Қирғиз етимларини хорижликлар асрашидан ким норози?

Қирғизистонлик етим болалар
Image caption Қирғиз болаларининг чет эллик оилалар томонидан асраб олиниши кўлами борасида аниқ сон йўқ

Қирғизистонда хорижий фуқароларга етим болаларни асраб олиш вақтинча ман этилган. Мазкур тақиқлов айни дамда парламентда муҳокама қилиниши кутилаётган қонун лойиҳаси қабул қилинмагунча кучда қолади.

Қонун лойиҳасининг парламентда кўтарилишига қирғиз жамиятида, ҳамда Олий Кенгашнинг баъзи депутатларида орасида чет эллик фуқаролар қирғиз гўдакларни ноқонуний ҳолда мамлакатдан олиб кетмоқда деган хавотирлари сабаб бўлмоқда.

Мен мурожаат этган бирон расмий идора сўнгги йиллар давомида асраб олинган болаларнинг аниқ ракамини бера олмади.

Аммо, "Болаларни ҳимоя қилиш бирлашмаси" номли нодавлат ташкилот, ўзига маълум бўлган ҳолларга кўра, сўнги йилларда 70 нафарча қирғизистонлик болалар хорижга ҳужжатсиз олиб кетилганини аниқлаганини айтди.

Ҳар йили Қирғизистонда эндигина дунёга келган гўдакларнинг бир қисми туғруқхоналарда қолдириб кетилади.

Ота-онаси воз кечган минглаб гўдаклар сўнгра болалар уйларида сақланади.

Мутахассисларнинг айтишича, етимлар деб аталган 90% болаларнинг ота-оналари соғ-саломатдир. Шундай экан, улар халқ тилида "тирик етимлар" дея танилган.

Етим болалар ёши ва саломатлигига қараб турли идораларда парвариш қилиниши туфайли уларнинг аниқ сонини билиш қийин бўлмоқда.

Етим болаларни қирғизистонликлар ўғил ё қиз қилиб олиши одатий ҳол, аммо уларни асраб олиш учун ҳар йилда мамлакатга кўплаб хорижликлар келишади.

Пойтахт Бишкекнинг Октябрь тумани ҳокимиятидаги Оила ва болаларни қўллаб-қувватлаш бўлимининг бош мутахассиси Дина Исабекованинг айтишича, авваллари чет эллик фуқаролар айниқса ногирон болаларни асраб олишарди. Аммо, сўнги вақтларда ҳар қандай қирғиз боласини асраш осонлашганди.

"Қирғизистонликлар ҳам, чет элликлар ҳам бу ерда фарзанд асраб олишда биронта муаммога дуч келишмайди. Аммо, ҳозирча, янги қонун кўриб чиқилаётгани учун тақиқлов киритилди," - дейди у.

Image caption Янги қонун кучга кирмагунча, чет элликлар қирғиз болаларини асраб ололмайди

Бола асрашга интилган ота-онанинг уй-жойи, етарли даромади бўлиши шарт ва улар ўнлаб ҳужжатларни тўлдириши керак. Лекин, бу фарзандли бўлишни истаган эр-хотинлар сонига салбий таъсир кўрсатмаган.

Исабекова хонимга кўра, ўтган йилнинг ўзида фақат Октябрь туманида 40та гўдакни маҳаллий оилалар асраб олишган.

Туманнинг ўзида икки болалар уйи амал қилади. Болалар уйлари бўлмаган туманларда эса етим болани асраш ҳоллари камроқ кузатилади.

Баъзи қирғизистонликлар Ғарб давлатлари фуқаролари қирғиз гўдакларини кўп сонда асраб олиши бу болалар ўз ватанида ҳеч кимга кераги йўқдек таассурот уйғотади деб қўрқишади.

Бу ҳавотирга "Болаларни ҳимоя қилиш бирлашмаси" раиси Асал Айнидинова шундай изоҳ беради.

"Жаҳондаги иқтисодий инқироз Қирғизистон каби камқувват, нимжон мамлакатларга энг кўп зарба берган. Шунинг учун Қирғизистон аҳли етим болаларни асраб олишни истамайди. Етим болаларни боқиб, тарбиялаш борасидаги имкониятлар тўғрисида гапирсак, биздаги ва Америка ё Оврўподаги шароитларни бири-бирига солиштириб ҳам бўлмайди. Етим болаларнинг тақдири албатта хорижда ишончлироқ бўлади," - дейди у.

Яқинда Бишкекдаги болалар уйидан беш ёшли Настяни асраб олган Ирина Козлинская ҳам чет элликларнинг қирғиз болалаларини асраб олишига қарши эмаслигини айтади.

"Қирғизистонга бола асраб олишни хоҳлаб келган чет элликлар "биз шу гўдакни яхши кўриб қоламизми-йўқмикан" деб шубҳаланмайди. Улар энг аввал ўша чақалокнинг соғлом, қорни тўқ ва умуман бахтли бўлишини исташади. Ҳар кимнинг ҳаёти турли, тўғри, лекин хорижга асраб олинган болалар аксарияти бахтлидир," - дейди у.

"Бизнинг жамиятимиз етим болалар муаммосига иккиюзлама муносабат қилади. Етим болаларнинг кундалик турмуши ҳақида ҳеч ким қайғурмайди. Етимхоналарда бирон гўдак билан боғлиқ бир воқеа юз берса, ўша якка чакалоқни асраб олишни истаб юзлаб одамлар мурожаат этишади. Лекин, матбуот назоратига тушиб қолган болалардан ташқари юзлаб, минглаб етимлар бор-ку."