Владимир Путинни сайловдаги ғалабаси билан табриклашмоқда

Россия Президенти Владимир Путин Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Владимир Путинни Россиядаги президентлик сайловида кўп овоз тўплаб ғалаба қозонгани билан табрикладилар.

18-март куни Россияда навбатдаги президентлик сайловида овоз берилди.

19-март куни Россия Марказий Сайлов Комиссияси жорий президент Владимир Путин дастлабки ҳисоб-китоблар бўйича 76,66 фоиз овоз тўплагани ҳақида эълон қилди.

МСКга кўра, овоз беришда иштирок этган россияликларнинг 56 миллион 206 мингдан зиёди Путинни ёқлаганлар.

Бу 65 яшар жаноб Путиннинг тўртинчи марта Россия президентлигига сайланишидир.

У Россияни 1999 йилдан бери президент ва ё бош вазир ўлароқ бошқариб келади.

Путиннинг сайловдаги рақиблари орасида миллионер коммунист Павел Грудинин, телебошловчи Ксения Собчак, Либерал-демократлар раҳбари Владимир Жириновскийлар бўлди.

Мамлакатдаги энг кўзга кўринган мухолифат ҳаракати раҳбари Алексей Навальнийга сайловда қатнашиш тақиқланган.

Владимир Путиннинг сайланишига дунёда муносабатлар турлича бўлди.

Ғарб раҳбарлари табрик йўллашга ошиқмаганлар.

Европадан биринчи бўлиб Сербия Президенти Александр Вучич ўз самимий қутловларини йўлагани ҳақида хабар қилди.

Венесуэла, Боливия, Куба президентлари Владимир Путинни қайта сайлангани билан табриклаганлар.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар қилишича, жаноб Мирзиёев Владимир Путинни "ишончли ғалаба билан" қутлаган.

"Сайлов натижалари Владимир Путин раҳбарлигида амалга оширилаётган ҳар томонлама ўйланган, Россия жамиятини бирлаштириш, одамлар турмуш даражасини юксалтириш, иқтисодиёт, инфратузилма ва давлат бошқарувини модернизация қилиш, давлат суверенитетини қатъий ҳимоя қилиш ва Россия Федерациясининг жаҳонда муҳим ўрин тутган давлат сифатидаги ролини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсатга Россия халқи томонидан улкан ишонч билдирилаётгани ва ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор намойиш этгани қайд этилган", дейилади Президент Мирзиёев табригида.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев жаноб Путинни телефон орқали олқишлаш учун қўнғироқ қилган.

Беларусь Президенти Александр Лукашенко ҳам Президент Путиннинг ғалабаси "Россия фуқароларининг танланган мамлакатни мустаҳкам ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқаро саҳнада обрўсини мустаҳкамлаш йўлига ишончи ва дастаклови юксаклигининг натижаси", деб айтган.

Хитой Президенти Си Цзинпин табригида Россия ва Хитой муносабатлари "тарихдаги энг яхши даражада" эканини қайд этган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ