Қамоқдан қочган икки ўзбекистонлик маҳкум этилди

Россия
Image caption Россия матбуоти муҳожирлар орасида жиноятчиликнинг кўпаяётгани ҳақида ёзади

Россиянинг Тюмен шаҳар маҳкамаси ўтган йил ноябрида манзил колониясидан қочган икки ўзбекистонликни қамоқ жазосига маҳкум этган. Улар ватанларига қайтишдан қўрқиб, қамоқдан қочганлари айтилади.

Тюмен вилоят прокуратураси тарқатган хабарда айтилишича, 31 ёшли Анвар Ботиров ва 24 ёшли Бахтиёр Рўзиматовлар ўтган йилнинг 5 ноябр куни тунда Тюмендаги манзил колониясидан қочишга муваффақ бўлганлар.

Расмий хабарга кўра, Бахтиёр Рўзиматов ўтган йил сентябрида ҳокимият вакилига куч ишлатишда айбдор, деб топилган, Ботиров эса ўғирликда айбланган.

Ҳар икки шахс олти ойга озодликдан маҳрум этилган.

2009 йил ноябрида Ўзбекистонга депортация қилиниш ҳақидаги қарор билан таништирилган маҳбуслар ватанларига қайтмаслик учун манзил колониясидан қочгани айтилади.

Хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, икки маҳбус 15 ноябр тунида деворни болта билан тешиб, ўзлари яшаб турган вагончадан чиқишган ва баландлиги 8 метрлик ётоқхонадан чойшабга осилиб, кўчага тушганлар.

Қочоқ маҳбуслар ўтган йил декабридаги тезкор қидирув амалиёти натижасида қўлга олинган.

Тюмен шаҳар Калинин округ маҳкамаси ўзбекистонликларни Россия Жиноят Кодексининг 313-банди, "жазони ўташ муассасидан қочиш"да айбдор, деб топган.

Анвар Ботиров бир йилу ўн ой, Бахтиёр Рўзметов эса, икки йилу бир ойга озодликдан маҳрум этилган.

Тюмен вилоят прокуратураси Ботировнинг жазони умумий, Рўзиматовнинг эса қаттиқ тартибдаги колонияда ўташини маълум қилган.

Хабарларга кўра, ҳар икки маҳбус Россияга ишлаш учун борган меҳнат муҳожирлари бўлишган.

Муҳожирлар ва жиноятчилик

Россия матбуоти мамлакатда жиноятчилик даражасининг ошиб кетишида ноқонуний меҳнат муҳожирларининг ҳиссаси катта экани ҳақида ёзади.

Санкт-Петербург шаҳар кенгашининг қонунчилик қўмитаси раиси Леонид Богдановга кўра, шу йил 1 мартига қадар содир этилган 1707 жиноятнинг 1622 таси меҳнат муҳожирларига тўғри келади.

Мулозимга кўра, Россиядаги жорий иқтисодий вазият манзарасида муҳожирлар томонидан содир этилаётган жиноятлар долзарб муаммога айланган.

Ўтган йили Москва мэри Юрий Лужков ҳам пойтахтда жиноий вазиятнинг ёмонлашишида муҳожирларни айблаганди.

Аммо шу ой бошларида Россия Федерал муҳожирлик хизмати раҳбари Константин Ромодановский муҳожирлар томонидан жиноят содир этиш ҳолларининг кўпайгани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Унга кўра, кўпинча бошқалар томонидан содир этилган жиноятлар ҳам муҳожирларга тўнкалмоқда.

Жаноб Ромодановскийнинг айтишича, Россиядаги хорижий фуқаролар йилига 50 минг жиноят содир этишади, россияликлар эса қарийб уч миллион.

"Россиядаги жиноятларнинг 95 фоизи Россия фуқаролари томонидан содир этилади", деб айтган Федерал муҳожирлик хизмати раҳбари.

Интерфакс хабар агентлигининг жаноб Ромодановскийдан иқтибос келтиришича, "муҳожирларга қарши кайфиятларни қўзғаётганлар Россиянинг обрўси, қолаверса, иқтисодига зарар етказишмоқда".

Жаноб Ромодановскийнинг айтишича, ноқонуний меҳнат муҳожирлари умумий муҳожирларнинг 2 фоизини ташкил этади, холос.