Бан Ки Мун Ўзбек миналарини 'қабул қилиб бўлмас' деб атади

Мина
Image caption Тожик расмийларига кўра, Ўзбек-Тожик чегарасида 80 нафар атрофида Тожикистон фуқароси нобуд бўлган

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ҳали хатлаш ёки демаркация ишлари якунланмаган чегараларда Ўзбекистон пиёдаларга қарши мина ўрнатганини "қабул қилиб бўлмас" дея қоралаган.

"Бунчалик кўп одам қурбон бўлгани жуда ҳам қайғули, мутлақ қабул қилиб бўлмас аҳвол", деб айтган жаноб Пан Тожикистонга сафарини якунлар экан.

1999 йилги Тошкент портлашларидан кейин Ўзбекистон ўзининг Тожикистон ва Қирғизистонга туташ сарҳадларида миналар ўрнатган, бу амал Ўзбекистондаги конституцион тузумни ағдаришни мақсад қилган исломий жангариларнинг мамлакат ичкарисига кириши олдини олиш мақсадида қилингани айтилган.

Ўзбекистон тарафи бу миналарни ўзининг ҳудудига жойлаштирганини айтган.

Бироқ Тожикистон томони ҳали икки мамлакат орасидаги чегаралар тўла аниқланиб, белгиланмасдан бурун миналаштириш нотўғри бўлганлигини такрорлайди.

Орадаги йиллар мобайнида Тожикистон расмийларига кўра, 80 нафарча тинч фуқаро ё ўти теришга чиқиб ё молларни боқиб юриб минада портлаб ҳаётдан кўз юмган, 80 дан зиёд инсон жароҳатланган.

Шу пайтгача бирорта жангари минага йўлиққани хабар қилинмаган.

Ўзбекистоннинг ҳам Самарқанд вилояти, Қашқадарё вилояти тоғ ҳудудларида тинч фуқаролар портлаб нобуд бўлгани тасдиқланган, аммо Ўзбекистон расмийлари чегарани миналаштирганларидан кейин нобуд бўлган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида бирор марта гапирмаганлар.

Яқинда - ўтган йилнинг ноябрида Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчиси Шоқосим Шоисломов Би-би-си билан суҳбатда 2 йилча илгари айрим чегара ҳудудлари миналардан тозаланганини айтган, жаноб Шоисломов Афғонистоннни назарда тутиб, "қўшни мамлакатда беқарорлик, хавф-хатар мавжуд экан, токи афғон-тожик чегараси орқали Тожикистон ҳудудига ва Тожикистон орқали Ўзбекистонга турли гуруҳлар кириши хавфи бор экан, бу масала очиқ қолдирилади", деб айтганди.

БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг ушбу баёноти Ўзбекистоннинг чегарага мина ўрнатгани борасидаги биринчи халқаро миқёсдаги қоралов бўлди.

Бу мавзуда батафсилроқ