Президент Ғани Толибонни расман тан олмоқчи

Former Taliban members surrender their weapons during a reconciliation ceremony in Herat, Afghanistan, 21 February 2018. Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Айрим Толибон аъзолари қуролларини ташлаганлар, бироқ сўнгги йилларда бу гуруҳ янада кучайгани кузатилган

Агар Афғонистонда қарийб 40 йилдан буён давом этаётган урушга чек қўйишга ёрдам берса, Толибон қонуний партия сифатида рўйхатга олиниши мумкинлигини айтган Президент Ғани.

Афғонистон президенти Кобулдаги тинчлик конференциясида гапирган.

Жаноб Ғани Толибонга бирор бир шартсиз сулҳ таклиф қилаётганини айтган.

Афғонистон президенти Толибондан ўт очишни тўхтатиш ва маҳбусларни алмашишни таклиф этган.

Бунга жавобан Толибон Афғон ҳукуматини тан олиши ва мамлакат қонунларини ҳурмат этиши талаб қилиниши айтилган.

Бундан олдинги тинчлик таклифлари Толибон ҳужумларини тўхтатмаган.

Президент Муҳаммад Ашраф Ғанининг сўнгги таклифига Толибон ҳозирча расман муносабат билдиргани йўқ.

Би-би-си билан суҳбатда Толибон сўзчиси ўз раҳбариятидан муносабат кутаётганини айтган.

Бир кун олдин Толибон жангарилари АҚШ билан тўғридан-тўғри музокараларга тайёргарлик кўраётгани ҳақида баёнот тарқатган.

Бундан кўзлаган мақсадлари Афғонистондаги урушга "тинч ечим" топиш экани айтилган, бироқ Толибон Кобулдаги ҳукумат билан мулоқотни истаётгани ҳақида ҳеч нарса айтмаган.

АҚШ узоқ вақтдан буён Толибонни Афғонистон ҳукумати билан тинчлик музокараларига ундаб келади, Толибон эса бу таклифни рад этиб келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Президент Ғанининг бундан олдинги сулҳ таклифлари бесамар бўлган

Жаноб Ғани Толибоннинг халқаро террорчилар рўйхатидан чиқарилиши мумкинлиги, Кобул ёки бошқа ўзаро келишилган жойда ўз идорасини очадиган қонуний сиёсий гуруҳ сифатида расман эътироф этилиши мумкинлигини айтган.

"Толибондан тинчликни ўрнатиш жараёнига ҳисса қўшиш кутилмоқда, бу нарса Толибонга тинчлик музокараларига қодир ташкилот сифатида қаралишига олиб келади. Оташкесимга амал қилинмоғи лозим, Толибон сиёсий партия сифатида тан олинмоғи лозим ва ўзаро ишончни йўлга қўйиш жараёни бошланиши керак. Қарор энди ўзингизнинг қўлингизда... тинчликни қабул қилинг ва бу мамлакатга барқарорлик олиб келинг", деб айтган 25 мамлакат вакиллари иштирок этаётган Кобул анжуманида.

2001 йили АҚШ етакчилигидаги қўшинларнинг Толибонни ҳокимиятдан ағдариш мақсадида бошлаган ишғолидан кейин Афғонистонда ўн минглаб ҳарбийлар ва тинч аҳоли ҳалок бўлди.

Бундан олдин илгари сурилган таклифларга жавобан собиқ Толибон аъзолари қуролларини ташлашга рози бўлгандилар, бироқ сўнгги йилларда жангари гуруҳ янада кучайгани кузатилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Афғон армиясининг талофатлари ортган

АҚШ ўтган йили Афғонистонга ҳарбий кўмагини оширди ва шундан буён ҳаво ҳужумлари сони ҳам кўпайди.

Афғонистондаги жанговор кучлар 2014 йили олиб чиқиб кетилди.

Бунинг ортидан Толибон таъсири Афғонистоннинг тобора кўпроқ ҳудудларига ёйилди.

Бир пайтлар Толибондан қайтариб олинган ҳудудлар бугун яна жангари гуруҳ назоратига қайтган.

Афғон армияси талофатлари сони кўпайган.

АҚШ ҳаво ҳужумларига тутилаётгани оқибатида Толибон қурбонлари ҳам ортган.

Би-би-си ўрганишларидан шу йил январида шу нарса маълум бўлдики, Афғонистоннинг 70 фоиз ҳудудида Толибон ҳозирлиги фаол бўлиб қолмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ