Ўзбекистон тожик вагонларини ўтказишни бошлаган

Локомотив
Image caption Тожик расмийларига кўра, Тожикистон учун мўлжалланган юк вагонлари икки ойдан буён ўз манзилига етиб келолмаган

Тожикистон расмийларига кўра, Ўзбекистон юк вагонларининг ўз ҳудудидан Тожикистонга ўтишига рухсат берган, бироқ ҳамон юзлаб вагонлар манзилига етолмаган.

"Роҳи Оҳани Тожикистон" давлат темирйўл ширкатининг юк ташиш бўйича хизмати раҳбари ўринбосари Андрей Тропиннинг айтишича, Ўзбекистон Тожик Алюминий заводи -"ТАЛКО" ширкатига мўлжалланган алюминий ортилган вагонларни Тожикистон ҳудудига ўтқазган.

"Ўзбекистон шунингдек, озиқ-овқатлар, қурилиш материаллари ва айрим кимёвий моддалар ортилган вагонларнинг ўтишига рухсат берди. Аммо ҳамон Тожикистонга зарур товарлар чегарада ушлаб турилипти", деб айтган темирйўл ширкатининг юк ташиш бўйича хизмати раҳбари.

Жаноб Тропиннинг айтишича, манзилига етказилмаган тожик юк вагонларининг сони 900 дан ошган.

Бундан олдин Тожикистон расмийлари мамлакат учун зарур ёқилғи, баҳорги экин-тикин ишларига мўлжалланган техника ва бошқа материаллар ортилган вагонлар сабаби тушунтирилмасдан Ўзбекистон ҳудудида ушлаб турилганини айтишган.

Тожикистон расмийларига кўра, Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчиси Шоқосим Шоисломовга Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги юк вагонларининг ушлаб қолинаётгани борасида ўз норозилигини изҳор этган.

Тожик расмийлари фикрича, Ўзбекистон Роғун ГЭСи қурилишига мўлжалланган юк вагонлари ўтишига тўсқинлик қилишни истайди.

Ушбу тахминни Ўзбекистон расмийлари шарҳламаганлар, Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси расмий Душанбе норозилиги Ўзбекистон раҳбариятига етказилишини билдирган.

Тоғли мамлакат Тожикистоннинг ташқи дунёга чиқиши Шўролар Иттифоқи даврида фақат Ўзбекистон ҳудудидан ўтадиган йўллар асосига қурилган.

Пойтахт Душанбедан чиққан асосий автомагистрал ва асосий темирйўл Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларидан ўтган.

Ўзбек-Афғон чегарасидаги Термиз шаҳрига борган ҳар қандай поезд Туркманистон ҳудудига киради ва 100 километрлик масофадан кейин яна Ўзбекистон ҳудудидан ўтади.

Тожикистон шимолидаги Суғд вилояти маркази Хўжанд шаҳри ҳам пойтахт Душанбе билан Ўзбекистон ҳудудидан ўтадиган поездлар билан боғланади.

Ҳозир Тожикистон раҳбарияти Суғд вилояти орқали Қирғизистонга чиқадиган темирйўл барпо этиш ҳақида бош қотираяпти.

Аммо бугунги кунда Тожикистонинг ташқи дунёга чиқиш асосий йўли Ўзбекистон ҳудуди орқали бўлиб қолаяпти.