Аҳмадбойдан куйиб қолган ўзбеклар Туркияда иш изламоқда

Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларидан келаётган меҳнат муҳожирларининг аксарияти Туркияда ноқонуний ишлашади.

Видеони BBC O'zbek YouTube каналида томоша қилинг.

Кўпчилик ҳатто бу ерда вақтинча яшаш ҳуқуқи ишлаш имконини беради деб ҳам ишонади.

Муҳожирларнинг жуда кичик қисми қонуний меҳнат фаолиятти билан банд.

Туркиядаги ўзбеклар: террор гумондорими ёки қурбони?

Мирзиёев Туркиядаги ўзбеклар билан учрашадими?

Хусусан, болалар ва қарияларга энагалик қилаётган аёллар. Туркия меҳнат вазирлиги берган рақамларга кўра, 2015 йилда ушбу секторда 2,319 нафар ўзбекистонлик ишлаш учун рухсатнома олган. Аммо бу Туркияда ишлаётган ўзбекистонликларнинг жуда ҳам кичик фоизини ташкил этади, холос.

Қолганлар эса ноқонуний. Шунданми, уларни суҳбатга тортиш осон эмас.

Сўнгги пайтларда саноат ишлаб чиқариши, хусусан, тўқимачилик, шунингдек, қурилиш соҳаларида меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг сони ортган.

Бу бир томондан, суриялик қочқинларнинг бошқа секторлардаги иш ўринларига рақобат ташкил этгани билан боғлиқ бўлса, иккинчи тарафдан, ўзбекистондан меҳнат муҳожирлари оқимининг ортгани натижаси, дейиш мумкин.

'Аҳмадбойдан куйганлар'

Ўзбекистонликларга иш топиш ва ҳуқуқий масалаларда маслаҳат бериб келаётган суҳбатдошимизнинг айтишича, охирги пайтларда Ўзбекистондан Туркияга иш излаб келаётганлар орасида Россиядаги иш ўрнини йўқотганлардан тортиб, чинозлик Аҳмадбойдан куйиб қолган мижозларгача бор.

"Ўзбекистондан ҳафтада нечта самолёт бўлса, Ўзбек ҳаво йўллари, Турк ҳаво йўллари, ундан ташқари, Қозоғистон орқали келишяпти. Оқиб келяпти Ўзбекистондан одамлар. Асосан аёллар. Бола-чақани боқамиз, деб келишяпти. Эркаклар ҳам бор, аммо кўпроқ аёллар. 18 ёшдан 65 ёшгача бўлган аёлларни кўрдим мен. Тижоратчилар келишяпти кўпроқ. Тижоратим бўлмади, деганларни кўрдим. Шифокорлар, ўқитувчилар, давлат ишида ишлаган, пенсияга чиқиб келаётганлар ҳам кўпайган, хуллас, ҳамма.... Олдин аёлларимиз келиб, ишларни танлашарди. Ҳозир иш берувчи аёлларни танлаяпти. Чунки одам кўп. Россияда ишини йўқотганлар. Ундан ташқари, охирги пайтларда Аҳмадбойга пул бериб, тушиб қолганлар жуда кўп келишяпти. Уйигача сотиб, Аҳмадбойга берганларни кўрдим. Сўрасангиз, дарров айтишади. Аҳмадбойга тушиб қолдик дейишади", - дейди суҳбатдош.

"Ҳамма ерда ўзбеклар"

Шу йил октябрида Туркияга сафар қилган Президент Шавкат Мирзиёев Истанбулда турк ишбилармонлари билан учрашган ва уларни Ўзбекистонга қўрқмай сармоя киритишга даъват қилганди.

Image caption Воҳид Гунеш: "Ўзбеклар ватанларида ҳам иш топиб, муносиб ҳаёт кечиришларини орзу қиламан"

Аммо хориж сармоясини ҳимоялаш ҳақидаги ваъдаларга қарамай, ҳамма ҳам Ўзбекистонга сармоя киритишга шошилаётгани йўқ.

"Ўзбекистонда машҳур бир гап бор. "Яхши бўлади" деган. Биз ҳам яхши бўлади, деб ўйлаяпмиз. Чунки бошқарув ўзгарди. Яхши хабарларни эшитяпмиз", дейди Тошкентдаги собиқ "Туркуаз" савдо мажмуасининг хўжайини Воҳид Гунеш Би-би-си билан суҳбатда.

"Биз ҳам сўраганларга яхши тавсиялар беряпмиз. Аммо гапириш бошқа, амал бошқа. Кўп яхши нарсалар гапирилаяпти, аммо амалда ҳали кўп нарса ўзгаргани йўқ. Мен дунёнинг кўплаб мамлакатларига сафар қиламан ва деярли ҳамма ерда ўзбекларни учратаман. Кўпчилиги меҳнаткаш, яхши ниятли инсонлар. Мен бу инсонларнинг ватанларига қайтиб, у ерда муносиб иш топишлари ва ҳаёт кечиришларини орзу қиламан. Аммо эскидан қолган жиддий муаммолар бор. Жуда кўп фармонлар, қарорлар имзоланяпти. Сармоядорлар Ўзбекистонга қайтаяпти ва ҳатто "Туркуаз" қайта очилармиш, деган гап-сўзлардан менинг хабарим бор. Аммо булар ҳозирча ҳақиқатдан йироқ. Афсуски. Назаримда тизимнинг ичида ислоҳотларга қаршилик қилаётган, ўзгаришларга тўғаноқ бўлаётган шахслар ва идоралар бор. Бу тўсиқлар олимб ташланмасдан ва бозор иқтисодиётига тўла ўтмасдан туриб, бирон нарса ўзгаришига мен тўғриси ишонмайман. Ўз вақтида бизга қарши Ўзбекистонда жиддий қоралаш кампанияси олиб борилди. Ўзбекистондаги бизнесимизга тажовуз қилинди, мол-мулкимиз мусодара этилди. Аммо ҳозиргача бирон киши биздан кечирим сўрагани йўқ. Умид қиламанки, келажакда бу нарсалар бўлади. Мен Ўзбекистонга нисбатан ҳамиша яхши ниятдаман", - дейди Воҳид Гунеш.

Хорижий сармоядорлар Президент Мирзиёевнинг қадамларини яқиндан кузатаркан, ҳозирча юз минглаб ўзбекистонликлар мамлакат ташқарисида иш излашга мажбур.

Сўнгги пайтларда Истанбулнинг гавжум мавзеъларида ўзбекистонлик ёлланма ишчилар, хусусан, ўзбек аёллар тўпланадиган жойлар ҳам кўпайган.

Бу ҳақда келгуси лавҳаларимизда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002