Сирдарё энергия манбаи, аммо сув манбалари тортилмоқда

Бишкеклик кекса аёл
Image caption Қирғизистонда газ йўқ, электр етишмайди ва кўмир қимматлиги боис кўпчилик қариганда чиқинди теришга мажбур бўлмасмиканман, деган хавотирини яширмайди

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳри чеккасидаги чиқиндихонада бўш қоп кўтарган кекса аёллар нималарнидир теришади.

"Ёнадиган бирон нарса излаяпман" - дейди кўринишидан етмишни қоралаган рус аёли -"Картонми, резина ё оддий қоғозми... Ёнса бўлди, уй иситиб, овқат пишираман".

Бир пайтлар кинопракатда ишлаган Лидя-хола бугун нафақада. Жулдур фуфайка кийиб олган суҳбатдошим ўз нафақаси картошка ва ўсимлик ёғига аранг етишини, кўмир олиш ё электр ҳақини тўлай олмаслигини айтади.

"Сирдарё бошланишидаги муаммолар" лавҳасини тинглаш учун мана шу ерга босинг

Қирғизистонда энергия тақчиллиги совуқ кунлари ҳақиқий инқирозга айланади. Свет ва газ пулини тўлаш нафақат кексалар, балки билагида кучи, қўлида иши бор унча-мунча ёшлар учун ҳам осон эмас.

Эски рус посёлкаларини эслатувчи, асфльти йўқолиб, тутдек тўкилиб қолаёзган Садовая қишлоғи пойтахтдан узоқ эмас.

"Шаҳарда свет, газ ва сув пулини тўлаш қийинлашиб кетди. Шу учун квартирани сотиб, қишлоққа кўчиб келдик" - дейди икки ёш боланинг онаси Татъяна.

Image caption Сирдарёга сув етказиб берадиган ўнлаб ирмоқлар Қирғизистон учун энергия олишнинг қулай манбадир

Сирдарёга сув етказиб берадиган ўнлаб ирмоқлар Қирғизистон учун энергия олишнинг қулай манбадир.

Татъяна ва эри кичиккина нусха кўчирувчи тижоратни юритадилар. Уларнинг елкасида кекса оналарини парваришлаш масъулияти ҳам турибди.

"Қишлоқда-ку сув қиммат эмас. Аммо мунтазам электр узилади, газ ва кўмирни сотиб олиш учун ҳар мавсум 150 долларча пул кетади" - дейди хонадон бекаси. Аммо Татъяна топадиган ойлик даромад аслида шунча чиқмайди.

Бироқ ёш болаларни иссиқ асраш ҳамда қўшимча овқат пишириб, сув иситиш учун улар доимий электр ва газга муҳтожлар.

"Уч авлод - оналаримиз, биз ва ёш болалар ҳаммамиз ягона исийдиган жой - газхонага ёндош кичиккина емакхонада яшаяпмиз" - дейди Татъяна -"Ҳозир-ку ёшмиз, ишимиз бор. Аммо кексайганда чиқинди теришим мумкинлигини ўйласам, юрагим орқамга тортиб кетади".

"Сув эвазига газ беришсин..."

Қирғизистон ҳукумати бугун юзага келаётган энергия инқирозини ҳал этиб, қашшоқлашган аҳоли эҳтиёжларини қондириш йўлини топганини айтади.

Сирдарё бошланиши - Норин дарёси устида улкан Қамбарота ГЭСлари бунёд этилаяпти.

Қирғизистон Сирдарё бошланиши - Норин устида тиклаётган улкан Қамбарота ГЭСи қуйидаги Ўзбекистонни хавотирга солмоқда.

Image caption Қирғизистон Сирдарё бошланиши - Норин устида тиклаётган улкан Қамбарота ГЭСи қуйидаги Ўзбекистонни хавотирга солмоқда

Зотан Сирдарё бошланишидаги ирмоқлар ва дарёлар бўйлаб юқорига юрар экансиз, оппоқ қорларга бурканган тоғлар, тезоқар дарёлар бу мўъжаз мамлакатнинг энергия мустақиллигини таъминловчи улкан бойлиги эканлигини англаш қийин эмас.

"Қамбарота ГЭСи аввало Қирғизистон учун қўшимча электр ишлаб чиқаради" - дейди Қирғизистон Электр станциялари ташкилотидан Олимбек Тинибеков -"Тўхтағулда қурғоқчилик йиллари сув камайганда, электр таъминотида узилишлар бўлди. Қамбарота бунга чек қўяди".

Бироқ Қамбарота қурилиши қуйи оқимдаги Ўзбекистонда катта хавотирларни уйғотмоқда.

Аҳоли зич Фарғона водийси, Сирдарё, Жиззах ва қисман Тошкент вилоятлари Сирдарё суви билан деҳқончилик қилишади.

Ўзбекларнинг қўрқишича, улкан янги ГЭС қурилиши, сув таъминотига, экология ва сув назоратига салбий таъсир кўрсатади.

"Қамбарота қурилса, ўзбекларнинг далалари сувсиз қолмайди" - дея ишонтиради Олимбек Тинибеков -"Улар сўрашганда дарҳол керакли сувни берамиз, аммо маҳсулот айирбошлаш эвазига! Ўзбеклар бизга сув учун газ беришлари керак".

Қирғизлар сув учун Ўзбекистондўан газ исташларини яширишмайди. Келишмвочилик ҳам худди шу ерда юзага чиқади.

Шўро давридан Қирғизистондаги улкан Тўхтағул сув омбори ёзги суғориш даврида Ўзбек далаларига сув берган. Бунинг эвазига, Ўзбекистон Қирғизистонни қишда электр ва газ билан таъминлаган.

Ҳозир Ўзбекистон ўз газини жаҳон нархларида сотишни истамоқда. Қирғизистон эса Тўхтағулда қиш бўйи ўзи учуне электр ишлаб чиқармоқчи. Бу дегани, Тўхтағул ёзда ўзбек деҳқонларига керакли сувни қиш пайти тўплай олмайди.

Image caption Қирғизистон Тўхтағул сув омборидан ёзда Ўзбекистон далаларига керакли сувни бермоқчи, аммо эвазига қиш бўйи ўзбек газини олишни истайди

Қирғизистон Тўхтағул сув омборидан ёзда Ўзбекистон далаларига керакли сувни бермоқчи, аммо эвазига қиш бўйи ўзбек газини олишни истайди.

Хуллас, Бишкек расмийлари ўзаро манфаатли асосда Ўзбекистон билан сув ва энергия олди-бердисини ҳал этмоқчи.

Катта маблағлар сарфлаб газ ишлаб чиқарадиган Ўзбекистон эса тепадаги кичик қўшниси табиий оқиб ётган дарё суви назоратини бу тахлит йўлга қўйишини асло истамайди.

Амударёга қуйиладиган Вахшда Тожикистон ҳам Роғун ГЭСини, Сирдарё бошланишидаги Норинда Қирғизистон Қамбарота ГЭСини тиклашса, Ўзбекистон сув таъминотида буткул қўшниларга қарам бўлиб қолиш хавфидан хавотирда.

Бугун Марказий Осиё аҳолисининг қарийб ярми Ўзбекистонда яшайди. Шунингдек, бу мамлакатда кўп сув талаб этадиган пахта экилади.

Лекин вақт сайин ўзаро муносабатларда ишончсизлик кучаётган Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликда айни ишонтиришлар ишламайди.

Музликлар эримоқда

Мамлакатлар дарёни қандай бўлашиш, сув манбаларидан қандай фойдаланиш устида келишолмай туришаркан, мутахассисларни бундан-да жиддийроқ воқеалар ташвишга сола бошлаган.

"Кузатувларимизга кўра, Қирғизистондаги баъзи музликлар чиндан ҳам йўқолмоқда" - дейди музликлар кўриниб турган Али-Арча қўриқхонасида мен гаплашган олим Бақутбек Ерменбаев -"Дарёлар сатҳи аллақачон пасайган".

Image caption Музликшунос Бақутбек Ерменбаевнинг айтишича, Сирдарёни сув билан таъминлайдиган музликлар жадал эримоқда

Музликшунос Бақутбек Ерменбаевнинг айтишича, Сирдарёни сув билан таъминлайдиган музликлар жадал эримоқда.

Қирғизистондаги икки мингдан зиёд музлик Сирдарёни сув билан таъминлайди. Аммо олимларга кўра, бу музликларнинг бешдан бир қисми эриб битган. Аниқ сабаблари маълум эмас. Лекин глобал иқлим исиши таъсири эҳтимоли айтилмоқда.

"Адигени ва Оқсой музликлари йилига 50 метрча қисқараяпти. Петров музлиги эса ҳар йили 50 метрга чекинмоқда" - дейди музликшнуос Бақутбек Ерменбаев -"Бу ҳолат ичимлик суви таъминотига ҳам таъсир қилиши мумкин".

Али-Арчадаги айни суҳбатдан кейин дарёдан қандай фойдаланиш борасидаги тортишувлар нисбатан орқага чекингандек бўлади.

Агар олимлар айтганидек, келаси 50-100 йил ичида сув тақчиллиги кучайса, у ҳолатда дарёлар устида ГЭСлар қуриш ёки далаларни суғориш, Оролни қутқариш режалари барчаси чиппакка чиқмайдими, деган савол туғилади.

Ҳозирча Сирдарё ўтган ҳар давлат фақат ўз манфаатларини ҳимоя қилишга уринмоқда. Аксар ҳолларда айни манфаатлар ўзаро мос тушаётгани йўқ. Дарё устидаги тортишувлар қандай якун топиши ҳам номаълум.

Бироқ шуниси аниқки, иқлим исиши кучайса ва Сирдарё манбалари тортилса, унда минтақа мамлакатлари мақсад манфаатларнинг барчаси ўз қийматини йўқотади.