"Қозоғистонда қийноқ кенг қўлланади"

Кишан
Image caption Amnesty International-га кўра, Қозоғистонда қийноқлар мунтазам қўлланилади

Буюк Британияда жойлашган Amnesty International инсон ҳуқуқлари гуруҳига кўра, Қозоғистонда ҳибсга олинганларни қийноққа тутиш кенг тарқалган.

Ташкилотнинг билдиришича, бирон гумон билан қўлга олинганлар мунтазам равишда калтакланади, бўғилади ва тепиладилар. Аммо бу ноқонуний амаллар учун ҳеч ким жазоланмайди.

Остона расмийлари илгарироқ қийноқлар муаммоси борлигини тан олишган, лекин уни йўқотиш учун ҳаракатлар олиб борилаётганини айтгандилар.

Қозоғистон ҳозир демократия яловбардорларидан саналадиган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти раислигини бошқармоқда.

Бироқ Amnesty International маълумотларига кўра, бир ярим йил ичида бу мамлакатда 600дан зиёд қийноқ ҳоллари қайд этилган, лекин жуда кам сондаги полиция зобитлари жазога тортилган.

Қозоғистонда қўлга олинган одам баъзан бир неча кун рўйхатга олинмайди.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Қозоғистон полицияси қанча кўп "жиноятчини" айбига иқрор қилдираётгани борасида "нормани" бажариш босими остида қолмоқда ва шу боис қийноқ қўллаб, бегуноҳларни ҳам айбловларга иқрор қилдиради. Бу айбловлар иқрорлар эса маҳкамаларда далил сифатида ишлайди.

Бир ҳолатда, Остонадаги полиция идорасига гувоҳ сифатида чақирилган Дмитрий Тианни зобитлар ечинтиришади ва сув тўлдирилган баклашкалар билан дўппослашади. Бироқ бу шахснинг ҳибсга олингани умуман рўйхатга олинмаган.

Кейинги пайтлари Марказий Осиёнинг аксар мамлакатларида милиция бошбошдоқлиги ва зўравонлиги борасида хабарлар чиқмоқда.

Қирғизистонда ҳибсга олинган журналистни милиция зобитлари дўппослашгач, журналист комага тушади ва бир неча кундан кейин оламдан ўтади. Маҳкама бу зобитларни "енгил тан жароҳати етказгани учун" икки ярим йиллик шартли жазога ҳукм этди.

Ўзбекистондаги сўнгги ҳолатлардан бирида эса, 9 май куни Тошкентдаги маст милиция ходимлари уч опа-сингилни қўлга олгач, Мирзо Улуғбек тумани милицияхонасида уларнинг номусига тажовуз қилишади. Натижада опа-сингиллардан бири ҳомиладор бўлиб қолади.

БМТ Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Манфред Новак Ўзбекистондаги бу полиция тажовузига оид ҳолатни ўрганиш истагини айтган, лекин ҳалигача Ўзбекистон ҳукумати унинг Тошкентга келишига изн бергани йўқ.

БМТ вакилига кўра, Ўзбекистонда милициянинг жазосиз қолиб кетаётгани боис ҳам ҳибсхоналарда қийноқ ва зўравонлик кенг тарқаган.