HRW: 'Қирғизистондаги зўравонликлар сабаби ўрганилиши лозим'

"Хьюман Райтс Вотч" халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиши ташкилотининг айтишича, имконият бўлиши билан Қирғизистонда ўнлаб инсонларнинг қандай шароитда ўлдирилганликлари сабаби ўрганилиши лозим.

Халқаро ташкилотнинг сўнгги баёноти Қирғизистонда камида 65 кишининг умрига зомин бўлган қонли тўқнашувлар ортидан эълон қилинган.

"Хьюман Райтс Вотч"нинг урғулашича, инсонлар намойишчиларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари ёки хавфсизлик кучлари томонидан ҳаддан зиёд куч қўлланиши оқибатида қурбон бўлганликлари ёки йўқлиги аниқланиши керак.

Чоршанба кунги ғалаёнларда бир неча юз кишининг жароҳат олганлиги ва уларнинг ҳозир касалхонада эканликлари ҳам хабар берилганди.

Кеча кун давомида олинган хабарларда қирғиз куч тизимлари томонидан намойишчиларга қарата ўт очилгани ва айрим намойишчиларнинг қўлларида ҳам қуроллари борлиги айтилганди.

Қонли тўқнашувлар манзарасида ҳали ўз истеъфосини эълон қилмасидан аввал қирғиз ҳукумати мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон этганди. Унинг ҳануз кучдами ё йўқлиги маълум эмас.

Халқаро ташкилот, айниқса, фавқулодда вазият пайтида мамлакатни назорат этаётган сиёсатчилар кишиларнинг энг асосий ҳуқуқлари кафолатини таъминлашлари лозимлигини баён қилади.

"Буларнинг сирасига инсонларнинг яшаш, эркинлик ва шахсий хавфсизликларининг таъминланиши, адолатли маҳкамага имконият ва қийноқларнинг тақиқланиши каби ҳуқуқлар киради," дейди ўз баёнотида HRW.

"Ҳатто тало-тўплар ёки тартибсизликлар чоғида ҳам қудратда бўлганлар инсонларнинг энг фундаментал ҳуқуқларига риоя этишга масъуллар," дейди "Хьюман Райтс Вотч".

Доим барча тинч воситалар ишга солиниши лозим

Халқаро ташкилот ўз баёнотида БМТнинг ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қачон ва қандай шаклда куч қўлланиши мумкинлигига оид асосий тамойилларидан ҳам мисол келтирган.

Унда ҳуқуқ-тартибот ходимлари қуролларни ишга coлишдан аввал барча тинч воситалардан фойдаланишлари, имкон қадар куч қўллашдан тийилишлари ва вазиятнинг қанчалик жиддий эканига мувофиқ иш тутишлари лозимлиги айтилади.

Нарх-навонинг кўтарилиши, Қирғизистонда чуқур илдиз отган коррупция ва мухолифат лидерларининг ҳибсга олинишларига қарши норозилик намойишлари аввалига Қирғизистоннинг шимолий-ғарбий Талас вилоятида, сўнгра мамлакатнинг яна қатор шаҳарларида кузатилганди.

Намойишчиларнинг ҳокимият биносини забт этишлари ортидан намойишлар жиддий тус олган, чоршанбага ўтар кечаси камида 11 нафар мухолифат раҳбарининг ҳибсга олиниши қонли тўқнашувларга олиб келганди.

Жорий пайтда ҳибсдаги барча мухолифат раҳбарлари озод этилишган.

Халқаро ташкилот қирғизистонлик масъулларни фавқулодда вазиятдан фойдаланиб, бекордан бекорга ахборот эркинлиги ёки мустақил кузатувчиларнинг Қирғизистонга киришларини чекламасликка ҳам даъват этган.

Баёнотда, шунингдек, икки кунлик зўравонликлар ортидан Қирғизистонда тартиб ўрнатиш ҳаракатида бўлган бугунги сиёсатчилар ҳам инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишлари лозимлигини ёдда тутишлари кераклиги таъкидланади.