Россияда марказий осиёлик ташландиқ болалар кўпаймоқда

Чақалоқ
Image caption Муҳожир оналар ташлаб кетган чақалоқлар етимхонага юборилади ёки россияликлар томонидан асраб олинади

Россия туғруқхоналарида марказий осиёлик аёллар туғиб, ташлаб кетган болалар сони кўпаймоқда. Расмий маълумотларга кўра, биргина Москва туғруқхоналарида сўнгги бир ярим ой мобайнида 90 нафар марказий осиёлик аёл ўз фарзандидан воз кечган.

Россия соғлиқ мулозимларининг билдиришларича, ўтган йили Москва туғруқхоналарида 500 нафарга яқин марказий осиёлик чақалоқ ташлаб кетилган.

Муҳожирларнинг тирик етим қолган болаларини нафақат Москва, балки бутун Россия бўйлаб учратиш мумкин. Иркутск шаҳридаги 1-чи болалар уйи шифокори Мария Иванованинг айтишича, россияликлар бу етим болаларни фарзандликка олишмоқда.

"Бугунги кунда бизда Ўзбекистан, Озарбайжон ва қозоғистонлик аёллар қолдирган етим гўдаклар бор. Биз барча чақалоқларга бир хилда, яхши муносабат қиламиз. Албатта, бу ерда узок вақт қолиб кетмасликлари учун уларни асраб оладиган оилаларни топишга ҳаракат қиламиз. Россияликлар қатори баъзан келиб чиқиши марказий осиёлик бўлган инсонлар ҳам ташлаб кетилган болаларни фарзандликка олишмоқда.", -дейди Мария Иванова.

Москвалик шифокор Расул Абдураҳмоновнинг айтишича, Россияда ҳомиладор муҳожир аёллар жиддий муаммоларга дуч келишади.

"Бундай ҳоллар Москвада жуда кенг тарқалган. Менинг ўзим Москвада туғиб, боласини ташлаб кетган бир ўзбекистонлик аёлни биламан.Чақалоқни ахлатхонадан тирик топиб олишган, аммо аёлнинг ўзи ном-нишонсиз йўқолди", -дейди шифокор.

Унинг айтишича, муҳожир аёллар болаларининг тирик етим бўлишига асосий сабаб уларнинг ҳуқуқлари таъминланмаганидир.

Шифокорнинг фикрича, муҳожир аёлларнинг сақланишни билмасликлари ҳам муаммони чигаллаштирган.

"Кўпчилик муҳожир аёллар презерватив нималигини билишмайди",- дейди Расул Абдураҳмонов.

'Мени топгин, онажон!'

Россия шаҳарларида марказий осиёлик етим болалар сони купайиб бораётгани ҳақида илк бор қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари бонг уришганди.

Қирғизистоннинг «Аружан» хайрия ташкилотидан Асинбек Эгамбердиевнинг айтишича, Россияда ташлаб кетилган болалар сони расмий рақамлардан бир неча маротаба кўп.

Унинг сўзларига кўра, Россия туғруқхоналарида, одатда кўзи ёриган марказий осиёлик аёлларга болалари унчалик соғлом эмаслигини айтиб, ташлаб кетишни маслахат беришади.

"Аёллар фарзандларидан воз кечишга мажбур бўлишади", - дейди қирғизистонлик фаол.

Унинг айтишича, мушкул аҳволга тушган муҳожир аёлларда қўрқув жуда ҳисси жуда юқори.

"Улар шифохона, элчихона расмийлари ёки ҳуқуқ фаолларига мурожаат қилишга журъат этмайдилар",- дейди Асинбек Эгамбердиев. Россиядаги тожикистонликлар жамоаси ҳам қийин аҳволга тушган муҳожирларни ҳимоя қилиш мақсадида "Мени топгин, онажон" номли хайрия жамғармасини ташкил этишган.

Ташкилот фаоллари марказий осиёлик аёлларни фарзандларидан воз кечмасликка чақиришади.

"Россияда пул ва турар-жойнинг йўқлигидан қийналган аёллар туғруқхоналарида фарзандларидан воз кечишга мажбур бўладилар. Улар ноиложликдан "туққан боламдан воз кечаман" деган тилхатни имзолашади. Лекин бунинг оқибати нима булишини билишмайди", - дейди ташкилот фаоли Мадина Йўлдошева.

Унинг айтишича, Россияда оналари ташлаб кетган болалар етимхоналарга юборилади ёки бошқа фуқаролар томонидан асраб олинади.

"Бизга жуда кўп муҳожир аёллар, "боламни туғруқхонада қолдиргандим, қайтариб олмоқчиман, ёрдам беринг" деб мурожаат қилишади", -дейди тожикистонлик фаол.

Унга кўра, воз кечиш ҳақидаги тилхатни ёзиб бергандан кейин болани топиш ва қайтариш мушкул.

Алданган ва зўрланган аёллар

Москвадаги "Муҳожирлик ва Қонун" нодавлат ташкилоти раҳбари Гавҳар Жураеванинг айтишича, сўнгги пайтларда муҳожир аёллар орасида ҳомилани олдириб ташлаш ҳоллари кўпайган.

Image caption Гавҳар Жўраевага кўра, меҳнат муҳожирлари томонидан зўрланган аёллар ҳам оз эмас

"Шу кунларда оиласи Марказий Осиёда, ўзи Москвада ишлаб юрган бир аёл бизнинг марказга мурожаат қилди, - деб ҳикоя қилади Гавҳар Жўраева. У ҳомиладор бўлиб қолган экан. Биздан ҳомиладан қутулиш учун ёрдам сўради. Олдинроқ эса, эндигина балоғат ёшига етган яна бир қиз келганди. Бу қизча марказий осиёлик муҳожир йигитлар томонидан зўрланган. Муҳожир аёллар турли сабаблар боис бундай қийин аҳволга тушишади. Баъзилари ватанидан йироқда ўз хоҳишлари билан, айримлари эса муҳожир йигитлар томонидан алданишади. Зўрланган аёллар сони ҳам кам эмас ".

Гавҳар Жўраевнинг айтишича, ҳозирда Франциянинг "Тинчлик шифокорлари" хайрия ташкилоти бундай аҳволга тушган аёлларга ёрдам беришда ҳамкорлик қилмоқда.

Ивановодаги ўзбеклар жамоаси раҳбари Салимжон Амировга кўра, Россияда фарзанд кўрган муҳожир оилалар мамлакатдан чиқиб кетишда ҳам катта муаммога йўлиқишади.

"Россияда фарзанд кўрган хориж фуқаролари ўз болаларини бу ердан олиб чиқишлари учун жуда кўп ҳужжат талаб қилинади. Одатда муҳожирлар туғруқхонада бола туғилгани ҳақида берилган справка билан ватанга қайтишга уринишади. Лекин бундай ҳужжат билан Россия чегарасидан чиқиб булмайди. Чунки туғруқхонада олинган справка билан бирга, боланинг туғилган жойидан гувоҳнома ҳам олиниши керак. Бунинг учун Ўзбекистон паспорти таржимаси ва яна элчихонадан олинган ҳужжатлар талаб этилади. Бундай ишларни бажариш муҳожирлар учун жуда мушкул", - дейди Салимжон Ашуров.

Унинг сўзларига кўра, худди шундай расмиятчиликлар сабаб ҳам айрим муҳожирлар Россияда туғилган фарзандларини ташлаб кетишга мажбур булишади.

"Бизнинг Иваново вилоятида уч ўзбекистонлик оила худди шундай муаммо туфайли ватанга қайтолмай қийналишмоқда", -дейди Ивановодаги ўзбеклар раҳбари. Айни пайтда айрим муҳожир аёлларнинг ҳомиладан кутулиш йўлида ноқонуний ишларга қўл уриш ҳоллари ҳам учраб туради.

Бундан икки йил бурун Екатеринбург шаҳрида 4 ойлик фарзандини сотишга уринган ўзбекистонлик аёл ва унинг опаси 6 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилганди.

Россияда шунингдек, муҳожир аёлларнинг янги туғилган болаларни ўлдириш ҳоллари ҳам қайд этилган.

Кузатувчиларга кўра, Марказий Осиё ҳукуматлари муҳожир аёлларнинг тақдири ҳақида қайғурмас эканлар, вазиятни ўнглаб бўлмайди.

Нодавлат ташкилотлари Россия ҳукуматини ҳам муҳожир аёллар ва уларнинг болалари тақдирига кўпроқ эътибор қаратишга чақиришмоқда.