'Чегарада тушунтириш ишлари зарур'

Чегарачилар ва йўловчи
Image caption Ўзбек-қирғиз чегарасида охирги пайтларда зўравонликлр сони ортиб бормоқда

Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегара ҳудудлари аҳолисига чегарани кесиб ўтиш қонун-қоидаларини тушунтириш даркор, деб айтган маҳаллий ахборот воситаларида чиқиш қилган Қирғизистон Чегара хизмати раисининг муовини Чолпонбек Турусбеков.

У бу ҳақда қирғиз-ўзбек чегарасида юз берган ҳодисада бир Қирғизистон фуқаросининг ҳалок бўлиши ортидан гапирган.

Ўтган куни чегарада рўй берган ҳодисани шарҳлар экан, Чолпонбек Турусбеков воқеа юзасидан Ўзбекистон тарафи ҳозирча эътироз билдирмаганини маълум қилган.

Сўнгги маълумотларга биноан, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳодиса юзасидан текширув-тергов ишларини давом эттираётир.

Маҳаллий кузатувчилар, ҳақиқатдан ҳам, икки давлат чегарасидан турли жойларда пинҳона ўтиш ҳоллари кенг тус олганини айтишади.

Ҳуқуқий саводсизлик, айрим фуқароларнинг ўжарлиги кўнгилсизликларга олиб келаётгани эътироф этилади.

Аммо, нохуш ҳодисаларга асосий сабаб - қонуний ўтказиш масканларининг озлиги, бу масканларда соатлаб навбат кутиш зарурияти, чегарачи ва божгирларнинг ҳархашалари, дейди таҳлилчилар.

Чегара чизиғининг тўла аниқланмагани ва баҳсли ҳудудларнинг мавжудлиги ҳам нохуш ҳолларга сабаб бўлаётгани маълум.

Ҳозирда Қирғизстон ва Ўзбекистон чегарасида ўнлаб ноқонуний ўтиш жойлари мавжуд.

Ушбу "сўқмоқлар"ни аввалроқ яширин мол олиб ўтувчилар "кашф" этган бўлиб, кейинчалик, чегарадан ўтиш янада қийинлашгач, бу йўллардан кўпчилик фойдалана бошлаган.

Даллоллар, воситачилар, йўл бошловчилар хизмати пайдо бўлган.

Чекловлар ва ўтказиш тартиби кучайган сайин, контрабанда ҳам кўпаймоқда.

"Ўша йигитларга 5-6 минг ўзбек сўми берсам, ўтказиб қўйишади, Қирғизистонга келаётган ўзбекистонликлар ҳам кўпинча шундай йўл тутишади," дейди ўшлик қария Тартиба хола.

У бир халта мойли қурут билан Қува томон қатнайди.

«Ўша йигитлар» кекса аёлни аяшар экан.

Йўловчиларнинг айтишларича, чегарадан айланма йўллар билан ўтказиб қўювчилар "хизмат ҳақи"ни кейинги ойларда кескин кўтарилган.

Чегара аҳли орасида тушунтириш-тарғибот ишлари зарурлиги эса кўпдан буён таъкидлаб келинади.

Маҳаллий нодавлат ташкилотлар чегара масканларида одамлар учун оддий қулайликлар, ўзаро ҳурмат ва ишонч муҳити тузиш кифоялигини урғулайди.

"Ўшанда нохушликлар ҳам камаяр эди," дейди улар.