HRW: Тожикистонлик фаол мажбуран Туркиядан ватанига қайтарилди

Намунжон Шарипов Фото муаллифлик ҳуқуқи Family archive
Image caption Намунжон Шарипов, Истанбул, Туркия – 2016 © Сурат Шариповлар оиласи томонидан тақдим этилган

Тожикистон ҳукумати Туркия расмийлари билан ҳамкорликда тожикистонлик таниқли тадбиркор ва сиёсий фаол Намунжон Шариповни мажбуран ватанига қайтарди ҳамда эндиликда фаолни ортда, катта эҳтимол билан, қийноқлар кутмоқда, деб ёзади Human Rights Watch ўзининг навбатдаги ҳисобот мақоласида.

Суғд вилоятидан бўлган 55 яшар сиёсий фаол Намунжон Шарипов муқаддам Тожикистон Исломий Уйғониш партияси аъзоси бўлган. Мазкур партия фаолияти 2015 йил сентябрь ойида Тожик ҳукумати томонидан расман тақиқланиб, кейинчалик "террорчи ташкилот" деб эълон қилинган ва унинг аъзоларига нисбатан кенг кўламдаги ҳибсга олишлар бошланган эди. Айни воқеалар тескари тус олаётган бир вақтда Шарипов 2015 йил август ойида Туркияга чиқиб кетади.

Мақолада ёзилишича, Туркияга бориб ўрнашган Шарипов у ерда чойхона очади ва бу маскан тез орада марказий осиёлик муҳожирлар орасида машҳур бўлиб кетади.

2018 йил 2 февраль куни Тожикистоннинг Истанбул шаҳридаги консуллиги раҳбари Шариповнинг чойхонасига ташриф буюриб, уни ўз ихтиёри билан ватанга қайтишга ундайди.

Мақолада Намунжон Шарипов ўғлининг "Дипломат аввалига дадамга ўз ихтиёри билан Тожикистонга қайтиш таклифини берди ва бунинг эвазига пул таклиф қилди. У яна дадам ортга қайтиб, Тожикистон Исломий Уйғониш партиясини оммавий қоралаш ишларини олиб борса, ҳукумат у истаган шароитларни яратиб бериши, бойиб кетиши ҳақида ҳам ваъдалар берди. Дадам эса бу таклифни ўйлаб кўришини айтди," деган сўзларидан иқтибос келтирилади.

Бироқ ташрифнинг эртаси ва индини куни сиёсий фаолга нисбатан консуллик томонидан босимлар орта бошлайди. Агар қайтиш ҳақида тез орада қарор қабул қилмаса, унинг ҳаётида "муаммолар пайдо бўлиши"дан огоҳлантирилади.

5 февраль куни чойхонаси ёнида турган Шарипов турк полицияси томонидан ҳибсга олинади ва Қумқопи муҳожирларни вақтинча сақлаш марказига олиб борилади. У ерда фаол "терроризм айблари билан Тожикистон ҳукумати томонидан халқаро қидирувга берилган"лиги маълум қилинади, лекин унга нисбатан депортация кўзда тутилмаётгани айтилади.

11 кун давомида марказда тутиб турилган Шариповнинг адвокатига турк расмийлари томонидан фаол 19 февралгача виза талаб қилмайдиган учинчи давлатга чиқиб кетиши лозимлиги ва шу муддатга қадар танланган давлатга бир томонлама чипта сотиб олиб келиш айтилади.

19 февраль куни чипта билан марказга келган адвокат эса Шарипов 16 февраль куни Тожикистон консуллиги вакиллари томонидан олиб кетилганлиги ва самолёт орқали мажбуран Душанбега жўнатиб юборилганидан хабар топади.

20 февраль куни Душанбега қўнган Намунжон Шарипов Озодлик радиоси Тожик хизмати билан боғланиб, "Тожикистонга ўз ихтиёри билан" қайтганлиги ҳақида баёнот беради ва мажбуран қайтариб олиб келингани тўғрисидаги гапларни инкор қилади. Бироқ Шариповнинг яқинлари, адвокати ва ҳуқуқ фаоллари сиёсий фаол мазкур баёнотни босим остида берганлигини таъкидламоқдалар.

Ҳозирда Шарипов Душанбе шаҳрида ҳибсда қолмоқда. Яқинларининг айтишича, у билан боғланишнинг иложи бўлмаяпти.

Мақолада HRWнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлоунинг "бир шахсни қийноқ, адолатсиз суд, сиёсий таъқиб ва бошқа ҳуқуқий топталишлар кутаётган жойга мажбуран қайтариш Туркия ва Тожикистон ҳукуматлари томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни очиқдан-очиқ ҳақорат қилишдир," деган сўзлари келтирилади. "Бизнинг барча ўрганишларимиз бўйича, Шарипов фақатгина Тожик ҳукуматидан ўзгача сиёсий қарашга эгалиги учун бирор асосли сабабларсиз қийноқларга юз тутишга маҳкум," давом этади жаноб Свердлоу.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва ҳуқуқ фаоллари Тожикистон ҳукумати йиллар давомида ўзгача сиёсий қарашга эга шахсларни мамлакат ҳудудида ёки хорижда ҳибсга олиши, қамоққа ташлаши ёки яширинча йўқ қилиши борасида ҳисоботлар эълон қилиб келадилар. Ҳисоботларга кўра, расмий Душанбе 2015 йилдан буён Беларус, Қирғизистон, Қозоғистон, Молдова, Россия, Туркия ва бошқа бир қанча давлатларда қочқинликда юрган тожик сиёсий фаолларини ҳибсга олиб, мажбуран ортга қайтариб келмоқда.

Human Rights Watch ташкилоти Туркия ҳукуматидан Шариповнинг мамлакатдан олиб чиқиб кетиш қанчалик қонуний асосга эгалиги ва бундай асос бўлмаган тақдирда ушбу масалага аралашган турк расмийларини тегишли равишда жазога тортишга чақирмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ