Ӯзбекистон-Тожикистон: 26 йилда биринчи автобус қатнови

Тошкентдан Хӯжандга кейинги 26 йил давомида биринчи марта йӯловчи ташиш автобуси келди. У Тожикистон ва Ӯзбекистон ҳукуматлари орасида мунтазам автобус қатновини қайта йӯлга қӯйиш шартномаси асосида амалга оширилди.

Эртага Хӯжанддан Тошкентга йӯловчи ташиш автобуси йӯлга чиқиши кутилмоқда. Тошкент-Хӯжанд ва Хӯжанд-Тошкент йӯналиши бӯйича кунига икки мартадан автобуслар қатнаши режалаштирилган. Кейинчалик аҳоли эҳтиёжига қараб, бу рейслар яна кӯпайиши мумкин.

Икки мамлакат орасидаги мунтазам автобус қатновини йӯлга қӯйиш борасидаги шартномага ӯтган ойда Тожикистон транспорт вазирлиги ва Ӯзбекистон автомобил транспорти агентлиги масъуллари имзо чекишганди. Тожикистондаги «Asian Express» ширкати вакили Султон Камоловнинг айтишича, автобус қатновлари унинг ширкати ва Ӯзбекистондаги «Манзара туризм» ижтимоий ташкилоти томонидан амалга оширилади. Қатнов учун энг яхши замонавий автобуслар танлаб олинган. Йӯловчилар учун чипта нархи ҳозирча ӯзбек пулига 50 минг сӯм, тожик пулига 50 сомоний қилиб белгиланган. Тошкент ва Хӯжанд ӯртасидаги 174 километрлик йӯлни босиб ӯтиш учун тӯрт ярим соат вақт белгиланеган.

Хӯжанддаги шодиёна

Ӯзбекистон ва Тожикистон орасидаги муносабатлар илиқлашгач, Тошкентдан биринчи автобуснинг Хӯжандга келиши шодиёнага айланиб кетди. Ӯзларини миллий чолғу садолари, нон-туз билан кутиб олаётганликларини кӯрган автобусдан тушаётган кишиларнинг кӯзларида қувонч кӯриш мумкин эди.

- Мен тошкентликман. Лекин Хӯжандда, у пайтлар Ленинобод деб аталарди, тӯрт йил яшаганман. Ӯша пайтдаги Ленинобод педагогика институтининг чет тиллар факултетида таълим олганман. Айни бир пайтда тиббиётдан билимим борлиги учун «тез ёрдам»да ишлаб, беморларни даволашга хизмат қилганман. Қадрдон шаҳарга кириб келаётганимиздаёқ аллақандай бир бошқача бӯлиб кетдим, - дейди ҳозирда таржимон ва санъатшунос бӯлиб ишлаётган Светлана Саъдий.

- Мен иложи борича Хӯжанднинг Себзор маҳалласидаги Файзиевлар хонадонига боришга ҳаракат қиламан. Мен уларнинг уйларида яшаганман, нон-тузларини еганман. Менинг учун Тожикистон Ғафуржон ва Раънохон Файзиевлар хонадонидан бошланади, - дейди Светлана Саидзода Саъдий.

Тошкентлик меҳмонлар шарафига тантанали йиғилиш бошланар экан, Светлананинг ҳам, унинг ҳамроҳларининг ҳам дилларидаги миннатдорчилик сӯзлари тилларига кӯча бошлади.

Суғд вилояти Раисининг биринчи ӯринбосари Раҳматзода Рустам Мирзо, Хӯжанд шаҳри Раиси Маъруф Муҳаммадзода меҳмонларга қайта-қайта «хуш келибсиз», дея Тожикистон ва Ӯзбекистон президентлари Имомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевнинг қадим-қадимдан дӯст, қон-қардош бӯлган тожик ва ӯзбек халқларининг истакларини бажо этиш йӯлида интилишлари ӯлароқ яна бир янги, хайрли қадам ташланганини таъкидлашди. « Икки мамлакат шаҳарлари орасидаги автобуслар қатнови фақатгина йӯлларни яқинлаштирмасдан, дилларни ҳам яқинлаштиради», деди Раҳматзода Рустам Мирзо.

Хӯжандлик мезбонлар дастлабки автобус йӯловчиларига шаҳар ва унинг атрофидаги диқкатга сазовор жойларни кӯрсатишди. Меҳмонларга Бӯстон шаҳридаги қадимий қалъаларни эслатувчи емакхонада зиёфат берилди.

Дебоча

Тошкент-Хӯжанд, Хӯжанд-Тошкент йӯналишларининг очилиши икки мамлакат шаҳарлари орасида йӯловчи ташиш автобуслари қатновининг дебочаси бӯлди. Тожикистоннингн «Asian Express» ширкати масъул раҳбарларидан бирининг айтишича, жорий йилнинг ӯзида ӯн икки йӯналишда автобуслар қатнай бошлайди. Хӯжанддан Ӯзбекистоннинг яна бир шаҳри - Фарғонага автобус йӯналиши очилади. Суғд вилоятидаги яна уч шаҳардан Ӯзбекистон шаҳарларига автобуслар қатнайди. Панжакентдан Самарқанд ва Бухорога, Конибодомдан Қӯқонга, Исфарадан Қӯқон ва Фарғонага автобуслар қатнайди.Душанбедан эса, Термез ва Деновга, Шаҳритуздан Термезга йӯловчилар ташилади. Автобус йӯналишларини йӯлга қӯйиш босқичма-босқич амалга оширилади.

Тожикистон Транспорт вазирлиги масъул ходимларидан бирининг айтишича, автобуслар қатнови фақат йӯловчилар йӯлини яқин қилиб қолмайди. У икки мамлакат ӯртасида саёҳат, туризмни ривожлантиришга, бизнес-тадбиркорликка ҳам хизмат қилади.

Такси автобусдан арзонми?

Асли Сурхондарёнинг Сариосиёсидан, ҳозир Тошкентда яшаётган Улуғбекнинг Хӯжандга биринчи марта келиши. «Бу тоғнинг оти нима»,деб сӯрайди у қӯқӯпар бинолар ортидаги тоқка ишора қилиб. Хӯжандликлардан бири уни ҳозирда Мевағул деб аталишини, Заҳириддин Муҳаммад Бобир «Бобурнома»сида шундай ёзиб кетганини айтади.

Улуғбекнинг айтишича, учта опа-синглиси Тожикистонга келин бӯлиб тушган экан. «Бири Вахшда, иккинчиси Регарда, учинчиси Оржоникидзеобод, ҳозирги Ваҳдатда яшайди. Сариосиё билан Регарнинг ораси бӯлса, эллик чақирим бордир. Ҳали кимдир айтди: қон-қариндлошларнинг дийдор кӯришига имкон яратиб бергани учун Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмонни кексалар дуо қилишяпти, деб. Биз - ёшлар ҳам юрак-юракдан дуо қиляпмиз», деди Улуғбек.

- Эртага Хӯжанддан Тошкентга автобус жӯнар экан. Эртага ишда бӯламану, лекин ҳордиқ кунлари Тошкентга бориб келаман. Курсдошларимни анчадан бери кӯрганим йӯк. Кӯриб келаман, - дейди Тошкентдаги алоқа институтида ӯқиганини айтган олтмишга яқинлашиб қолган хӯжандлик Тоҳиржон.

У Тошкентда ӯқиб юрганини энтикиб эслай бошлайди.

- Иложини топсам, ҳар ҳафта уйга келиб-кетардим. Автобусда уч соатлик йӯл. Йӯл ҳақи уч ярим сӯм эди. Тӯғри, эллик сомоний бироз қимматроқ. Лекин барибир автобус қатнаётганига шукр қиламан, дейди Тоҳиржон.

- Автобус нархи қимматроқ деганингизга қӯшиламан, - дейди унинг ёнида турган йигит. - Биз - тадбиркорлар тийинни ҳисоблаб ӯрганиб қолганмизми, мен автобус нархи билан такси пулини солиштирдим. Тошкентга тез-тез бориб тураман. Хӯжанддан Тошкентнинг Қӯйлиғигача кетса, бизнинг пулга 30 сомоний, ӯзбек пулига 30 минг кетади. Автобус нархини кӯриб, таксичилар ҳам йӯлкирани ошириб олишмаса, бӯлгани.

- Йӯғ-ей,- дейди Тоҳиржон. - Балки автобусларнинг юриши таксичилар ишини камайтирар ва улар қайтага йӯл ҳақини пасайтиришар…

Муҳим қадам

Шундай қилиб, Тожикистон ва Ӯзбекистон ӯртасида йӯловчи ташиш автобусларининг мунтазам қатнови йӯлга қӯйила бошланди. Олдинроқ эса, Тошкент ва Душанбе орасида самолётлар парвози тикланганди. Тӯғри, ҳозирда Тошкент бу парвозлар иқтисодий ӯзини оқламаётганини айтиб, уларни тӯхтатиш мумкинлигига ҳақида ишора қилмоқда.

Маҳаллий кузатувчиларга кӯра, икки қӯшни мамлакат орасида виза тартибининг бекор қилиниши йиллар давомида бир-бирини кӯра олмаётган қон-қариндошларга дийдор кӯришишни насиб этди. Фақат оддий инсонларлар орасидаги борди-келди эмас, иқтисодий алоқалар ҳам тобора кучаймоқда. Фақатгина Шимолий Тожикистоннинг ӯзида ӯнга яқин Ӯзбекистон бозорлари очилди.

Тожикистонлик кузатувчилар бу ӯзгаришларни назарда тутган ҳолда, автобуслар қатнови айни қӯни-қӯшнилар эҳтиёжини қондирадиган муҳим қадам эканлигини таъкидлашмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар