Генерал Дўстум қанчалик ҳақ ва ёки ИШИДнинг шимолдаги 'янги қилмишлари'

генерал Дўстум Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

ИШИД Афғонистон шимолида ўзининг икки аъзосини отиб ўлдирган.

Уларни давлат билан ҳамкорлик қилишда айбдор, деб топган.

Яқинда яна бир муллани "фолбинлик"да айблаб, бошини танасидан жудо этган.

Видеолавҳани BBC O'zbek хизматининг YouTube каналида томоша қилинг

Ҳар икки ҳодиса ҳам мамлакатнинг Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Жаузжон вилоятида юз берган.

Агар, жаузжонлик масъулларнинг сўзларига таянилса, ИШИД сўнгги йилларда вилоятнинг, айниқса, икки тумани: Дарзоб ва Қўш-Тепада анчайин фаоллашишга муваффақ бўлган.

Толибон ҳаракати ва ИШИД гуруҳи ўртасида Афғонистон шимолида юз берган илк қуролли тўқнашув ҳам айнан Дарзобда, шу йил май ойида кузатилганди.

Куни-кеча Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстум ҳам Туркиядан қилган видеомурожаатида яна бир бор ИШИД ва бошқа жангари гуруҳлар хавфидан огоҳлантирган.

ИШИД Афғонистон шимолида тобора мустаҳкам ўрнашиб бораётганидан жиддий ташвишларини изҳор этган.

Буни айрим таҳлилчилар биринчи вице-президентнинг Туркиядан Афғонистонга қайтиш ниятида қилган даъволари сифатида ҳам талқин этишган.

Аммо яқинда Афғонистон Мудофаа вазирлиги ИШИДни йўқ қилиш учун мамлакат шимолида йирик ҳарбий амалиётга қўл уришларини баён қилган.

Лекин, шунга қарамай, ойларки, бунга ўхшаш баёнотлар амалда ўзининг ижросини топмай келади.

Жаузжон - Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстумнинг она вилояти бўлади.

19 май куни шу йил бошидан буён тан қўриқчилари сиёсий мухолифи Аҳмад Ишчининг жинсий ва жисмоний зўравонликка оид иддаолари билан боғлиқ жиноий иш марказида қолаётган генералнинг Анқарага жўнаб кетганига оид хабарлар олинган.

Афғонистон биринчи вице-президентининг айни шу жиноий иш манзарасида кузатилган кутилмаган сафари унинг Туркияга ўз ихтиёри билан муҳожиратга юз тутган бўлиши мумкинлигига оид талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Аммо партияси воизи ортидан, Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам, генерал Абдулрашид Дўстум Анқарага одатий тиббий текширувдан ўтиш ва дам олиш учун келганини айтиб чиққан.

Вазирлик Афғонистон биринчи вице-президентининг ўзи истаган пайтда бемалол ортга қайтиши мумкинлигини баён қилган.

Аммо, етти ойдирки, генерал Абдулрашид Дўстум ҳануз Туркияда қолмоқда.

Ўтган ой айнан шу вилоят маркази Шибирғон шаҳрида ИШИДнинг ўзбекистонлик масъулларидан бири ушланганига оид хабарлар ҳам олинганди.

Афғонистонда ИШИДнинг ўзбекистонлик масъулларидан бири ушланди

Толибон Туркманистон яқинида кетма-кет икки туманни босиб олди

Хабар тафсилотлари билан минтақадан мухбиримиз Ҳаёт Шайбон.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02