанча одамнинг яралангани ва ҳужумчининг тақдирига оид маълумотлар ҳозирча имконли эмас.

Шу соатларда Афғонистон тупроғида жанг қилувчи бирор бир жангари гуруҳ бу ҳужумга масъулиятни ўз зиммасига олиб чиқмаган.

Аммо бутун Афғонистон бўйлаб шиа масжидларини, одатда, ИШИД гуруҳи нишонга олиб келган.

Афғонистон: Толибон бир кунда 100 га яқин кишини ўлдирди

Шимолий Афғонистон: 'Жангарилар ўнлаб одамни қириб ташлашди'

"Франс-Пресс" ахборот агентлигининг хабар беришича, ҳозир ҳужум сатҳида махсус экспертлар иш олиб боришмоқда, портловчи модданинг нима бўлганини ўрганишмоқда.

Куни-кеча Кобул полицияси хушбин баёнот билан чиққан, портловчи моддалар тўлдирилган юк машинасини ҳайдовчиси билан қўлга олишга муваффақ бўлишганини айтишганди.

Афғонистонда пойтахтида масжид сўнгги бор шу йилнинг август ойида юз берган, ҳодисада 20 дан ортиқ намозхон қурбон бўлганди.

Май ойида юк машинаси воситасида уюштирилган қонли ҳужум эса, 150 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлганди.

Бу - ўтган уч кун ичида Афғонистон уюштирилаётган тўртинчи қонли ҳужум бўлади.

Шарқий Гардез, Ғазна ва жанубий Қандаҳор вилоятларида уюштирилган ҳужумлар ўнлаб қурбонларга сабаб бўлган, катта сондаги инсонни яралаган.

Улардан аксарияти полиция ходимлари ва афғон аскарлари бўлишганди.

Афғонистон Толибон ҳаракати Президенти Дональд Трамп бошчилигидаги янги АҚШ маъмуриятини мамлакатдан ўз қўшинларини буткул олиб чиқиб кетишни талаб қилган, акс-ҳолда "уруш ўзларининг қонуний ҳақлари" бўлишини айтганди.

АҚШ янги президенти қарийб бир йил деганда ўзининг Афғонистонга оид янги стратегиясини очиқлаган, Афғонистонда ўзларининг ҳарбий ҳозирликларини кучайтириш истагида эканликларини баён қилган, аммо сулҳ учун ҳам эшиклари очиқ қолишини қўшимча қилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02