Россия Қирғизистондаги иншоотлари ҳимоясига киришган

Россия Президенти Дмитрий Медведев мамлакатининг Қирғизистон ҳудудидаги барча дипломатик, ҳарбий ва бошқа иншоотлари хавфсизлигини мустаҳкамлашга буйруқ берган.

Россия Бош вазири Владимир Путин муваққат ҳукумат раҳбари Роза Отунбоева билан бўлган телефон суҳбатида мамлакатининг Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдами беражагини билдирган.

Кеча Кремль Қирғизистондаги ҳодисалар ортида Россия тургани ҳақидаги баъзи хабарларни рад этганди. Расмий Москванинг билдиришича, президент Дмитрий Медведев ва Бош вазир Владимир Путин Қирғизистондаги воқеалар борасида мунтазам хабардор этилмоқда.

Прагада Россия президентига ҳамроҳлик қилаётган юқори мартабали мулозим махфийлик шарти остида Манасдаги АҚШ базаси ёпилиши кераклигига ишора қилган.

"Қирғизистонда битта - у ҳам бўлса, Россия базаси бўлиши лозим," деб айтган россиялик мулозим.

Қирғиз муваққат ҳукуматининг нуфузли мулозими ҳам АҚШ ҳарбий базаси ижара муддати қисқартирилиши эҳтимоли юқори эканини айтган.

"Бакиевни кетказишда Россия ўз ролини ўйнади," деган Ўмурбек Текебаев.

Айни вақтда кузатувчилар ҳозирги туқнашувлар Қирғизистон ва Россия муносабатлари совуқлашган бир пайтда кечаётганига ишора этишади.

Уларга кўра, охирги пайтларда расмий Бишкек олиб борган сиёсат Кремлда қаттиқ норозилик уйғотган.

Президент Қурмонбек Бакиев АҚШ ҳарбий базасини ёпишга қарор қилганига қарамасдан, Америка ҳарбийларининг базада қолдирилгани, кузатувчилар фикрларича, Кремлни қаттиқ ғазабга келтирган.

Чунки қирғиз ҳукумати Россиянинг молиявий ёрдамга оид ваъдаси ортидан "Манас" базасини ёпиш қарорига келгани айтилганди.

Ўтган йил ёзида Москва Бишкекка икки миллиард доллардан кўпроқ имтиёзли кредит ва бошқа молиявий ёрдамларни ажратишга ваъда қилганди.

Россия Қирғизистонга 150 та ҳарбийсини жўнатди

Расмийларга кўра, Қирғизистон ҳудудидаги Россия дипломатик ва бошқа идоралари, ҳарбий иншоотлари хавфсизлигини кучайтириш мақсадида 150 та ҳарбий десант Қирғизистоннинг Кант ҳарбий базасига юборилган.

Аввалроқ Дмитрий Медведев яна бир бор ҳар икки томонни зўравонликлардан тийилиш ва қон тўкилишига йўл қўймасликка чақирганди.

Ўз навбатида, Россия Бош вазирининг матбуот воизи Дмитрий Песковнинг айтишича, Владимир Путин қирғиз муваққат ҳукумат раҳбари сифатида Роза Отунбоева билан телефон орқали суҳбатлашган.

Россия Бош вазири матбуот воизининг билдиришича, "Отунбоева хоним Владимир Путинга Қирғизистондаги вазият бутунлай ўз назорати остида экани ва мамлакатдаги оғир иктисодий вазият боис мамлакати иқтисодий ёрдамга муҳтож эканлигини"ни айтган.

Бунга жавобан жаноб Путин ҳам, "Ҳар икки мамлакат орасидаги хос муносабатдан келиб чиқиб, Россия ҳар доим Қирғизистон халқига ёрдам бергани ва бундан кейин ҳам инсонпарварлик ёрдами беришга тайёр," эканини айтган.

Кеча чоршанба куни Владимир Путин Қирғизистондаги воқеаларда Москванинг қўли борлигига оид гумонларни рад этиш қатори, президент Қурмонбек Бакиев ҳам собиқ президент Асқар Акаев хатоларини такрорлаганига ишора этганди.

"Қирғизистондаги воқеаларга на Россиянинг, на каминанинг ва на Россия расмийсининг бирор алоқаси йўқ. Шахсан мен учун учун ушбу воқеалар кутилмаган ҳол бўлди. Лекин, шу билан бирга, бир нарса менинг ёдимда: Бакиев жаноблари ҳокимиятдан ағдарилган президент Акаев ўрнига қудратга келганида, Асқар Акаевни оилавий тарзда ҳокимиятни бошқарганликда кескин танқид қилганди. Назаримда, Қурмонбек Бакиев ҳам собиқ президент Акаев тушган тузоққа илинмоқда," деб айтганди Бош вазир Владимир Путин.