Тожикистонда автомобил йўлидан фойдаланиш пуллик бўлади

Тожикистондаги автомобил йўлларидан бири
Image caption Тожикистондан йўлдан пуллик фойдаланиш хизмати илк бор жорий этилмоқда

Тожикистонда биринчи марта автомобил йўлидан пуллик фойдаланиш усули жорий этилмоқда. 1 апрелдан бошлаб Душанбе-Чаноқ йўналишидаги автомашиналар эгалари ҳар бир километр учун пул тўлашларига тўғри келади.

Бир қатор одамлар шусиз ҳам аҳолининг яшаш шароити қийинлашганини урғулашади. Расмийларга кўра эса, пуллик хизмат йўллар сифатини яхшилайди.

Энди 345 километрлик Душанбе-Чаноқ йўлига чиқадиган автомобиллар машина оғирлигига кўра, ҳар бир километр учун 30 дирамдан 1 сомони 88 дирамгача тўлаб манзилга етадилар. 1 сомони 88 дирам 45 центга яқин пулни ташкил қилади.

Худди ана шу мақсадда, яъни пул теришга мўлжалланган нуқталар Варзоб, Хушери, Истиқлол, Шаҳристон, Истарафшон, Хўжанд ва Чорухда ташкил этилган.

Йўлни асрашга масъул бўлган Британиянинг "Инноветив роуд солушенз" ширкати қуйидагича тўловларни жорий этган.

Биринчи тоифага енгил автоуловлар ва 2 тоннагача юк ортган юк автомобиллари ва 19 нафаргача йўловчиси бўлган автомобиллар киради. Улар ҳар бир километрга 30 дирамдан тўлаб боришади.

Иккинчи тоифага 2-7 тоннагача юки бўлган юк автоуловлари ва 20-39 тагача ўриндиғи бўлган автобуслар киради ва улар ҳар километрга 60 дирамдан тўлаб боришади.

Кейинги тоифага 7-14 тоннагача юки ортган машиналар ва 40 дан ортиқ ўриндиғи бўлган автобуслар киритилган ва бу хил транспортлар эгалари километрига 1 сомони 50 дирам тўлашлари керак бўлади.

Ундан ортиқ юкли автомобиллар учун километрига 1 сомони 88 дирам тўлаши лозим.

Кузатувчилар бу миқдор бир қарашда кичик туюлгани билан 300 километрдан ортиқрок йўлни тўла босадиган автомобиллар учун катта маблағга тушишни таъкидлашади.

Умуман, пулли йўл хизматининг жорий этилиши мамлакат аҳолиси учун кутилмаган ҳол бўлди. Гарчи, бу ҳақда расмий бўлмаган суҳбатларда айтилган бўлса-да, давлат мамлакат аҳолисини бу ҳақда расман огоҳлантирмаган.

Тожикистон транспорт ва коммуникация вазири Олим Бобоев пуллик йўлларнинг ташкил этилиши барча ривожланаётган мамлакатлар учун долзарб масала эканини айтди. "Йулдан пулли фойдаланишга ўтиш жуда катта молиявий маблағ сарфланган ва халқаро стандартлар ва талабларга жавоб бериши керак бўлган йўлнинг ҳолатини рисоладагидек сақлашга қаратилгандир", деди Олим Бобоев.

Душанбе-Чаноқ йўли Хитойга тегишли ширкат тарафидан таъмирламоқда. Йўл таъмири учун сарфланаётган 300 миллион доллар қарзни эса, Тожикистон 20 йил давомида тўлаши керак.