'Лола' инқилобидан бугун нима қолди?

Лола инқилоби
Image caption Қирғизистон бугун "эркин бўлмаган давлатлар" рўйхатида

Минтақани ларзага солган Қирғизистондаги Лола инқилобидан беш йил ўтиб, Марказий Осиёнинг нисбатан эркин, деб келинган ягона давлати "эркин бўлмаган давлатлар" қаторидан ўрин олди.

Бугун қатор халқаро ташкилотлар Қирғизистонда демократия, инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятнинг тобора ёмонлашиб бораётганидан хавотир билдиришмоқда.

Беш йил муқаддам мамлакатдаги Лола инқилоби худди шундай шиорлар билан амалга оширилганди.

Қирғизистондаги ҳозирги вазият эса, асосли равишда ўша инқилоб идеалларидан нима қолгани, инқилобдан кутилган умидлар ўзини қанчалик оқлаганига оид саволларга замин яратаётгандек.

"Амалга ошмаган орзулар"

Ўша пайтда инқилобга етакчилик қилган айрим маҳаллий сиёсатчиларга кўра, ўз олдиларига қўйилган мақсадларнинг бирортасига эриша олишмаган.

Улар Қирғизистонда эркин ва адолатли сайловларга имкон берувчи демократик давлат барпо қилиш ниятида бўлганликлари, бироқ бугунга келиб мамлакатда "оилавий диктатура ўрнатилган"ига гувоҳ бўлиб турганликларини айтишади.

"Бугун мамлакатда демократия йўқ, сўз эркинлиги йўқ, ҳукуматга қарши гапирганлар эса қувғинда, қамоқхонада ёки чет давлатларга бош олиб кетишган," дейди Лола инқилоби етакчиларидан Анвар Ортиқов Би-би-си билан суҳбатида.

Унга кўра, Қурманбек Бакиев бошчилигидаги ҳукумат қудратга келгач, Қирғизистоннинг қийматга эга бўлган бойликлари сотиб битирилган, талон-тарожликлар сабаб бўшаб қолган давлат ғазнасини тўлдириш учун эса, аҳолига солинаётган солиқ турлари кўпайиб кетган.

Бугун қирғиз ҳукумати олиб бораётган ташқи сиёсат сабаб эса, "Қирғизистоннинг минтақадаги қолган қўшнилари билан муносабатлари орқага кетган ва мамлакат халқаро изоляцияга тушиб қолган".

Қирғизистонда амалга оширилган Лола инқилоби, ўз вақтида, минтақанинг қолган давлатларида ҳам айнан демократия билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланишига оид умидларни пайдо қилганди.

Бироқ Лола инқилоби етакчиларига кўра, орада кечган беш йил ичида Қирғизистондаги вазият ўша пайтдагисидан ҳам бир неча баробар ёмонлашган.

Жумладан, қатор Ғарб ташкилотлари яқинда мустақил матбуот воситаларига қарши босимларини кучайтиргани учун қирғиз ҳукуматини кескин танқид қилиб, уларни тинч қўйишга даъват этишганди.

АҚШ Давлат Департаменти ва бошқа инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳларининг ҳисоботларида эса, ўтган икки йил ичида Қирғизистонда журналистларга қарши зўравонлик ҳоллари ортганлиги айтилади.

Бу каби ҳисоботларда камида уч журналистнинг ўлдирилгани ва яна кўплари қўрқитилгани хусусида ҳам сўз боради.